Англия футболи афсонаси Дэвид Бекхэм ҳам Яқин Шарқ, умуман, араб дунёси ҳудудида ўтказиладиган дастлабки жаҳон чемпионати стартини сабрсизлик билан кутмоқда.

Англия футболи афсонаси Дэвид Бекхэм ҳам Яқин Шарқ, умуман,  араб дунёси ҳудудида ўтказиладиган дастлабки жаҳон чемпионати стартини сабрсизлик билан кутмоқда. Фаолияти давомида 3та мундиалда қатнашган ва гол урган 46 ёшли собиқ ярим ҳимоячи - охирги 10 йилдан буён Қатарнинг доимий меҳмони. Демак, у бу мамлакатда ҳисоб бўйича 22-халқаро футбол форумига қандай тайёргарлик кўришгани (кўришаётгани)ни яхши билади. Бекс жумладан, бўлажак мундиалнинг финал босқичига қуръа ташлаш маросими арафасида махсус интервью бериб, Англия термасининг реал имкониятларига тўхталди. У шунинг баробарида ноябрь - декабрь ойлари Қатарга саёҳат мухлисларга нима беришини аниқ тасвирлашга ҳам уринди.

- Мана, Қатар-2022 старти тобора яқинлашмоқда. Турнирга қуръа ташлаш маросими футболчилар ва мухлислар учун қанчалик муҳим?

- Тушунарлики, ҳар икки томон ҳам қуръа натижаларини доимо орзиқиб кутади. Хусусан, футболчилар кимларга дуч келиш ва қандай тайёргарлик кўриш кераклигини билишга қизиқишади. Оддий айтганда, қуръа жараё­ни таъсирида футболчилар ҳам, мухлислар ҳам жаҳон чемпионати старти яқинлашиб қолгани, ҳаяжон кучаяётганини теранроқ ҳис қилишади.

- Бизни олдинда Яқин Шарқ ва араб дунёсида ўтказиладиган биринчи жаҳон чемпионати кутмоқда. Мундиал араб дунёси учун қанчалик муҳим?

- Тушунарлики, навбатдаги ЖЧ айниқса, Қатар ва унинг аҳолиси учун илҳомлантирувчи байрам ҳисобланади. Ҳар доим жаҳон чемпионатининг Қатарга қолдирадиган мероси ҳақида гапиришни хуш кўраман. Умуман, бўлажак мундиалнинг бутун дунёга таъсири катта. Футбол форуми мезбон мамлакатга аввало, нима беради? Халқни руҳлантирувчи лаҳзалар! Бўлажак мусобақа Қатар учун мамлакатнинг футболга, ўз тарихи ва маданиятига нисбатан муҳаббатини кўрсатиш имкониятидир. Энг машҳур спортчиларнинг Қатарга ташриф буюришлари нафақат мамлакат, балки бутун минтақага унутилмас лаҳзалар тақдим этади.

- Қатардаги стадионларнинг бир-бирига яқинлиги футболчиларга қандай наф беради?

- Бу - катта қулайлик. Муайян жамоа автобусда кўпи билан 40-45 дақиқа масофа босса, бас. Ўз тарихимдан айтсам, мен қатнашган мундиалларда ўйинлар ва сафарлардан тикланишга 2-3 кун кетарди. Қатар шу масалада футболчиларга идеал шароитларни кафолатлайди.

- Турнирнинг кўплаб мамлакатларда мавсум энг қизийдиган ноябрь - декабрь ойларига белгилангани борасида нима дея оласиз?

- Биз - англиялик футболчилар ҳар бир ЖЧга дунёнинг энг қийин лигаларидан бири саналган АПЛдаги машаққатли мавсумдан кейин борганмиз. Тушунарлики, узун мавсум охирида табиий равишда чарчайсиз ва тикланишингиз учун вақт керак бўлади. Бу сафарги мундиал эса мавсум ўрталарига тўғри келмоқда. Шундай экан, нафақат англияликлар, балки бошқа жамоалар вакиллари ҳам турнирга энг яхши спорт формасида киришиш имкониятига эгалар.

- Демоқчисизки, футболчиларнинг кучга тўла ҳолатда келишлари бевосита савияга таъсир қилади...

- Шубҳасиз. Ўзи ЖЧ вақти ҳамма доимо юқори стандартлар кутади. Лекин мавсум ўртасида савия янада юқори бўлишини бемалол тахмин қилиш мумкин. Об-ҳаво масаласида муаммо бўлмаслигини айтмоқдалар. Шунингдек, стадионлардаги шароитлар ҳам фантастика даражасида - мухлислар вақтни яхши ўтказишади. Барчаси мукаммал ҳолатда.

- Хўш, турнирда Англия терма жамоасидан нима кут­япсиз?

- Доимгидек, жамоадан умидим катта. Мухлисларимиз ҳам жиддий натижага кўз тикишмоқда - бу табиий ҳол. Гарет Саутгейт ақл бовар қилмас кўламда иш бажарганини эътироф этишим жоиз. Ихтиёримизда бир неча йилдан буён шаклланаётган ҳамжиҳат жамоа бор. Энди таркибга нисбатан «ёш» иборасини ишлатиш ўринсиз. Тўғри, кўплаб йигитлар Гарри Кейн каби ижрочилар билан ўйнаш тажрибасига эга бўлишса-да, чиндан ҳам, ҳали анча ёшлар. Ҳозир бўлажак турнир биз учун ҳақиқий имконият эканлигини ҳис қилиб турибман. Муҳими, жамоамиз чемпионатга яхши ҳолатда яқинлашмоқда. Йигитлар буёғига ҳам бўшашмасалар, бас.

- Сизнингча, бугунги Англия термасида асосий ижрочи ким?

- Гарри Кейнни эътироф этаман. Ҳар ҳолда, у жамоа етакчиси, сардори ва тўпурари. Айнан Гарри каби йигитларнинг Қатарга энг юқори савия­да боришлари жамоамиз учун жуда муҳим.

- Англия миллий жамоаси анчадан буён ЖЧ-2022 фаворитлари қаторида тилган олинмоқда. Қизиқ, сиз айнан қайси жамоаларга асосий рақиблар сифатида қараяпсиз?

- Жаҳон чемпионати ҳақида сўз очилса, ўз-ўзидан аввало, Бразилия, Аргентина ва Франция термалари хаёлга келади. Булар - кўплаб йирик турнирларда ғолиб чиқиш тажрибасига эга буюк жамоалар. Мен фаворитлар қаторида кўришни истаётган яна бир куч бор - Дания термаси. Менимча, данияликлар кутилмаган совғалар улашишлари мумкин. Дания термасида юқори кайфият ҳукмрон - яхши устунлик. Қолаверса, бу жамоа йирик турнирларда муносиб иштирок этиш формуласини билади. Шунингдек, мезбон - Қатар термасини амалда кўришга илҳақман. Мезбонларда анчадан буён бирга шуғулланаётган ёш футболчилар бор, улар бир-бирларини яхши билишади. Ўйлайманки, стадионлардаги муҳит ҳам қатарликларни фақат олдинга ундайди.

- Қатар сафарига ҳозирлик кўраётган мухлисларга нима дейсиз?

- Уларни ажойиб саёҳат ва тажриба кутмоқда. Олдин мухлислардан ўйинлар оралиғида бир шаҳардан иккинчисига етиб олиш талаб этиларди. Қатарда эса кунига бемалол 2та ўйинни бевосита стадионда кузатиш имконияти бор. Шу маънода айтсак, турнир жуда ихчам. Ўйлайманки, Қатар таклиф қилаётган нарсалар мухлисларга ёқади: мазали миллий таомлар, меҳмондўстлик, шарқ гўзаллиги ва ҳоказо...

МУҲАММАДХОН тайёрлади

 


 

Манба: interfutbol.uz

Пўлатов Мухаммадхон

Involved in this affair, He trusts to you how the Dodo solemnly, rising to its feet, 'I move that.