Уни бундай бахтдан ўз жамоаси ҳужумчисининг битта ортиқча ҳаракати мосуво қилди. Қуйидаги материалда шу воқеа тафсилотларига алоҳида тўхталишди.
Венесуэланинг 9 карра чемпиони - «Депортиво Тачира» Боливияда «Индепендьенте Петролеро» меҳмони бўлди. Биринчи бўлим вақти тугаётган паллада жамоа голкипери Кристофер Варела ўз ҳудудидан тўпни майдоннинг иккинчи ярми томон йўналтирди. Зарба жуда кучли ва аниқ (!!!) чиқди. Яъни тўп барча футболчилар устидан анча баландда учиб, якунда ерга тушди ва бўш қолдирилган дарвоза томон юмалай бошлади. «Индепендьенте Петролеро» кипери шунчаки, олдинга чиқиб кетганди. Бироқ 22 ёшли Вареланинг «пишиб етилган» антиқа голини ўз жамоадоши, 31 ёшли ҳужумчи Энтони Урибе «ўғирлаб» олди. У шунчаки, югуришдан тўхтамади ва дарвоза чизиғи устида тўпга тегиниб қўйди. Йиртқич инстинкти! Хуллас, ҳакам голни Урибе ҳисобига ёзди. Ўйиндан кейин эса ҳужумчи мухлислардан беармон дакки эшитди. Фанатлар ижтимоий тармоқларда ҳалигача Урибени «тузлашмоқда».
Варелага келсак, ушбу ҳолат унга ўта кучли таъсир қилди, шекилли. Ҳар ҳолда, тоза голдан маҳрум бўлган дарвозабон кейинги дақиқадаёқ жавоб тўпини ўтказиб юборди. Хуллас, жамоалар танаффусга тенг ҳисоб билан чиқиб кетди, лекин «Депортиво» иккинчи 45 дақиқаликда ғалабани ўз томонига оғдирди, барибир. Венесуэла жамоаси Либертадорес кубоги гуруҳ босқичи 3-туридан сўнг 2-ўринда (4 очко) бормоқда, «Индепендьенте» аутсайдер (1 очко). Квартетда эса Либертадорес кубогининг охирги икки мавсуми ғолиби «Палмейрас» (Бразилия) олдинда.
ФАКТ
«Депортиво Тачиро» клуби тарихида гол қувончини туйган ягона дарвозабон - бу уругвайлик Даниэль Франковиг. Кристофер Варела иккинчи бўлиши мумкин эди, бироқ...