Ҳа, сенегаллик футболчининг трансфери жорий ёзнинг энг катта воқеликларидан бирига айланди. Табиийки, репортёрлар Мюнхенда «Саутгемптон» ва «Ливерпул»нинг собиқ ҳужумчиси шарафига тезкор эксклюзив репортаж тайёрлашга уринишди. Бунда ажабланадиган томони ҳам йўқ.
Хуллас, Sky Sports журналистлари Садио Маненинг «Бавария» футболчиси сифатидаги илк сўзларини «олиш» учун пухта режа ишлаб чиқишди. Бунда мухбир ва оператор биринчи навбатда, сенегаллик ҳужумчи автомобилининг «Бавария» базасига етиб келиш вақтини аниқлади. Бироқ...
Улар машина белгиланган жойга яқинлашгач, жонли эфирга ҳам чиқишди. Репортёр бироз ҳаяжонландими, ҳар ҳолда, кимнинг олдига боришда адашди. Қисқаси, мухбир футболчи билан гаплашиш илинжида автомобиль томон югурди, унинг эшиги очилгач эса, камерага қараб, репортажни бошлади: «Мана, Садио келди!» Фақат машинадан бошқа киши тушди... Қорни нисбатан катта африкалик нотаниш одам рўпарасида камера ва микрофон кўтариб турган икки журналистни кўриб, бироз ҳайрон бўлдию, бепарвогина кириш эшиги томон йўл олди. Энг қизиғи, ушбу ҳолат тўлиқ эфирга узатилди. Бу вақтда Садио Мане автомобилнинг бошқа томонидан тушди ва интервью бермай, ичкарига кириб кетди.
ҚИЗИЛСЕВАР САДИО
«Бавария» Садио Маненинг Европадаги бешинчи профессионал клуби саналади. Сенегаллик футболчи бунга қадар Францияда «Мец», Австрияда «Зальцбург» ва Англияда «Саутгемптон» ва «Ливерпуль» клублари шарафини ҳимоя қилди. «Бавария»ни эса Маненинг собиқ жамоалари билан битта жиҳат боғлаб туради: қизил ранг. Ҳа, Садио бунга қадар фақат қизил тусли футболка (клубларнинг расмий ранги)да тўп сурган ва Мюнхенда ҳам шундай бўлади. Ҳақиқий қизилсевар футболчи!