Дилшод Раҳматов: «Барчанинг ишончини оқлашимиз керак»

Дилшод Раҳматов: «Барчанинг ишончини оқлашимиз керак»

Футзал бўйича терма жамоамиз сардори Дилшод Раҳматов ФИФА расмий сайтига интервью берди.

Унда 34 ёшли футболчи Ўзбекистон терма жамоасининг сўнгги мундиалдаги иштироки, сардорликка қандай эришгани, Хосе Венансио Лопеснинг мураббийлик иши ва жамоанинг мақсадлари ҳақида гапирди.

- ЖЧ-2021да Ўзбекистон Мисрни мағлуб этиб, жаҳон чемпионатидаги дастлабки ғалаба ва тарихда илк бор плей-офф босқичига йўлланмани қўлга киритди. Бу қандай содир бўлди?

- Литвада ўтказилган 2021 йилги ўша ўйин мен учун энг эсда қоларлиси бўлди. Аввало, Ўзбекистон футзали тарихидаги илк жаҳон чемпионати ғалабасини қўлга киритдик. Бу ўйин натижасидан жуда хурсанд бўлдик. Эсимда, Анасхон Раҳматовнинг супер голи эвазига гуруҳда 2-ўринни эгаллаб, плей-офф босқичига йўлланма олгандик.

- Литвада ўтган жаҳон чемпионати 1|8 финал бос­қичида жамоангиз деярли супер камбек амалга оширган Эронга қарши ақлбовар қилмас учрашув ҳақида қандай фикрдасиз?

- Биз Осиё турнирларида Эронга қарши кўп бор ўйнаганмиз, лекин Литвадагиси бошқача эди. Чунки уларга қарши тарихимизда ЖЧда илк марта баҳс олиб бордик. Шу боис ўша учрашувда худди финалда ўйнагандек ҳаракат қилдик. Ҳимоядаги хатоларимиз туфайли 9та гол ўтказиб юбордик. Шу билан бирга уларнинг ҳимоядаги хатоларини топиб, 8 марта жавоб беришга ҳам муваффақ бўлдик. Ўйлайманки, қўшимча вақтимиз бўлганида ғалаба қозонишимиз мумкин эди. Драматик ўйиндаги мағлубиятимиз унутилмас ва аламли бўлганди.

- Футзал бўйича жаҳон чемпионатини ўзбек халқи қандай кутмоқда?

- Мамлакатимизда футзалга эътибор жуда кучли, Ўзбекис­тонда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида атмосфера шунчаки даҳшатли бўлади. Чипталарга талаб ўта юқори, мухлислар ўйинларга шахсан ташриф буюришни исташмоқда. Улар жаҳон чемпионатини катта қизиқиш ва интиқлик билан кутишмоқда.

- Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси ўйинлари пайтида қандай муҳит кузатилади, деб ўйлайсиз?

- Ўйлайманки, мухлисларимиз ўйинларни завқ билан томоша қилишади, мутахассислар эса футзал бўйича янги иқтидорларни кашф этиш ва янги тактик ишланмаларни кузатиш имконига эга бўлишади. Қўшимчасига биз барча учрашувларни диққат билан кузатиб борамиз, спортнинг нозик жиҳатларини ўрганамиз.

- Ўзбекистоннинг Нидерландияга қарши ўйини олдидан «Хумо Арена»да оилангиз ва дўстларингиз қаршисида бўлиш, сардорлик боғичида жамоани паркетга бошлаб тушиш ва давлат мадҳиясини тинглаш сизга қандай ҳиссиёт беради?

- 14 сентябрь куни Нидерландияга қарши дастлабки ўйинда сардорлик боғичини тақиш шахсан мен учун катта масъулиятдир. Мухлисларимиз, юртдошларимиз олдида юртимиз шарафини ҳимоя қилишимиз керак. Ҳар бир футболчи давлат мадҳияси янграганида фахрланади ва бор кучи билан ғалабага интилади. Бу шараф таркибдаги атиги 14 нафар футболчига берилади. Президентимиз, ота-оналаримиз, мураббийларимиз ҳамда юртдошларимиз ишончини оқлашимиз керак. Бизга берилган имкониятлардан унумли фойдаланишимиз керак. Шунинг учун ҳам астойдил ишлаяпмиз.

- Парагвай ва Коста-Рика жамоалари ҳақида қандай фикрдасиз?

- Биз барча рақибларимизни ҳурмат қиламиз. Коста-Рика ва Парагвай ҳақида фикрим шуки, жаҳон чемпионатида оддий рақиб ёки одатий ўйин йўқ. Турнирга фақат энг кучли жамоалар йўлланма олди. Мураббийларимиз барча жамоаларни ўрганиб, ўйин услубларини таҳлил қилишди. Бунинг устида ҳам ишлаяпмиз. Коста-Рикада ҳам, Парагвайда ҳам юқори техникали ва иқтидорли футзалчилар бор. Бу жамоаларга қарши чиройли ва шиддатли ўйин бўлади.

- Ўзбекистон терма жамоасининг турнирдаги мақсади қандай?

- Бизнинг асосий мақсадимиз жаҳон чемпионатида қатнашиш ва олдинги турнирдаги натижамизни яхшилаш. Жамоа сардори сифатида бундай жамоадошларим билан медаль учун кураша олишимизга ишонаман. Биз ҳар қандай рақибга қарши ўйнай оламиз. Энг катта устунлигимиз эса мухлисларимиз бўлади. Уларнинг кўмагида яхши натижага эришишга интиламиз.

- Хосе Венансио Лопес қандай мураббий?

- Хосе Венансио Лопес жамоамизга мураббий этиб та­йинланганида жуда хурсанд бўлдим. Венансио жуда тажрибали ва талабчан мураббий. Муваффақият учун тартиб-интизом ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Футзалчи ва бўлажак мураббий сифатида ҳали ундан кўп нарсани ўрганишим керак. Ундан олган тажрибамиз келажакда ўзбек футзалининг ривожланишига ҳисса қўшади. Унинг беш карра жаҳоннинг энг яхши мураббийи бўлганининг ўзиёқ қандай мутахассис эканидан далолат беради. Ишонаманки, шундай мураббий билан жаҳон чемпионатида яхши натижага эришамиз.

- Ўзбекистонлик футзалчилардан қайси бири жаҳон чемпионатида ёрқин ўйин намоойиш этади, деб ўйлайсиз?

- Жамоамиздаги ҳар бир футзалчи ажойиб ўйин кўрсата олади, барча жамоадошларим футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоа­си учун бор кучларини ишга солишларига ишонаман.

Хабарингиз бор, 14 сентябрь куни мамлакатимизда футзал бўйича навбатдаги жаҳон чемпионатига старт берилади. Аввалроқ ФИФА терма жамоаларнинг қайдномасини эълон қилган эди. Сешанба куни эса ЎФА матбуот хизмати якуний рўйхатимизни маълум қилди. Унга кўра, Хосе Венансио Лопес танлаган футзалчилар орасида Дилшод Раҳматов йўқ. Сардоримиз жароҳати туфайли якуний қайдномадан ўрин олмади, унинг ўрнига таркибга Анасхон Раҳматов жалб этилди.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади