«Челси», Поттерни нима қилдинг!

«Челси», Поттерни нима қилдинг!

«Челси» бош мураббийи Грэм Поттернинг яқин орадаги икки суратини ёнма-ён қўйсангиз, унга Лондон клубининг охирги омадсизликлари нақадар кучли таъсир қилганини осонгина тушунасиз.

Тиниқлик ўрнида хиралик, силлиқ пешонада ажинлар, бўртиб чиққан кўз ости...

Англиялик журналист аёл Ребекка Арнольд «Твиттер»да Грэм Поттернинг икки суратини таққослаб, «Челси»дан ўпкалади: «Ҳой «Челси», атиги 4 ойда Грэм Поттерни не куйга солдинг? Уни зудлик билан эркинликка чиқариб юборинглар, илтимос». Ryanair авиакомпанияси эса, бунга дарҳол жавоб қайтарди: «Йўқ, аввало, ундан анави «қопчалар» (кўз остидаги шишларга ишора) учун товон ундиришимиз керак». Нима дердик, инглизча нафис ҳазил...

Ҳазил ўз йўлига, аммо Поттер чиндан ҳам, жуда оғир аҳволда. Ахир трансферлар бозорида миллион-миллион евро сарфлаётган «Челси» айни пайт АПЛ турнир жадвалининг 10-ўрнида бормоқда. Боз устига, «аристократлар» 15 январь куни «Стэмфорд Бриж»да «Кристалл Пэлас»ни зўрма-зўраки (1:0) енгишларига қадар 7та ўйинда атиги 1тадан ғалаба ва дуранг қайд этган ҳолда, 5 бора мағлубликни тан олишди. Кўринишидан, шу омадсиз давр «сеҳргар» Поттерни қаритди, чоғи...