Мана, ниҳоят чиқди ҳам. Хўш, узоқ кутилган турнир нимаси билан эсда қолади? Интервью ва узр сўрашлар биланми? Бир қарасангиз, Кападзенинг нотўғри тушунишаётган, Файзуллаевнинг сўзлари буриб юборилаётган ёки Жалолиддиновнинг бир ой олдинги интервьюсини юзага олиб чиқишаётган... Балки футболчиларни Олимпиадага бошқа олиб бормаслик керакдир? С - сарказм (киноя).
Энди жиддийлашсак. Гапни футболчилар чиндан ҳам, бошқача шароитларда яшаш ва ўйнашга ўрганиб қолишганидан бошлаш керак. Мана, Темур Кападзе маъмур Францияга борганини, лекин унга зарур аккредитация берилмаганини айтди. Ўзи яна қандай жамоаларда маъмур бор? Спортдаги иш тажрибамдан айтаман: Москва аэровокзали ва Пекин аэропортида икки марта тунаб қолишимга тўғри келган, зеро, хизмат сафари бюджетига транзит меҳмонхона харажати киритилмасди. Ҳар икки ҳолат эса баскетбол жамоалари билан боғлиқ. Моҳиятан биз ўриндиқларда ухлардик. Ваҳоланки, Пекиндаги ҳолат Шанхай мезбонлик қилган Осиё чемпионатига, миллий баскетбол учун асосий турнирга бораётган паллада кузатилган. Футболчилар билан эса ҳеч қачон бундай ҳолатга дуч келмаганман. Мисол учун, ЖЧ саралаши ўйини учун Хитой Тайпейига учганимизда, Бангкок аэропорти меҳмонхонасидан жой буюртма қилгандик. Футболчилар бошқа спорт турлари вакиллари билан учрашадиган ягона жой - атлетлар шаҳарчаси. Илгари бунақаси фақат Осиё ўйинларида кузатилганди, жорий йил эса Олимпиадада шундай бўлди.
Айни шу нуқтада футболчилар ўрганиб қолган одатий шаблон бузилади. Фақат айнан атлетлар шаҳарчасида. Дейлик, мураббийнинг айтишича, Миср термасига қарши ўйин олдидан жамоа истиқомат қилган Нантда шароитлар яхши бўлган, буни футболчилардан ҳам эшитдик. Қисқаси, барча муаммолар Парижда кузатилган. Қолаверса, тушунишимча, муаммолар асосий делегация етиб боргунича ҳам мавжуд эди. Ҳар ҳолда, кейинчалик спортчиларга сифатли озиқ-овқатлар етишмагани маълум бўлгач, Ўзбекистон делегацияси раҳбарияти тегишли чораларни кўриб, қўшимча таомлар билан таъминлаган. Умуман олганда, кўпчилик Париж Олимпиадасида овқатланиш масаласида муаммолар юзага келгани ҳақида гапирмоқда. Фақат ўзимизникилар эмас. Хорижликларнинг ёзишларича, ташкилотчилар олимпия қишлоқи таомномасини 60 фоизга вегетариан таомлар билан тўлдиришган. Менинг танишларим орасида ҳам 60 фоиз вегетариан чиқиши даргумон, олимпия шаҳарчасида эса калорияга муҳтож спортчилар яшашади. Улар орасида вегетарианлар шунчалик кўпми?
Аслида футболчиларимизга қойил қолишимиз керак, улар ўта баланд овозда эътироз билдиришгани йўқ. Футболчиларни танқид қилишга Аббос Файзуллаевнинг Россия ОАВга берган интервьюси тиргак бўлди. Аммо масалан, «Спорт-Экспресс» сайтида бу ҳақда нималар ёзилганига қаранг: «Файзуллаев Олимпиададаги шарт-шароитлар ёқмаганини айтди: «Таом унча яхши эмас»
- Олимпиада қандай экан?
- Бу яхши тажриба.
— Олимпиададаги шароитлар қандай экан?
— Шароит унча яхши эмас.
- Таомлар қандай экан?
- Унча яхши эмас.
Ҳа, сарлавҳада Аббос айтганидан кўпроқ сўз бор. Аммо ҳозир матндан кўра, сарлавҳага кўпроқ эътибор қаратишади. Хуллас, шу кичик интервью тарқалиб кетди ва реакция бошланди: жавоб интервьюлари, ижтимоий тармоқларда постлар. Шу шартмиди?
Энди маъмурга қайтсак. Темур Кападзе эътирозини тушунаман, лекин асосий «заявка»да маъмур учун жой топилмагани эмас, балки бош мураббийнинг ўзи машғулотлар вақти сув излашга мажбур бўлгани учун. Чиндан ҳам, нега бошқалар сув излашмаганини тушунмаяпман. Масалан, менежер. Ахир у керакли аккредитация олган-ку... Умуман олганда, Олимпиадада аккредитациялар миқдори оғриқли мавзу. Бу ҳақда ОЎ бошида ёзгандим. Футбол жамоасида бўлиш имконини берувчи атиги 7та аккредитация тақдим этилади. Менга одамлар Парижга борган яқинлари дастлаб аккредитация ололмаганликлари ҳақида ёзишди. Тушунишимча, нафақат маъмур, балки мураббийлар штаби аъзолари ҳам шундай муаммога юз тутишган. Аммо аккредитация учун «еттилик рўйхати»га кимлар киритилиши масаласида жамоа раҳбариятига мурожаат қилиш керак. Темур Тоҳирович эса бу жараёнда ўз сўзини айтиш ҳуқуқига эга бўлган, менимча. Билишимча, аккредитация масаласи кейинроқ ҳал этилган ва якунда ҳаттоки, делегациянинг қўшимча аъзолари жамоага шу қадар яқин ўтиришдики, Осиё кубоги ёки жаҳон чемпионатида ҳам бундай бўлмаган.
Атлетлар шаҳарчасида яшашга келсак, Кападзенинг шахсан ўзи футболчилик давридан бундай тажрибани билади. 2006 йили Дохада бўлиб ўтган Осиё ўйинларида бутун футбол жамоасини 2та беш хонали квартирага жойлаштиришганди. 4та ётоқхонада 3тадан каравот, ошхонада яна 2та. Оддий айтганда, 1та квартирада 14 киши турганди. Биз 25 киши эдик, Ўзбекистон МОҚ вакиллари эса ортиқча жойни банд қилмаслигимизни сўрашди: «Бу ерда шахматчилар яшашади. Рустам Қосимжонов ва яна икки киши». Қосимжонов 2006 йили миллий спорт юлдузи эди. Собиқ бўлсада, шахмат бўйича жаҳон чемпиони! Шунда беихтиёр ўйладим: «Яхши-ку. Футболчилар учун қизиқарли қўшни». Бизда ёш, лекин амбицияси кучли жамоа йиғилганди: Нестеров, Денисов, Гейнрих, Анзур Исмоилов, Азиз Ҳайдаров... 3 нафар «қария» эса - айнан Кападзе, Жепаров ва Асрор Алиқулов. Эътиборлиси, бир хонада 3 киши яшаган, ҳеч ким шикоят қилмаган.
Асосий делегацияни аэропортда кутиб олишга ёрдам бериш учун борганимда, шахматчи Алексей Барсовни кўриб, у билан мулоқотга киришдим:
- Билишимча, сиз биз билан битта квартирада яшайсиз.
- Қанақасига?
- 1та хонада уч кишимиз.
Барсов озгина узоқлашди ва Қосимжонов билан маслаҳатлашгач, олдимга қайтиб келди:
- Йўқ, бир хонада уч киши яшамаймиз.
- Буни мен ҳал қилмайман. Ушбу масала бўйича раҳбарият олдига боришингиз керак.
Якунда Қосимжоновни алоҳида хонага жойлаштиришди. Айтмоқчиманки, Олимпиада ёки Осиё ўйинларидаги яшаш шароити футболчилар (маълум бўлишича, шахматчилар ҳам) ўрганиб қолган ҳолатдан кескин фарқланади. Аммо доим шундай бўлган ва кейинчалик ҳам шундай бўлади. Ўз навбатида, Олимпиада ўйинлари гўзаллиги ҳам шу - спортчилар бир оиладек яшашади.
Алишер НИКИМБАЕВ, «Футболиум»