Ана, холос! ҲАР ИККИСИ АЙБДОР, ТАМОМ!

Ана, холос! ҲАР ИККИСИ АЙБДОР, ТАМОМ!

Англия чемпионати Учинчи дивизионидан ўрин олган «Жиллингем» - «Флитвуд» ўйини (0:0) аутсайдерлар ўртасидаги оддий ўйин бўлиб  қоларди, агар 78-дақиқада ноодатий воқелик юз бермаганида.

Бу вазиятда Чарли Келман ва Пэдди Лейн майдон марказида тўп учун курашга киришиб, тенгданига «подкат» усулини қўллашди. Хавфли тўқнашув, бош ҳакам Жеймс Линингтон ҳам дарҳол қўлини чўнтакига суқиб, карточка олди. Шунда ҳар икки жамоа вакиллари ундан рақиб томонни жазолашни сўрашга тушишди. Аммо рефери ўз қарори билан ҳаммани ҳайрон қолдирди - тўқнавушни юзага келтирган икки футболчини ҳам майдондан четлатди.

Қизиқ, футбол қоидалари ҳукми қандай бу масалада? Битта тўқнашув натижасида ҳар икки томонга қизил карточка кўрсатиш ҳолати камдан-кам учрайди, лекин бу мантиққа зид эмас. Халқаро футбол ассоциациялари кенгаши (IFAB) қоидалари бўйича рақиб саломатлигига хавф туғдирган ёки ортиқча куч ишлатган футболчи майдондан четлатилиши мумкин. «Жиллингем» - «Флитвуд» ўйинида ҳар икки футболчи бир вақтда шундай ҳолатга тушди. Дейлик, Келман тўқнашув натижасида камида 5 марта ағдарилди, Лейн ҳам якунда жароҳатланди. Хуллас, ҳакам ваҳимали ишга қўл ургани йўқ. Бироқ мураббийлар ундан норози эканликларини яширишмади. 

Гап шундаки, «Жиллингем» ҳам, «Флитвуд» ҳам лигада қолиш учун курашмоқда. Бу жамоалар 24та иштирокчи орасида тегишлича 20 ва 21-ўринларни банд этиб турибди. Шундай экан, мураббийлар мавсумнинг энг муҳим палласида футболчиларини йўқотишни хоҳламайдилар асло. «Жиллингем» менежери Нил Харрис ҳаттоки, Келман карточкаси юзасидан шикоят киритмоқчи: «Аслида Жеймс Линингтон жуда яхши ҳакам. Реферини ўта қаттиққўллик қилганликда айблолмайман, яхши ишлади. Лекин ўша вазиятни бошқа ракурсдан кўрдим - Келман «қизил»га муносиб эмасди. Агар ҳакам футболчиларга сариқ карточка кўрсатиш билан чекланганида, ишончим комил, иккиси бир-бирига қўл узатиб, вазиятни эсдан чиқарарди. Тўғриси, фаолиятим давомида ҳакамнинг бундай қарорини ҳеч қачон кўрган эмасдим». «Флитвуд» мураббийи Стивен Крэйни ҳам шу маънода гапирди: «Ҳар икки футболчи фидойи, шунинг учун уларнинг четлатилишларидан бироз асабийлашдим».

Муносабат

- Бунақасини ҳеч қаерда кўрмагандим. Аслида ҳакам вазиятни 50га 50 баҳолаб, футболчиларни шунчаки, огоҳлантирса бўларди. Лекин у қоидага ёпишиб олди... Иан Холлоуэй (собиқ футболчи, EFL on Quest кўрсатувида).

 А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ