«У янада кўпроқ ишлаши ва катта ўсишга эришиши керак, - деди катта Сон. - Агар ўғлим ҳозир эришган натижаларидан қониқса, бу инқироз яқин келганини англатади. У яхши формада бўлиш учун янада яхшироқ ўйнаши лозим, тўғрими? Ҳар доим унинг ҳозирги ҳолатидан қониқмай, яна 10 фоиз яхшироқ бўлишини истайман. У жаҳоннинг топ-клубларидан бирида муҳим роль ўйнаши керак. Шундагина дунё даражасидаги ўйинчига айланади. Аввал ҳам айтганимдек, ўғлим ушбу мақсадни амалга ошириши учун ҳар тарафлама 10 фоизга яхшироқ бўлиши лозим».
Отадан шундай фикр янграшини кутганмидингиз? Ахир «Тоттенхэм» ҳужумчиси Премьер-лигада 23та гол уриб, «Олтин бутса»ни Салоҳ билан баҳам кўрди. Аммо бундай қаттиққўллик катта Сонга хос.
*** Сон Вун Жун - Жанубий Кореяда юқори савияда тўп сурган собиқ футболчи. Бутсаларини михга илгач, фарзандларини ўзи шуғуллантирди. У жуда талабчан эди. «Отам қаттиққўл мураббий бўлганми? Ҳа, албатта. Ундан қўрқардим, - дейди Сон табассум билан. - У ҳар доим менга нима кераклиги ҳақида ўйларди. Барчасини мен учун қилган. Усиз ҳозирги ҳолатимга етолмасдим. Футболчи сифатида тез-тез ёрдамга эҳтиёж сезаман. Яхши мураббий билан ишлаш муҳим, омад ҳам керак бўлади. Менда эса ҳаммаси бор».
*** «У тўрт соат давомида укам иккимизга тўп тептирарди, - дея эслайди Сон. - Тахминан уч соатлардан сўнг тўп кўзимга учта бўлиб кўринарди, (кўзга қон тўпланиши натижасида) пол қизғиш тус олгандек туюларди. Жуда чарчардим, отамга эса бу ёқмасди. Ўйлашимча, бу (болаликдаги) энг эсда қоларли воқеа бўлган, тўпланганимизда, ўша онларни тез-тез ёдга оламиз. Тўрт соат давомида тўпни ҳавода ушлаб, ерга туширмаслик... жуда қийин, тўғрими?».
Сон 10-12 яшарлигида отаси унинг болалар жамоасида ҳам ишлаган. «Ўша кезлари барчамизга 40 дақиқа давомида тўпни ерга туширмай тепиш машқини ўтказарди. Кимдир тўпни ерга тушириб юборса, отам индамасди, лекин мен шундай хатога йўл қўйсам, ҳамма қайтадан бошлашини талаб қиларди. Футболчилар унинг ўғли бўлганим учун шундай қилаётганини сезишарди, бу жуда оғир эди. Лекин ҳозир шу ҳақда ўйласам, отам тўғри йўл тутганини ҳис қиламан», - дейди жанубий кореялик футболчи.
*** Катта Сон ўғлининг болалик давриданоқ унинг учун махсус машғулотлар ишлаб чиққанди. Аввалига улар асосан базавий кўникмалар устида ишлашди, кейин эса Сон ўрта мактабга қатнай бошлагач, отаси муттасил ишлаб, тўпни чап оёғида тепишни талаб қилган. «Тоттенхэм» ҳужумчиси 18 ёшга тўлганида, зарба бўйича ишлай бошлади - машғулот пайти муайян жарима нуқталаридан туриб, ҳар икки оёғида 500 мартадан тепди. Эҳтимол, ҳозирда Сонни икки оёқда идеал ўйин кўрсатадиган футболчи сифатида эътироф этилишига айнан шу талаблар сабаб бўлгандир? Тан олинг, унинг асосан зарба йўллайдиган оёғи чапми ёки ўнглигини сиз ҳам аниқ айтолмайсиз.
*** Футбол тарбиясидаги муҳим жиҳат - ҳурмат. Сонга ҳам буни болалигидан уқтиришган. «Отам кичкиналигимдан ҳар доим айтарди, агар дарвоза томон кетаётганимда рақиб жароҳат олса, тўпни четга тепиб, ўша футболчига ёрдамлашишим керак. Агар сен яхши ўйинчи бўлсанг-у, бош-қаларни ҳурмат қилмасанг, ҳеч ким эмассан. Отам ҳозир ҳам буни менга такрор айтади, - дейди Сон. - Баъзан буни уддалаш осон кечмайди, лекин биз авваламбор инсон, кейин эса футболчимиз. Бир-биримизни ҳурмат қилишимиз керак. Майдондами, унинг таш-қарисидами, аҳамиятсиз».
*** Ўтмишда Сон кореялик поп-юлдузлар, аёл хонандалар - Бан Мин А ва Ю Со-Юн билан учрашиб юрган, лекин у ҳозир ёлғиз. Афтидан, бу ҳолат узоқ давом этадигандек. Отасининг тавсиясига кўра, Сон футболчилик фаолиятини якунламагунча уйланмоқчи эмас: «Отамнинг фикрига қўшиламан. Уйланганингдан кейин оила биринчи даражага чиқади, рафиқа ва фарзандлар, ке-йин эса футбол. Мен учун топ-даражада ўйнаётганимда, футбол биринчи рақамда бўлиши муҳим. Фаолиятимни якунлаганимдан кейин ёки дейлик, 33-34 ёшда оилавий ҳаёт қуриш учун ҳали кўп вақт бўлади».
*** Тушуниш керакки, Жанубий Кореяда ота-онанинг сўзи фарзандлар учун қонун ҳисобланади. «Европа ва Осиёда қарашлар фарқли. Одамлар «Нега у ота-онаси билан яшайди?» деб ўйлашлари мумкин. Лекин бу ерда гап мендамас. Футбол ўйнашимга ким кўмаклашди? Ота-онам. Улар ҳаётларини қурбон қилиб, менга ёрдам бериш учун бу ерга келишди. Энди уларга шунга яраша жавоб қайтаришим керак, - дейди Сон. - Ҳозирги даражамга чиқишим учун яратилган ҳар бир имконият учун ота-онамдан бағоят миннатдорман».
А.АҲМЕДОВ тайёрлади