Бастиан Швайнштайгер: «213 йили шахсий Лигамизда ўйнагандик...»

Бастиан Швайнштайгер: «213 йили шахсий Лигамизда ўйнагандик...»

19 май куни Европада Finale dahoam номини олган ажиб ўйин (ЧЛ финалида кузатилган «Гер-мания дербиси»: «Бавария» - «Боруссия» Д.)­нинг 10 йиллиги нишонланди.

Шу муносабат билан «51» журналига интервью берган «Бавария» афсоналаридан бири Бастиан Швайнштайгер «Альянц Арена»да «Челси»га қар-ши кечган ўша финални эслади. Бу германиялик собиқ футболчи фаолия­тидаги энг аччиқ мағлубиятлардан биридир. Тўғри, ўша мағлублик «Бавария» учун ЧЛнинг кейинги мавсумида қайд этилган ғолибона юришнинг бошланиши эди. Хусусан, Бастиан ҳам «Уэмбли» финалида биринчи марта ўзининг авж нуқтасига чиқди!

- Бастиан, «Альянц Арена»даги ўша финални қандай эслайсиз?

- Йўқ, ҳал қилувчи ўйинни қандай бой берганимиз ҳақида сира сўраманг. Ўша мағлубият шахсан ўзим учун ҳалигача очилмаган сир...

- Финалдан кейин бутун Мюнхен «шок» ҳолатига тушганди. Эртаси куни уй­қудан туриб, ўзингизни қандай ҳис қилгансиз?

- Эрта тонгда кўчага чиқдим, апельсин шарбати сотиб олдим ва Изар (Мюнхен шаҳрини кечиб ўтувчи дарё) бўйига бордим. Бу жойни жуда яхши кўраман, ҳозир ҳам тез-тез дарё бўйлаб сайрга чиқаман. Аммо ўша куни тонгда деярли ёлғиз эдим - шаҳар жим-жит. Соҳилда бир тошга ўтирдим ва оёқларимни сувга чўздим. Мағлубиятни қабул қилиш қийин эди, жуда аламли якун. Кейин нега шу ҳолатга тушганимиз ҳақида кўп ўйладим. Ҳозиргача сабабини тополмадим. Миямга келган ягона фикр бироз кулгули: балки тақдир 4 йил аввал ЧЛ финалида пенальтилар серияси бўйича енгилган «Челси» олдидаги қарзини узгандир...

- Кейинчалик финалдан сўнг мухлислар муносабатидан қаттиқ таъсирланганингиз ҳақида гапиргандингиз. Ўшанда нимани назарда тутгансиз?

- Шаҳар марказида яшаганим учун одамлар билан тез-тез мулоқотга киришардим. Табиийки, омадсиз финал ҳақида ҳам гаплашганмиз. Шаҳар аҳлининг ҳафсаласи пир бўлганди, лекин ўйинимиз ҳаммани ҳаяжонга солган. Дейлик, савдо марказига борсам, кўпчилик кайфиятимни кўтаришга уринди: «Гап йўқ, зўр ўйнадингиз, кейинги йили ғалаба қозонамиз, албатта».

- Сизни ҳеч ким айбламагани бироз енгиллик бағишладими? Ахир пенальтилар сериясида дарвоза устунини нишонга олгандингиз...

- Табиийки, ўзимни кўп айбладим. Аслида «нуқта»дан ёмон зарба бермагандим, лекин Петр Чех кучли реакцияси эвазига тўпга бармоқлари учи билан тегинганди. Эҳ, қандай кўргилик... Яна катта финалда, ўз стадионимизда, жанубий трибуна рўпарасида... Ҳалигача ўша мухлислар чеҳраси кўз олдимдан кетмайди.

- 120 дақиқалик ўйин статистикаси кўп нарсадан далолат: зарбалар бўйича 35:12, бурчак тўплари бўйича 20:1, тўпга эгалик қилиш фоизи бў­йича 61:39. Ҳаттоки, пенальтилар сериясида ҳам 3:1 ҳисобида олдинга чиқиб олгандинглар...

- Якунда мезбонлик факторининг қиймати 1 фунтга тушди. Ваҳоланки, бутун ўйин давомида «Челси» футболчиларини кўз очишга қўймагандик. Орадан йиллар ўтиб, Фрэнк Лэмпард ва Хуан Мата билан ўша ўйин ҳақида гаплашдим. Улар ҳам тан олишди: қандай омон қолишганини сира тушунишмаган. Хуллас, бу мен ва кўплаб клубдошларим учун фао­лиятимизда учраган энг йирик мағлубият! Ахир кубокни 9та эмас, ундан ҳам кўпроқ бармоғимиз билан ушлаб тургандик, сўнг­ги лаҳзада эса қўлимиздан сирғалиб тушиб кетди.

- Карл-Хайнц Румменигге махсус зиёфатда мағлубият «Бавария»ни 1999 йилги «Барселона»дан ҳам ёмонроқ ҳолатга туширганини айтганди. Буни англаш учун қанча вақт кетди?

- Европа чемпионатидан кейин таътил пайти ҳаммаси қайта бошланишини кутишга сабрим чидамади. Бироз кучайган жамоа билан ҳаммасини бир четдан ютишга аҳд қилдим. Умуман, барча йигитлар мислсиз мотивация билан тўйингандилар. Хуллас, юқори даражада шайландик ва финалдаги мағлубиятга фантастик реакция кўрсатдик. Дейлик, ярим финалда «Барселона»ни 4:0 ҳисобида енгдик. Ўша ўйиндан олдин Франк ва Арьен билан жиддий гаплашган ва ҳаттоки, бир-биримизни туртгандик. 

- Айтишларича, Юпп Хайнкес жамоада айнан сиз билан кўп суҳбатлашган экан. Унинг даври сиз учун қанчалик муҳим эди?

- Беқиёс босқич, лекин жамоада ягона етакчи эмасдим. Хайнкесдек ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида катта ютуқларга эришган инсонни тинглаш ёқимли эди. Лекин мени ҳайратга солгани шуки, у 2012 йилги кўргиликка парво қилмай, мураббий сифатида янада ривожланди. Юпп кейинги финалдан сўнг барча футболчилар, ҳаттоки, захира вакилларию, мухлислардан ҳам ортда қолди. Хурсандлигидан қадам босишга мадори қолмаганди гўё. Ке­йинроқ мен билан суҳбатда ошкора тан олди: «Бу давр фаолиятимдаги энг яхшиси, шубҳасиз». Асосийси, Хайн­кес йигитлар даврасида ишлашни ёқтирарди. Очиғи, унинг олдида жон куйдирмасликнинг иложи ҳам йўқ эди. Чунки биз учун отадек бўлиб қолганди.

- 2013 йили майдонда сизни ҳеч ким тўхтатолмади. Яъни мисли кўрилмаган юқори тезлик олдингиз.

- О, ўшанда шахсий лигамизда ўйнадик, ҳисоб. Шунчаки, энг зўри эдик. Менга энг ёққан жиҳати, буни «Бавария»га хос фалсафа ва ўз авдолимизга мансуб кўплаб футболчилар билан бажардик. Хусусан, бунда Клаудио Писарро ва унга ўхшаган йигитларни ҳам ҳисобга киритаман, чунки улар ҳамиша «Бавария» руҳида яшашган.

- 2012 йилги аччиқ «сабоқ» бўлмаганида ҳам, ЧЛ-2012/2013 ва ЖЧ-2014да ғолиб чиқишинглар мумкинмиди?

- Бутун жамоа номидан жавоб беришим қийин. Лекин шахсий фикримча, 2013-2014 йиллар муваффақияти учун айнан «Челси»дан қабул қилинган ўша мағлубият асос бўлди. Хусусан, 2013 йилги зафар ЖЧ-2014да катта куч бағишлади. Фаолиятим давомида ҳеч қачон қандайдир имтиёзга эга бўлмаганман. Ҳар доим ниманидир исботлашим талаб этиларди. «Бавария»нинг U-17 жамоасида менга сабоқ берган мураббий Штефан Беккенбауэр шундай деганди: «Албатта, енгил йўлни танлаш яхшироқдек, лекин аслида қийинроғини босиб ўтиш фойдали». Миямда айни шу ибора мудом чарх урарди. Энди «Бавария» билан узоқ йўл босиб ўтганимдан фахрланаман. Ўша вақт бирга ривожландик. Жамоа мақсади ЧЛда ғалаба қозониш эди ва бунга эришдик. Қолаверса, 4 йилда 3 марта финалга чиқдик. Бу - катта гап!

МУҲАММАДХОН тайёрлади