Рубен Санчес: «Ўзбекистон ҳаётига тўлиқ мослашганмиз...»

Рубен Санчес: «Ўзбекистон ҳаётига тўлиқ мослашганмиз...»

Испаниялик футболчи Рубен Санчес 2022 йилнинг июлида ўз фаолиятининг янги босқичини Ўзбекистонда бошлади.

Марказий Осиёнинг марказида жойлашган диёримиз ҳақида кўпроқ маълумот олиш мақсадида ФИФА расмий сайти Толедода туғилган Рубендан интервью олди. Санчес ҳам йўлбошчи ролини ўйнашдан ва Ўзбекистонга - катта турнир (14 сентябрдан 6 октябргача футзал бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати ўтказилади)га келишни режалаштирган мухлисларга маслаҳат беришдан хурсанд эди. «Толедо», «Спортинг Хихон», «Рекреативо Гранада» ва «Райо Махадаонда» клубларида ўйнаган 29 ёшли форвард ўтган йилнинг январида Термизнинг «Сурхон» клубига кўчиб ўтди ва у ерда 6 ой фаолият юритди. Сўнгра Олмалиқнинг ОКМК клубига ўтиб, мана ҳозиргача шу ерда ўйнаб келмоқда.

- Рубен, 2022 йилдан бери Ўзбекистонда ўйнаб келяпсиз. Демак, бу мамлакатни анча яхши билсангиз керак?

- Албатта. Пойтахт Тошкент ажойиб жой, чунки бу ерда анъанавий ва замонавий маданият бирлаштирилган. Шаҳарда чиройли бинолар ва боғлар билан бирга жуда ажойиб маҳаллалар мавжуд. Бунга Тошкент шаҳар паркини мисол қилиб келтирсак бўлади, у жуда катта ва тунда ёритилган биноларга эга. Шунингдек, яқинда у ерда Марказий Осиёдаги энг йирик савдо марказини қуришди. Мамлакат бўйлаб етарлича саёҳат қилолдим, чунки футболдан ортиш қийин. Лекин, шундай бўлса-да, Самарқандни четлаб ўтиш мумкин эмас. Агар сиз Ўзбекистонга ташриф буюрсангиз, бу шаҳарга албатта ташриф буюришингиз керак. Чунки у мамлакатнинг энг тарихий шаҳарларидан бири ва қадимий Буюк Ипак йўлидаги муҳим тўхташ жойларидандир. Пойтахтдан ташқарида сиз кўпроқ «ҳақиқий» шаҳарларни топишингиз мумкин. Одамлари жуда мулойим ва ҳар доим сизга ёрдам беришга тайёрлар.

- Уч миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган Тошкент шаҳридан нимани кутишимиз мумкин?

- Пойтахт сизни ҳайратда қолдиради! Бу жуда саёҳатбоп шаҳар ва унинг марказида Япония, Хитой, Россия, Украина, Сербия каби кўплаб мамлакатлардан одамлар келиб яшашади. Марказдан ташқарида «Чорсу» бозори каби кўплаб анъанавий озиқ-овқат бозорларини топишингиз мумкин, мен буни астойдил тавсия қиламан. Сиз бу ерда исталган турдаги ресторанни ҳам топа оласиз. Маҳаллий халқ жуда кўп чой ичишади, ҳаттоки жазирама иссиқ кунларда ҳам, лекин қаҳвани камроқ ичишади.

- Қандай маҳаллий таомни тавсия қила оласиз?

- Уларнинг ўзига хос таоми палов ҳисобланади. Таркиби қуйидагича: гуруч, қўй гушти, сабзи, пиёз, майиз ва зираворлар. Сомса ҳам борки, у кўпроқ бизнинг эмпанадаларимиз (аччиқ пиширилган маҳсулотлар)га ўхшайди ва майдаланган қўй ёки товуқ гўшти, шунингдек картошка, пишлоқ ва пиёз билан тўлдирилган. Шунингдек, шашликни ҳам тавсия қила оламан. У сихга ўтказилган кубикли гўшт бўлакларидан иборат. Одатда маҳаллий аҳоли қўй гўштидан тайёрланган шашликни афзал кўришади, гарчи таъбга қараб мол ёки товуқ гўшти вариантларини ҳам танлаш мумкин. Шўрвалари ҳам жуда кенг тарқалган. Маҳаллий нон эса жуда қизиқарли. Аммо кундалик ҳаёт ҳақида гап кетганда, мен супермаркетлардан Испаниядаги каби харидларни амалга ошираман.

- Футзал бўйича жаҳон чемпионатини катта иштиёқ билан кутаётган ўзбекистонликлар ҳақида бироз гапириб бера оласизми?

- Мини-футболнинг энг катта мусобақасини қабул қиладиган шаҳарлардан бири бўлган Андижонда футболни жуда яхши кўришади. Катта футбол бўйича миллий терма жамоалари ўйнаганида эса стадион иштиёқли мухлисларга тўлади. Ўйинлар кўпроқ пойтахтнинг «Бунёдкор» клуби фойдаланадиган «Миллий» стадионида ўтказилади. Айтганча, бир вақтлар бу клуб учун Ривалдо ўйнаган ва Луис Фелипе Сколари мураббийлик қилган.

- Маҳаллий аҳоли Испания­га алоҳида меҳр қўйишини тушунамиз, чунки уларнинг мураббийи яна ҳам испаниялик - Венансио Лопес. У спорт тарихига кирган шахс...

- Яқинда у билан Испания консули томонидан ташкил этиладиган учрашувлардан бирида кечки овқатни бирга қилдим. У ёнимга ўтирди ва Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатидаги мақсадлари ҳақида гапирди. Шунингдек, Осиё Кубогидаги саргузаштлари ҳақида ҳам гапириб берди, унинг жамоаси 3-ўринни эгаллади. Демак, уларда топ даражада ўйнаш учун зарур бўлган барча нарсалар борлиги аниқ. Венансионинг айтишича, мақсади жаҳон чемпионатида 1/8 финалга чиқиш ёки ундан ҳам узоқроққа бориш - шунда у Ўзбекистоннинг энг яхши натижасига эришиши мумкин экан.

- 2022 йили Ўзбекистонга илк келган кунларингизда, бу мамлакат ҳақида кўп нарса билмаган бўлсангиз керак...

- Аслида мен Испания клуби билан шартнома имзоламоқчи эдим. Лекин у ерда бўлган испан мураббийи орқали «Сурхон» клубидан таклиф олдим. Аввалига шокка тушдим, чунки мен ҳатто Ўзбекистонни харитага жойлаштира олмасдим. Яхшиямки, аллақачон у ерда испанлар ўйнашган ва мен улар билан боғландим. Менга Тошкент, мен яшайдиган шаҳар ҳақида гапириб беришди ва таваккал қилиб келавердим. Ўзимни Испаниядан ташқарида синаб кўрмоқчи эдим ва ҳақиқат шундаки, бу тўғри қарор эди. Бугун мен ҳам, Тошкентдаги халқаро университетда ишлайдиган шеригим ҳам бахтлимиз. Иккимиз ҳам бу мамлакат маданиятига жуда яхши мослашдик. Ўзбеклар сайёҳларга жуда яхши муносабатда бўлишади. «Сурхон»нинг лойиҳаси тугагач, қолган испанлар кетишди, лекин мен бошқа клубдан таклиф олдим. Бизни бу ерда ҳамма нарса қониқтирарди ва бахт­ли эдик, шунинг учун қолишга қарор қилдик. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекис­тон ҳаётига тўлиқ мослашганмиз.

МУҲАММАДХОН тайёрлади