Билим инсон ҳаётини бутунлай ўзгартириб юбориши - айни ҳақиқат. «Ливерпуль» сафига қўшилиши билан Юрген Клопп ишончини қозонган ва қозонаётган португалиялик Диогу Жота аслида Жота эмас. Аллақачон барчанинг тилига ҳам, қулоғига ҳам бирдек таниш «бренд»га айланган Жота шунчаки, тахаллус. Футболчига бу ибора J ҳарфининг португал тилидаги талаффуз хусусияти ва ўзи Сильвалар қаторида ажралиб туришни хоҳлагани туфайли «ёпишган». Дейлик, португалиялик ҳужумчи Чемпионшипда «Вулверхэмптон» шарафини орқасига Сильва ёзуви туширилган футболкада ҳимоя қилган. Чунончи, унинг тўлиқ исм-шарифи - Диогу Хосе Тейшейра да Сильва.
Қизиқ, унда «Жота» қачон ва қандай пайдо бўлган? Гап шундаки, Сильва - Португалияда энг кенг тарқалган фамилия. Хусусан, Диогу таҳсил олган маҳаллий «Пасуш» академиясида ҳам ўша вақт жуда кўп Сильвалар тўпланишганди. Хуллас, «Ливерпул»нинг бўлажак ярим ҳимоячиси|ҳужумчиси бошқалардан ажралиб туришни хоҳлаб, ўзини ўзгача талқинда таништиради - Диогу J. Айтганча, унинг укаси Андре ҳам футболчи. Фарқи шуки, Андре асл фамилиясини сақлаб қолган Йўқ, «РБ Лейпциг»да етарлича гол ураётган Андре Сильва бошқа - Диогунинг укаси айни пайт «Гондомар» клубида ўйнамоқда. Қолаверса, футболчи бошида Жота фамилиясини олишни ўйламаган ҳам. У шунчаки, орқасида J ҳарфи ёзилган формада тўп сура бошлаган. Кейинчалик ҳамма Диогуга Жота иборасини «ёпиштирган». Гап шундаки, португал алифбосидаги J ҳарфининг талаффузи - Жота. Португалия алифбосида ҳам J қаттиқ ҳарфлар гуруҳига киради айнан «Ж» сифатида талқин қилинади. Испан тилида эса бу ўқилиши бўйича «Х» ҳисобланади. Бунга мисол: «Алавес» тарбияланувчиси Хота Пелетейро (АПЛда «Астон Вилла» либосида кўриниш берган футболчи).
Диогуга қайтсак, у «Вулверхэмптон»нинг Чемпионшипдаги ўйинларида ҳам Сильва фамилияси билан ҳаракатланган. Чунончи, лига қоидаларига мувофиқ, футболчилар либосига уларнинг ҳақиқий исм-шарифлари битилиши шарт. 2018 йили «бўрилар» АПЛга кўтарилишди ва Диогу яна севимли J ҳарфини либоси орқасига қайтарди. «Вулвз» сафидаги мазмунли ўйинлар эса португалияликка «Ливерпуль» эшигини очди. Асосийси, Жота «қизиллар» ўйинига ҳеч қандай муаммосиз қўшилиб, бир уринишда голлар «териш»га тушди ва Жота фамилияси билан кенг танилди.
АПЛ Сильва фамилиясига эга ажойиб футболчилар кўп: Бернардудан тортиб, Тьягугача. Лекин Жота - ягона!