АНА, ХОЛОС! Қимматга тушган бир сурат

АНА, ХОЛОС!  Қимматга тушган бир сурат

«Нюрнберг» U-23 ҳимоячиси Никлас Зоммер оддийдек кўринган бир иши билан ўзини балога рўпарў қилди, гўё.

Аниқроғи, ёш футболчи «Бавария» формасида суратга тушиб, уни ижтимоий тармоқларга жойлаштирди. Гарчи Никлас ушбу хатти-ҳаракати ножўя эканлигини тушуниб, атиги бир неча соатдан кейин постни ўчириб ташлаган бўлсада, Мюнхен клуби либосини кийгани ва буни кўз-кўз қилганининг акс таъсири тезда билинди. Яъни йигитча «Нюрнберг» мухлисларининг кескин реакцияларига дуч келди. Улар жумладан, ФИФА кунларидан олдин «Магдебург»га қарши кечган ўйин вақти Зоммерга аталган 2та ўта қўпол баннерни баланд кўтаришди: «Никлас, сен худди «Бавария» каби расвосан» ва «Четга чиқ, Бавария тўнғизи».

Кейинги куни «Нюрнберг» матбуот хизмати ёш футболчи мухлислар ҳужумига дуч келгани ҳақида хабар берди. Клуб баёнотида таъкидланишича, кўнгилсиз воқелик Зоммернинг уйи атрофида содир бўлган. «Ушбу ҳаракат футболчининг 5 кун аввал ижтимоий тармоқларда «Бавария» либосида тушган суратига муносабатдек. Ваҳоланки, Никлас кўп ўтмай, суратни тармоқдан олиб ташлади, яна омма олдида ошкора узр сўради. Клубимиз раҳбарияти футболчининг жисмоний ҳужумга учрашига асло тоқат қилмайди, бундай хатти-ҳаракатни ҳамиша кескин қоралайди. Зеро, бундай ноўрин муносабат «Нюрнберг»нинг бой қадриятларига мутлақо мос эмас. Полиция воқеа юзасидан суриштирув ишларини бошлади. Агар айбловлар тасдиқланса, клуб тегишли тарзда жавоб қайтаради», - дейилди «Нюрнберг» баёнотида. 

Наҳотки, ёш футболчининг «Бавария» либосидаги оддий бир сурати «Нюрнберг» мухлисларига шу қадар оғир ботса... Гап шундаки, икки клуб мухлислари ўртасида тарихи узун зиддиятли муносабатлар бор. Қолаверса, Нюрнберг Бавария ҳудудида аҳоли сони бўйича Мюнхендан кейинги ўринда турувчи иккинчи шаҳар ҳисобланади. Умуман, «Бавария» ва «Нюрнберг»нинг ўзаро ўйинларига катта дерби сифатида қаралади. Тўғри, «Нюрнберг» ҳозир «Бавария»дан анча узоқда, аниқроғи, Бундеслига-2да.

А.Абдувалихўжаев тайёрлади