У анча чўзилган ёзги тахмин ва башоратларни оқлаб, «Рома» билан шартнома тузди ва 11-рақамли либосни олди. Хўш, Андреа Италия пойтахтида қандай саргузаштларни кутмоқда.
- Андреа, Римга хуш келибсан. «Рома»га ўтишда роса иккиландинг чоғи...
- Йўқ, янги синовга тайёрман, фақат озгина ҳаяжон бор. Энди тезроқ янги мураббий ва футболчилар билан ишга киришиб, ўзимни кўрсата бошласам, бас.
- Охирги ойларда кўплаб клублардан таклифлар олдинг ва якунда «Рома»ни танладинг. Буни қандай изоҳлайсан?
- «Рома»га ҳамиша устувор вариант сифатида қараганман. Клуб чиндан ҳам, амбицияли, режалари ҳам улкан. «Рома»нинг ўтган мавсум КЛда ғолиб чиққанининг ўзи тобора олға интилаётганидан далолатдир.
- Жозе Моуриньога «Рома»да ўйнаш масаласида собит турганинг ва иштиёқинг ёқибди. У билан ҳамкорликдан нималар кутяпсан?
- Катта ғалабаларга эришган тажрибали мураббий билан ишлаш ёқимли, албатта. Жозе футболчиларга кучли мотивация бериш усулларини яхши билади. Албатта, унинг учун ўйнашдан хурсандман.
- «Рома»да Италия термасида сен билан бирга ўйнаган футболчилар кўп. Энди уларни Тригорияда янада яқинроқ билиб оласан...
- Ҳа, кўплаб янги клубдошларим билан терма жамоада бирга ўйнаганман. Бу ҳолат айни муддао - уларнинг максимал даражада ёрдам беришлари тайин.
- Бу ерда «Палермо»даги собиқ клубдошинг Пауло Дибала ҳам бор...
- Пауло билан «Палермо»да икки мавсум бирга ўйнаганимиз ёдимда. Кейин клубдан бир вақтда кетдик, битта шаҳар, лекин бошқа-бошқа жойга бордик. Энди яна биргамиз - ажойиб тақдир.
- «Рома»га қарши кўп марта майдонга тушгансан. Жамоанинг сўнгги йилларда кучайгани сезилдими?
- Ўйлайманки, жамоа айниқса, охирги мавсумларда анча ўзгарди. Барчаси раҳбарият амбициялари маҳсулидир. Футболда биринчи навбатда, натижаларга қаралади. «Рома»нинг тобора олға интилаётгани ва ўйинини яхшилашда давом этаётгани сабаби ҳам шу, менимча.
- Сенда янги мавсум учун аниқ мақсад ёки марралар борми?
- Кундан кунга яхши ўйнаб, даражамни ошириш ниятидаман. Бу ўз навбатида клуб амбицияларига ҳам қўл келишидан умидворман.
- Энди «Олимпико»даги муҳитни «Рома» футболчиси сифатида ҳис қиласан...
- Буниси чиндан ҳам, жуда қизиқ. Зеро, шу кунга қадар барчасига рақиб футболчиси сифатида гувоҳ бўлганман. Айтишим жоиз, ҳар гал стадионда мухлисларнинг «Рома» мадҳиясини қандай куйлашларини кўрганимда, этим жимирлаб кетарди. Тўғриси, энди мадҳияни «Рома» вакили сифатида эшитганимда, қандай аҳволга тушишим ва бошимда нималар айланишини тасаввур ҳам қилолмайман.
- Мухлислар сени узоқ кутишди...
- Тўғри. Кўпчилик хабар ҳам юборди. Бу - мухлислар мени шу ерда кўришни хоҳлашганига алоҳида белги. Энди мендан талаб қилинадигани - майдонга тушиш, чин юракдан ўйнаш ва мухлислар меҳрига муносиб жавоб қайтариш.
МУҲАММАДХОН тайёрлади