21 ноябрь куни Дохада Сенегал ва Нидерландия миллий жамоалари ўртасидаги ўйин билан навбатдаги мундиал йўлга тушади. Айнан шу куни «В» гуруҳи жамоалари ҳам курашга киришади. Айтиш керак, бу квартет таркиб нуқтаи назаридан жуда қизиқарли: Англия, Эрон, АҚШ ва Уэльс термалари. Дейлик, америкалик ва эронликларнинг ўзаро ўйинини замонавий футбол тарихидаги энг сиёсийлашган тўқнашув сифатида таърифлаш мумкин. Лекин sport24.ru сайтининг қуйидаги мақоласи АҚШ - Эрон муносабатлари эмас, балки MLSдан «Арсенал»га ўтган дарвозабон Мэтт Тернер ҳақида. Ҳа, «канонир»га айланган футболчи билан яқинроқ танишиш фурсати етди.
АҚШ миллий жамоаси ЖЧ-2022 гуруҳ раунди 1-турида Уэльс термаси билан куч синашади. Мазкур учрашув Ал-Райян шаҳридаги «Аҳмад бин Али» стадионида бўлиб ўтади. Катта эҳтимолки, АҚШ термаси дарвозасини «Нью-Инглэнд Революшн» (Массачусетс штати) клубида шуҳрат қозонган Мэтт Тернер қўриқлайди. Ҳар ҳолда, КОНКАКАФ миқёсидаги саралаш турнири ўйинларида «Манчестер Сити» дарвозабони Зак Стеффен эмас, асосан айнан Тернер ўйнади. Аниқроғи, кипер кичик жароҳатга йўлиқишига қадар «1-рақам» ролини ишончли тарзда бажарди. Мана, Мэтт тўлиқ тикланиб, сафга қайтди ва энди жаҳон форумида америкалик киперлар ҳаққоний футболда ҳам чакки эмасликларини кўрсатишга шайланмоқда.
Тернер 1 июль куни расман Лондоннинг «Арсенал» клуби футболчисига айланади. Унинг трансфери февраль ойидаёқ эълон қилинганди. Мэтт яқинда берган интервьюсида Лондон томон сафарга жиддий ҳозирланаётгани ва АПЛни ҳайратда қолдиришга улгурган 24 ёшли Аарон Рамсдэйлга ҳақиқий рақобат тақдим этишни ўйлаётганини яширгани йўқ. Қисқаси, у захирада ўтирмоқчи эмас. Айтиш керак, Тернер 27 ёшда, яъни Аарондан катта. «АҚШ термасига биринчи марта чақирилганимда, атиги учинчи рақамли кипер ҳисобланардим, - деди Мэтт жумладан. - Табиийки, ҳеч ким жиддий қабул қилмади, лекин менда нимадир бор. Лондонга ҳам шунчаки, четда ўтирганча яхши маош олиш учун кетяпман».
Тернер айниқса, пенальти тўсиш бўйича супермутахассис саналади. Рақамларда айтсак, профессионал фаолияти давомида 47,6 фоиз ҳолатда устун келган - 21та «дуэл»дан 10тасида. Охирги 9та пенальтини олсак, Мэтт улардан 4тасида жамоасини голдан қутқариб қолди, яна 2тасида рақиблар нотўғри зарба йўллашди. «Арсенал»нинг янги кипери жумладан, «МЮ»да ўйнаган қанот ҳимоячиси Нани билан «дуэл»да икки марта ғалаба қозонди. Яна бир қизиқарли факт: Тернер 2020 йили Литва фуқаролигини қабул қилди. У бу мамлакатга иккинчи ватани сифатида қарайди. Айтишларича, Мэтт марҳум бобосининг уйини тозалаш чоғи бир тўплам қоғозни саралаётиб, қизиқ ҳужжатларга дуч келади. Хусусан, иммиграцион гувоҳномага. У шу аснода бобоси иккинчи жаҳон уруши пайти Литвадан АҚШга қочиб борганини аниқлайди. «Нью-Инглэнд Революшн» дарвозабони кейинчалик бу фактдан унумли фойдаланиб, Европа Иттифоқи паспортини ҳам олди.