Айтиш ўринли, футболнинг микст (аралаш) варианти ижтимоий тармоқларда ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Гўзал томоша!
«Тигрес» - Мексиканинг Монтеррей шаҳри шарафини ҳимоя қиладиган спорт клуби. Монтеррейликлар эркаклар ва аёллар футболини бирдек яхши кўришади. Ҳар ҳолда, ҳар икки жамоа ҳам Мексика чемпионати МХ-лигаси доирасидаги ўйинларини одатда мухлислар билан тўлиб-тошган трибуналар остида ўтказади. 29 июнь куни «Тигрес» раҳбариятининг кутилмаган ва антиқа қарорига кўра, эркаклар ва аёллар жамоалари футболчилари учун аралаш машғулот ташкил этилди. Эътиборни тортадиган жиҳат: ушбу очиқ жараённи «Университарио» ёхуд «Эль-Волкан» стадионида 10 мингдан кўп мухлис бевосита кузатди. Кўринишидан, клуб раҳбарияти МХ-лигаси янги мавсуми стартидан олдин ўз мухлисларини шу аснода хурсанд қилишга уринди. Зеро, Мексикада эркаклар чемпионати 2 июль куни бошланган бўлса, аёллар биринчилиги шу ҳафта (9 июль куни) йўлга тушади.
«Тигрес» футболчилари аралаш машғулотлар билан чекланиб қолмай, ўзаро ўйинда ҳам қатнашишди - микст футбол. Ўйин бошланишига бир неча соат қолган вақтда мухлисларнинг стадионга оқими анча кучайди. Кейинчалик трибуналарда ашаддий рақибларга қарши ўйинларда кузатиладиган қайноқ муҳит юзага келди - турли-туман баннер ва байроқлар, қўшиқларнинг баралла янграши ва футболчиларнинг майдондаги чиройли хатти-ҳаракатларига кучли реакция. Якунда барча футболчилар ўз формаларини мухлисларга тортиқ этишди.