Аниқроғи, миллий жамоамиз сардори 80-дақиқада захирадан сафга қўшилди. Умуман олганда, ҳафта давомида Шомуродовни «Болонья»га ўтишига боғлиқ хабарлар кети узилгани йўқ. Ҳаттоки, трансфер тафсилотлари ҳам баён этилди. Хусусан, таниқли инсайдер Николо Скира «Болонья» ҳужумчимиз билан келишиб олганию, душанба куни расман шартнома тузиши ҳақида хабар берди. Унда болоньяликлар Элдорни аввалига бир мавсум ижара келишуви асосида ўйнатишлари, кейин трансферини тўлиқ сотиб олишлари айтилди. Ҳамюртимиз «Болонья» сафида 8тадан ортиқ гол урса, мажбурий сотиб олиш банди кучга кириши, трансфер суммаси эса 9 миллион еврони ташкил этиши маълум қилинди. Foot Mercato нашри журналисти Санти Ауна ҳам «Твиттер»да футболчимизнинг кейинги манзили сифатида «Болонья»ни кўрсатди. Фақат унинг маъломотида трансфер суммаси бироз баланд - 11 миллион евро. Calciomercato ҳаттоки, Элдорнинг «Болонья»да қанча маош олишини ҳам эълон қилди - йилига 2 млн. евро. Бироқ бу клуб спорт директори Жованни Сартори «СЭ» журналисти билан суҳбатда барчасини рад этди: «Рома»нинг Шомуродовни «Болонья»га сотиши ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Биз Элдорни харид қилмоқчи эмасмиз».
«Спартак» президенти Леонид Федуннинг собиқ маслаҳатчиси Франкот Камоццининг фикрича, Шомуродов бошқа чемпионатга йўл олиши керак: «Афсуски, Элдор Италияда айрим муаммоларга дуч келяпти. Демак, бошқа чемпионатга йўл олиши керак. Менимча, Элдор ўйин услуби бўйича Греция лигасига тўлиқ мос тушади». «Спартак»нинг собиқ бош мураббийи Массимо Каррера эса ҳамюртимизга «Сассуоло»да ўзини кўрсата олишига ишонч билдирди. «Тўғриси, ўтган мавсум Элдорнинг ўйинларини кам кўрдим. Менимча, унга энг яхши вариант - «Сассуоло». Чунки бу жамоа ёрқин ҳужумкор футбол намойиш қилади. Ҳужумчининг шундай жамоада ўзини кўрсатиши анча осон. Қолаверса, «Сассуоло» ҳозир яхши тўпурарга муҳтож», - деди италиялик мутахассис. Умуман, ўзбекистонлик футболчини «Болонья» ва «Сассуоло»дан ташқари, «Монца», «Вулверхэмптон» (Англия) ва «Ал-Ҳилол» (Саудия Арабистони)га ҳам «бичишди». Охирги маълумотларга қараганда, «Трабзонспор» ҳам Элдор учун курашга қўшилди. Sabah.com.tr хабарига кўра, турк клуби «Рома» билан Шомуродов трансфери борасида музокара ҳам бошлади.
Беларусь. «Энергетик-БГУ» ҳужумчиси Бобур Абдухолиқов Европанинг икки клуби эътиборида турибди - «Сочи» (Россия) ва «Ганновер» (Германия). Бундеслига клуби ҳужумчини қишга қадар кузатиб, январда таркибига қўшиб олиши мумкин. «Сочи» ва «Ганновер» вакиллари «Энергетик»нинг «Витебск»ка қарши ўйинида ҳужумчимиз ҳаракатини амалда кўришди ҳам. Муҳими, Бобур Беларусь Олий лигаси 16-туридан ўрин олган мазкур сафар учрашувида 2та гол (1таси пенальтидан) ва 1та самарали узатма қайд этган ҳолда клубининг 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишига сезиларли улуш қўшди.
Россия. Ҳожимат Эркинов «Торпедо»да илк марта бошланғич таркибга кирди ва тўлиқ вақт майдонда ҳаракатланди. Бироқ Москва клуби ўз майдонида «Химки»га 1:3 ҳисобида ютқазди. Шунингдек, Иброҳимхалил Йўлдошевнинг голи «Пари НН»га наф келтиргани йўқ - Нижний новгородликлар сафарда «Сочи»га ютқазишди (1:2).
Туркия. Отабек Шукуровнинг «Қорагюмрюк»даги дебюти омадсиз чиқди. Ҳамюртимиз 87 дақиқа ўйнаган ва сариқ карточка олган баҳсда Андреа Пирло жамоаси «Аланияспор»га 2:4 ҳисобида ютқазди.