Азизбек Пирмуҳаммедов: “Мураббийимиз интизом ва тартибга алоҳида эътибор билан ёндошди”

Азизбек Пирмуҳаммедов: “Мураббийимиз интизом ва тартибга алоҳида эътибор билан ёндошди”

ФИФА кунларидан унумли фойдаланиш мақсадида мамлакатимиз ва Қирғизистонда ўтказилган “CAFA NATIONS CUP” турнири сабабли Суперлигада юзага келган танаффус нихоясига етиб жамоалар биринчи давранинг сўнгги икки турини ўтказишга киришишмоқда

Қизиқарли кечиши кутилаётган учрашувлардан бири Тошкентда “Сурхон” ҳамда “Сўғдиёна” жамоалари ўртасида кечади. Турнир жадвалида ёнма-ён бораётган бу икки жамоа учун муҳим ахамиятга эга бўадиган ўйин олдидан биз “Сурхон” клуби истиқомат қилаётган меҳмонхонага бориб жамоа аъзоси Азизбек Пирмуҳаммедов билан суҳбатда бўлдик.

- ЖАМОАНГИЗ СУПЕРЛИГАДА ЮЗАГА КЕЛГАН ТАНАФФУСДАН ҚАЙ ДАРЖАДА ФОЙДАЛАНДИ ВА “СЎҒДИЁНА”ГА ҚАРШИ ЎЙИНГА ҚАНДАЙ ТАЙЁРГАРЛИК КЎРДИ?

- Аввало эътибор ва таклиф учун катта раҳмат. Саволингизга келадиган бўлсак, “Сўғдиёна”га қарши учрашувнинг биринчи босқичи Дукентда ўтказилди ва кейинчалик машғулотлар Тошкентга кўчирилди. Бўлажак ўйинга яхши тайёргарлик кўряпмиз. Худо хоҳласа ижобий натижага эришига ҳаракат қиламиз.

- “СУРХОН” ЖОРИЙ МАВСУМДА ЎЙИН БОРАСИДА ЯХШИ ТААССУРОТ ҚОЛДИРМОҚДА, АММО ҚАЙД ЭТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР ЖАМОА ЎЙИНИГА МОНАНД ЭМАСДЕК... БУНГА ЭХТИМОЛ ЖАМОА ЎЗ УЙ ЎЙИНЛАРИНИ НЕЙТРАЛ МАЙДОНДА ЎТКАЗАЁТГАНИ ҲАМ САБАБ БЎЛАЁТГАНДИР?

- Балки шундайдир. Агар эътибор берган бўлсангиз биз чемпионлик учун курашаётган жамоаларга қарши ўйинларда ҳам муносиб рақобат кўрсата оляпмиз. Мағлубиятларимиз асосан битта гол фарқи билан юзага келмоқда. Хали ҳеч бир жамоа “Сурхон”ни яққол устунлик билан мағлубиятга учратгани йўқ.

- УМУМАН ОЛГАНДА ЖОРИЙ ЙИЛГИ СУПЕРЛИГА БАҲСЛАРИ СИЗДА ҚАНДАЙ ТААССУРОТ ҚОЛДИРМОҚДА?

- Сўнгги йилларда кузатилаётганидай бир-биридан қизиқарли ўйинлар бўлиб ўтмоқда. Чемпионатимизда кучсиз жамоанинг ўзи қолмаяпти. Хар бир учрашув ўзига яраша оғир ўтмоқда. Турнир жадвалида қуйироқда жойлашган жамоаларга қарши учрашув хатто пешқадамларга ҳам қийинчилик туғдиряпти. Бу худди АПЛга ўхшамоқда.

- ГАЛДАГИ РАҚИБ ИВАН БОШКОВИЧ БОШҚАРУВИДАГИ “СУҒДИЁНА”НИНГ ЎЙИНИ БОРАСИДА ҚАНДАЙ ФИКРДАСИЗ?

- “Сўғдиёна” гарчи мавсум стартини қониқарсиз бошлаган бўлсада Иван Бошкович келгач ўз ўйинин топиб олди. Жиззахликлар адашмасам сўнгги 5-6та учрашувдан буён мағлубиятга учрашмаяпти. Жамоа яхши шаклланган.

- ЎЗ ЎРНИДА МАВСУМ АВВАЛИДА “СУРХОН”ДА ҲАМ МУРАББИЙЛАР АЛМАШИНУВИ ЮЗ БЕРДИ ВА ЖАМОА МАХАЛЛИЙ МУТАХАССИСЛАР ҚЎЛ ОСТИДА ҲАМ ЁМОН ТААССУРОТ ҚОЛДИРАЁТГАНИ ЙЎҚ. АЙТИНГЧИ СЕРГЕЙ АРСЛОНОВ ЖАМОАДА НИМАЛАРНИ ЎЗГАРТИРА ОЛДИ?

- Бош мураббийимиз интизом ва тартибга алоҳида эътибор билан ёндошди. Қолаверса, майдонда футболчилар ўзини проффессионал тутишини ва ҳар бир вазиятда профессионал тарзда иш кўришни ўргатди.

- ЖАМОАНГИЗ ТАРКИБИ НИСБАТАН ЁШ ФУТБОЛЧИЛАРДАН ТАШКИЛ ТОПГАН. ШУНДАН КЕЛИБ ЧИҚИБ ЖАМОА ОЛДИГА ҚАНДАЙ ВАЗИФА ВА МАҚСАДЛАР ҚЎЙИЛГАН?

- Мураббийлар томонидан ҳар бир ўйинда ижобий натижага эришиш мақсад ва вазифа сифатида белгиланган. Жамоадошларимиз билан эса бор имкониятимизни ишга солиб, кучли бешликка кириш учун курашишга келишиб олганмиз.

- “СУРХОН”ДА АЗАЛДАН АЖОЙИБ МУХЛИСЛАР КОМПАНИЯСИ ШАКЛЛАНГАН. ЖАМОА ЎЗ УЙИДА ЎЙНАМАЁТГАН БЎЛСА ҲАМ МУХЛИСЛАР ДАЛДАСИНИ ҲИС ҚИЛИБ ТУРГАН БЎЛСА КЕРАК?

- Албатта. Термизлик мухлислар юртимизнинг қайси шахрига сафар уюштирмайлик бизни ёлғизлатиб қўйишаётгани йўқ. Бунинг учун уларга миннатдорчилик билдирамиз.

- СИЗНИНГ ТАХМИНИНГИЗЧА ЧЕМПИОНЛИК ВА ЮҚОРИ ЎРИНЛАР УЧУН ҚАЙСИ ЖАМОАЛАР КУРАШ ОЛИБ БОРИШИ МУМКИН?

- Менимча, “Навбаҳор”, “Пахтакор” ҳамда “Насаф” жамоалари юқори ўринлар учун асосий давогар ҳисобланишади. Бу йил ажойиб таркиб ва мураббийга эга бўлган “Нефтчи”ни ҳам ёддан чиқармаслик керак. Уларда ҳам юқори ўринлар учун курашиш имконияти мавжуд.

- СИЗНИ МАВСУМ АВВАЛИДА ҲИМОЯДАГИ ЎЙИНЛАРИНГИЗГА ГУВОҲ БЎЛАЁТГАНДИК СЎНГГИ ТУРЛАРДА ЭСА ЯРИМ ҲИМОЯЧИ СИФАТИДА МАЙДОНГА ТУШМОҚДАСИЗ. БУНИНГ САБАБИ НИМАДА ВА ЎЗИНГИЗГА ҚАЙСИ ПОЗИЦИАДА ЎЙНАШ НИСБАТАН ҚУЛАЙРОҚ?

- Аслида ўзим ҳимоячиман. Аммо мураббийлар сўнгги ўйинларда ярим ҳимояда синаб кўришмоқда. Очиғи, ўзим учун қайси чизиқда ўйин ўтказишнинг унчалик ахамияти йўқ. Муҳими жамоага фойда келтирсам бўлгани. Қулайлик нуқтайи назаридан олиб қарайдиган бўлсак, ҳимояда ўйнаш нисбатан енгилроқ барибир.

- ШУ ЎРИНДА МУШТАРИЙЛАРИМИЗГА ЎЗИНГИЗ ҲАҚИНГИЗДА КЕНГРОҚ МАЪЛУМОТ БЕРИБ ЎТСАНГИЗ?

- Асли Бухорода тавваллуд топганман. Футболнинг илк сир асрорларини туманимиздаги футбол интернат ўрганганман. Футболчи бўлиб етишишимда ўзимдаги қизиқиш ва дадамнинг саъйи-ҳаракатлари туртки бўлган. Очиғи дадам ҳам ёшликларида футбол билан шуғулланганлар аммо оилавий шароитлари сабабали бу спорт тури билан шуғулланишни давом эттира олмаганлар. Шу сабабли мени футболчи қиламан деб астойдил ҳаракат қилдилар ва мана қилинган меҳнатлар ўз самарасини бериб турипти. Албатта барчаси интилиш, меҳнат ва сайъи ҳаракатлар натижасида содир бўлди. Бунгача эса катта машаққатни босиб ўтишга тўғри келган. Проффессионал фаолиятимни дастлаб “Оқ тепа” клубида бошлаганман. Ундан сўнг “Бунёдкор” клубига ўтганман. У ерда ўйин амалиёти кам бўлгани боис яна Про Лига жамоаси “Хоразм”да тўп сурдим ва жорий мавсум аввалида “Сурхон” таркибига келиб қўшилдим.