Польшалик футболчи клубга тегишли Ciutat Esportiva машғулотлар базаси ташқарисида мухлисларга дастхат бераётганида, унинг соатини ўғирлашга уринишди. Голеадор ҳужумчи эса дарҳол жиноятчини қувишга тушди.
Аслида Роберт Левандовскига битта соат нима? Унинг нархи 70000 еврога тенг бўлса ҳам. Ахир 33 ёшли фахрийнинг даромади миллионлаб евро даражасида ўлчанади. Ушбу воқеа «Барса»нинг кечки машғулотлари олдидан юз берди. Робертнинг шу заҳоти барчасини четга суриб, ўғри кетидан югургани - Германияда қатъий тартиб асосида узоқ вақт фаолият юритгани, яшагани таъсири. Ҳар ҳолда, немислар ҳеч нарсага бефарқ қарамайдилар. Айниқса, шу каби майда жиноятларга ҳам.
TV3 хабарига қараганда, Левандовски машғулотлар базасига киравериш йўлида ўзини кутиб турган мухлисларни кўриб, тўхтаган. Гувоҳлардан бирининг айтишича, шунда ўғри автомобилнинг йўловчи эшигини очиб, қўл телефонини олишга уринган. Левагол тўпланганларга дастхат улашиш учун машина ойнасини туширганида эса, бошқа бир ўғри автомобиль ичига кириб, қимматбаҳо ва обрўли Patek Phillippe соатини олиб, қочишга тушган. Роберт эса дарҳол унинг ортидан қува бошлаган, аммо етолмаган. Муҳими, полиция гумонланувчи шахсни тезда «қўл»га олди ва соатни ўз эгасига топширди. Таъкидланишича, ўғри соатни «Барселона» базаси яқинидаги боғлардан бирига кўмиб қўйган экан.