Бундеслига ва Лига 1 мураббийлар компанияси

Бундеслига ва Лига 1 мураббийлар компанияси

ҚУЛАЙ ГРАФИКА.

Газетамизнинг аввалги сешанба сонларида Европа миллий чемпионатлари янги мавсуми старти баҳона АПЛ, Ла Лига ва «А» серия клублари бош мураббийлари ҳақида яхлит маълумот тақдим этгандик sports.ru сайтининг қулай тасвирлари ёрдамида. Бугун шу мавзу давоми ўлароқ, Бундеслига ва Лига 1 мураббийлари гуруҳига назар соламиз. Хўш, Германия ва Франция чемпионатлари қайси бош мураббийлар билан эътиборга молик?

БУНДЕСЛИГА (Германия)

Юлдузлар гуруҳи қандай? Томас Тухель Германия чемпионатининг асосий рок-юлдузи ролида. Нико Ковач ва Марко Роуз эса ундан бироз пастроқда. Маҳаллий юлдуз - Кристиан Штрайх ҳам иштиёқли «Фрайбург» билан эътибор марказида. 2012 йилдан буён камтарин клубда ишлаётган ушбу мутахассис узоқ вақт битта жамоадаги фаолияти давомийлиги бўйича Бундеслига мураббийлари орасида 1-ўринни бўшатгани йўқ. Лекин ҳар до-им вақти келиб, йирикроқ наҳанг чиқади, барибир. Мана, энди Бундеслигага 2007 йилдан буён «Хай-денхайм»­ни бошқариб келаётган Франк Шмидт қадам босди. 

Янги шартномалар. Гер-мания элит ли-гасида янги мураббийлар кам, тўғрироғи, атиги икки нафар - «Айнтрахт»­даги Дино Топмеллер ва Менхенгладбах «Боруссия»си бошқарувини қўлга олган Херардо Сеоне. Иккинчиси «Байер»да натижа кўрсатолмади, балки бу сафар муваффақият қозонар... Топмеллер эса вақтида «Бавария» штабида ёрдамчи мураббий ролини бажарган ва энди мустақил лойиҳага киришди.

Кимларни алоҳида кузатиш керак? Албатта, аввало, Томас Тухелни. «Бавария» ёзда бутунлай қайта шакллантирилди, айрим «ноқис»лардан қутулди ва янги кампанияга тайёр, гарчи Германия суперкубоги учун баҳсда «РБ Лейп­циг»дан кучли «тарсаки» қабул қилиб олган бўлсада. Тухель эҳтимол, Мюнхенда ЧЛ шоҳсупасини кўзлаётгандир. Хаби Алонсо ҳам ўз иши билан қизиқиш доирасида. «Ба­йер» ўтган мавсумнинг иккинчи ярмида испаниялик мутахассис қўл остида катта сакрашни амалга оширди. Алонсо янги мавсумда ҳам суръатни пасайтирмаслик ниятида. Яна Урс Фишер ва «Уни-он» ҳам диққат марказида бўлиши тайин. Ахир Берлин жамоаси ЧЛ-да дебют қи-лади. Фишер ҳам ички, ҳам ташқи фронтни бирдек назорат остига олиш салоҳия­тига эгами? Бу вақт ҳукмидаги савол, албатта.

Ким биринчи бўлиб истеъфога чиқиши мумкин? Ҳозир бу хусусда қан-дайдир тахминни илгари суриш қийин. Аммо икки на-фар «ном­зод»ни ажратиб кўрсатиш мумкин - Эдин Терзич ва Херардо Сеоне. Ҳар ҳолда, Дортмунд «Боруссия»сида навбатдаги сотув кампанияси кузатилди ва бунинг таъсирида бош мураббий «оқиб» кетиши» ҳеч гап эмас. Қолаверса, Терзичга тайёр чемпионликни қўлдан чиқариш азоби ҳам халақит бериши мумкин. Сеоне эса 2015 йилдан буён Менхенгладбах жамоасида иш бошлаган 6-мураббийдир. Яъни иккинчи «Боруссия»да мутахассисларни кўп ушлаб туришга одатланишмаган. Шундай экан, швейцариялик имкон қадар тезроқ натижа келтириши керак. Албатта, «биринчи бўлиш» қисмати Пеллегрино Матараццо, Оле Вернер, Томас Лех ёки Энрико Маасен бошига тушиши ҳам мумкин. Шунингдек, Томас Тухель дастлабки истеъфо сабабчисига айланишдан тўлиқ ҳимоя­ланмаган, барибир.

Яна нима? Мураббийлар бўлимининг энг ёш вакиллари Бундеслигада тўпланишган. Чемпионат клублари бошқарувчилари ўртача ҳисобда атиги 46 ёшдалар. Дейлик, Оле Вернер энди 35 ёшдан ҳатлади. Энг «кекса» мураббий Штрайх эса 58 ёшда. Қолаверса, Бундеслига - бу тактик схемалар, ўйин тузилмалари ва чизгилари бўйича инқилобчи-инноваторлар чемпионати.

frans-murab-2023s.JPG

ЛИГА 1 (Франция)

Юлдузлар гуруҳи қандай?

«ПСЖ»да ҳамон бутунлай тартибсизлик ҳукмрон. Лионель Месси ва Серхио Рамос кетди, Неймар ҳам кетди, Килиан Мбаппе кетолмай, армонда. Кристоф Галтье эса ирқчилик масаласида муаммоларга ғарқ бўлди. Бунга Парижда кузатилган намо­йишларни қўшсак, «ПСЖ»нинг мавсум-2023/2024га тўлиқ тайёр эмаслиги ойдинлашади. Лекин ижобий янгиликлар ҳам бор - Луис Энрике бош мураббий ролида. Испаниялик мутахассис Франция чемпионатига нисбатан қизиқишни озми-кўп оширади, барибир. Қолаверса, Лоран Блан ва Пауло Фонсека бор, яна Патрик Виейра ҳам.

Янги шартномалар. Лига 1 янги мавсумга нақ 6 нафар янги мутахассис билан киришди. Бу жуда кўп, албатта. Луис Энрике «ПСЖ»да, Патрик Виейра «Страсбур»да, Марселино «Марсел»да. Марселино ва «Марсель - қаранг, қандай гўзал. Фақат битта савол бор - қанча вақтга? «Ницца» раҳбарияти эса Туркия қир­ғоқларидан келган 34 ёшли Франческо Фариолига ишонч билдирди. «Тулуза» Филипп Монтаньенинг собиқ ассистенти Карлес Мартинезни бош мураббий ролига муносиб кўрган бўлса, «Монако»да ўтган мавсум Менхенгладбах «Боруссия»сини бошқарган Ади Хюттер иш бошлади.

Кимларни алоҳида кузатиш керак? Пауло Фонсеканинг «Лилль» ва Лоран Бланнинг «Лион»даги фаолиятини кўриш қизиқарли, албатта. Ҳар иккиси «ПСЖ»нинг кучсизланганидан фойдаланиб, чемпионликка даъво очиши мумкин. Яна ёш Франческо Фариоли «Ницца»да нима қилишини алоҳида кўриш керак. Эҳтимол, яна бир сеҳрли лойиҳа юзага қалқиб чиқар... Луис Энрике эса янгиланаётган «ПСЖ»да мувозанатни топиш учун анча бош қотириши зарур. Умуман олганда, Лига 1 кенгликларида жорий мавсум кўришга арзийдиган ишлар етарли.

Ким биринчи бўлиб истеъфога чиқиши мумкин? Юм-шоқ айтганда, Патрик Виейра мураббийлик фаолияти учун яна бир марта мураккаб вариантни танлади. Ҳар ҳолда, «Страсбур»ни билиб бўлмайди ва бу клуб франциялик мутахассиснинг соҳадаги юришини батамом чеклаб қўйиши ҳеч гап эмас. Шунингдек, Карлес Матринезнинг «Тулуза»да оғир синов кутаётгани аниқ. Бу клуб еврокубокларда ҳам ўйнашини унутмаслик керак. Қисқаси, ички ва таш­қи юриш ёш мураббийга ҳам, клубнинг ўзига ҳам қийинчилик туғдириши мумкин.

Яна нима? «Реймс» мураббийи Уилл Стилл атиги 30 ёшда. «Мец» аксинча, 70 ёшли Ласло Болони бошқарувида. Қаранг, иккисининг ёши ўртасида 40 йиллик фарқ бор. Шу маънода «Реймс» ва «Мец» қарама-қаршилигини томоша қилиш қизиқ. Умуман, Францияда нафақат кўчалар беқарор, балки мураббийлар курсиси ҳам мустаҳкам эмас. Дейлик, Лига 1да мураббийларга боғлиқ ишлаш давомийлиги бўйича ўртача кўрсаткич 1 йилдан ҳам паст.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади