НИГОҲ: «Бордо» муаммолар гирдобида

НИГОҲ: «Бордо» муаммолар гирдобида

Францияда анча машҳур жамоалардан бири бўлган «Бордо» сўнгги мавсум якунига кўра Лига1ни тарк этди.

Лекин клублар мониторинги ва молиявий фаолиятига масъул ташкилот - DNCG июнь ойида жамоани 3-дивизионга тушириб юборди. Сабаб - 52 млн. евролик қарз. «Бордо» апелляция бериб, бюджетдаги камомадни қўшимча воситалар ва ўйинчиларни сотиш эвазига тўлдириш мажбуриятини олганди. Бироқ DNCG кафолатни қабул қилмади ва апелляцияни рад этди.

Банкрот ҳолатига тушиб қолмаслик ва ҳеч бўлмаганда ҳозирги мақомини сақлаб қолиши учун клубга маблағ сув ва ҳаводек зарур бўлиб қолганди. Шу боис, жамоанинг энг харидоргир ўйинчиларидан бири 19 ёшли Секу Мара 13 млн. еврога «Саутгемптон»га сотиб юборилди. Бир қарашда, мазкур трансфер минглаб одатий келишувлардан фарқ қилмайдигандек. Бироқ айнан шу келишув сабабчиси ўзи билмаган ҳолда «Бордо»нинг халоскорига айланди: ФФФнинг ижроия қўмитаси жамоани 2-дивизионда олиб қолишга қарор қилди.

Секу Мара учун «авлиёлар»дан ташқари, «Ньюкасл» ва Мёнхенгладбахнинг «Боруссия» жамоалари ҳам музокараларга киришган эдилар. Лекин улар «Бордо»нинг тарқатиб юборилишини (юз бериш эҳтимоли юқори бўлган ҳодиса) кутишга қарор қилган эдилар. Бундай вариантда ёш ҳужумчини текинга олиш имконияти пайдо бўларди. Лекин Мара қадрдон клуби унинг трансферидан оз бўлсада, манфаат олишини талаб қилди. Охир-оқибат, «авлиёлар» зиқналикка берилмай, талаб қилинган маблағни муҳайё қилишди. Мана буни чинакам олийжаноблик деса бўлади, тўғри эмасми? 

 

1 ойда 5та гол уриб, «Манчестер Сити» ва «Атлетико» эътиборини тортганди.

Ниҳоясига етган мавсумда Секу «Бордо»нинг чемпионат доирасидаги 26 учрашувида майдонга тушди. Лекин буларнинг 18тасида у захирадан ўйинга қўшилганди. Ана шу беллашувларда Мара 6та гол ва 2та самарали узатмани ўз ҳисобига ёзиб қўйди - Лига1даги дастлабки тўлиқ мавсум учун рисоладагидек кўрсаткич. Мавсум стартидаги «Анже»га урган голи эса ҳеч бўлмаганда турнинг энг чиройли голи мақомида эди.

Март ойида клуб ёш иқтидор соҳиби билан амалдаги шартномани 2025 йилга қадар узайтиргани ҳужумчига қўшимча мотивация берганига шак-шубҳа йўқ. Чунки мавсумдаги 6 голнинг нақ 5тасини у апрель-май оралиғида урди. «Брест» билан бўлган сўнгги тур учрашувини Секу дубль билан якунлади. Шундан кейин «Манчестер Сити», «Лион» ва «Монако» ҳужумчига қизиқиб қолишди, «Атлетико»нинг расмий таклифи эса «Бордо»ни қониқтирмади.

Секу Марага оид яна бир қизиқарли факт: унинг онаси - Одри Креспо-Мара франциялик таниқли журналист ва телебошловчи. У 1999 йилдан бери мамлакатнинг энг йирик телевизион холдинги - TF1 Groupда ишлайди.

Хўш, «Бордо»га нима бўлди? Ҳазил-кесатиқлар туфайли ҳомий билан алоқани узди, маблағ тагчиллиги туфайли бош мураббийни истеъфога чиқара олмади ва сардорлар билан чиқиша олмай қолди.

Қишда Sports.ru сайти «Бордо»нинг муаммолари хусусида мақола чоп этганди. Клуб барча жабҳаларда қийинчиликларга дуч келганди: натижалар, ўйин савияси, спорт менежменти, молиявий ҳолат, медиа фаолияти талаб даражасида эмасди.

 

Қисқача эслатиб ўтамиз:

** «Бордо» Winamax идораси билан ҳамкорликдан воз кечди. Яъни, 1,5 млн. евроли йиллик даромаддан юз ўгирди. Сабаби, компания ижтимоий тармоқлар орқали сифатсиз ўйинлари учун жамоани калака қиларди. «Бордо» бош менежери Тома Жакмье ана шу маблағни файласуфларга хос донолик билан рад этди: «Мағлубиятларимиз учун бизни калака қилишга фақат мухлислар ҳақлилар, ҳомийлар эмас».

** Январь ойи аввалида клуб аъзоларининг 21 нафарида коронавирус тестлари мусбат натижа берди. Франция Кубогида «Бордо» «Брест»дан 0:3 ҳисобида енгилди. Ўша беллашувда жамоа таркибида бунга қадар ҳеч бўлмаганда 1 дақиқа тўп сурган атиги 5 нафар футболчи бор эди. Жамоа ички чемпионат учрашувларини бошқа муддатга кўчирилишига умид қилганди, аммо «Марсель»га қарши баҳс арафасида барча бемор ўйинчилар бирданига соғайиб қолишди ва ҳеч қандай тайёргарликсиз майдонга тушдилар. Хуллас, мавсумнинг иккинчи ярмида жамоага на ўйинларни кечиктириш ва на рисоладагидек тайёргарлик кўриш имконияти берилди.

** Молиявий муаммолар туфайли жамоа узоқ вақт швейцариялик бош мураббий Владимир Петковични истеъфога чиқара олмади. Уни фақат февраль ойида, 6 учрашувнинг 5тасида мағлубиятга учраганидан кейин лавозимидан четлатишди. Петкович 10 млн. евро товон пули талаб қилганди. «Реймс»дан ўтган Давид Гийон вазиятни яхшилай олмади.

** Менежмент ўша пайтдаги жамоа сардори Лоран Косьелнини захирага ўтказди. Шунингдек, Отавио, Поль Бесс, Сэмюэль Калу, Меҳди Зеркан ва Жош Маджа ҳам асосий таркибни тарк этдилар. Асосий сабаб - улар жамоа учун ортиқча бўлиб қолишган, янги бошпана излашга мажбур эдилар. Тез орада Косьелни шартномани бекор қилиб, бирйўла фаолиятини тугатиб қўя қолди. Ваҳоланки, у лазаретнинг доимий мижози эмасди.

** Сардорлик боғичи дарвозабон Бенуа Костилга ўтди. Бироқ март ойида «Бордо» мухлислари уни клуб хизматчиларидан бирига нисбатан ирқчиликда айбладилар. Бенуа айбловни инкор этди, мавсум якунида эса жамоани тарк этди.

** Март ойининг охирида номи ошкор этилмаган «Бордо» футболчиси жамоадошларининг пойафзалларини ўғирлаётгани ва интернет орқали сотаётгани маълум бўлди. Мазкур хабарни ўша ўйинчининг собиқ маъшуқаси етказганди. Жамоа аъзолари ўғри билан ҳамкорлик қилиб бўлмаслигини айтишди, раҳбарият уни дисквалификация ва жарима билан жазолади. Қолганлар жазони ўта енгил, деб ҳисобладилар.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади