Ҳа, ҳеч бир ҳимоячи барча мусобақаларда португалиялик ҳимоячидан (49та) ортиқ ўйин ўтказмаган. Ва бу ҳаммаси эмас. Opta маълумотларига кўра, Далот ҳам ҳужум, ҳам мудофаа кўрсаткичлари бўйича АПЛнинг энг яхши ҳимоячилари қаторига кирди, жумладан, очиқ ўйинда яратилган вазиятлар, тўпга эгалик қилишдаги устунлик ва тўпни ҳимоядан олиб чиқишда. «Брайтон» билан АПЛ мавсумининг якуний 38-тур сафар ўйини олдидан «МЮ» расмий сайти 25 ёшли футболчидан интервью олди.
- Жорий мавсум жамоа ундан кутилган натижа ва ўйинни кўрсатмади. Лекин шахсий жиҳатда Сиз анча самарали мавсумни ўтказдингиз...
- Шубҳасиз, сиз биринчи кунданоқ хоҳлаган натижаларга эриша олмаганингизда, таъм энди бир хил эмас. Аммо алоҳида-алоҳида кўриб чиқсак, ҳа, мен ҳар ҳолда бирмунча яхши мавсум ўтказганимга ишонаман. Олдингилари билан солиштирсак олдинга бир қадам ташладим ва бу мени хурсанд қилади, қилган ишим ўз самарасини бераётганини ҳис қилдим.
- Ўзингиздаги бундай ривожланишни кутганмидингиз? Умуман, қандай қилиб бирдан бунчалик самарали ўйин кўрсатиш мумкин?
- Бу мен учун мақсад эди ва бу мухлисларга, шунингдек, ходимлар, жамоадошларимга мен ҳар бир ўйинда тайёр бўлишим ва ўйнашга тайёр бўлишим мумкинлигини етказишдан иборат эди. Мен ҳар бир ўйинга тайёр бўлиш учун ҳар куни ишлашга ҳаракат қилдим. Ҳозирча ишлар жуда яхши кетмоқда ва умид қиламанки, бу кўп йиллар давом этади. Шахсан мен бу мавсумда аввалгиларига қараганда анча изчил эканлигимни кўрсатдим деб ўйлайман. Шундай қилиб, бу йил менинг асосий мақсадим - ҳар бир ўйинда янада барқарор бўлишга ҳаракат қилиш, ҳар доим бир хил даражада ўйнаш бўлди. Албатта, ҳар доим зўр ўйнаш қийин, лекин мен жорий мавсумда жуда изчил эдим ва бу мени хурсанд қилади.
- 2021 йилда, Криштиану Роналду «Юнайтед»га қайтганида куннинг ҳар бир дақиқасини ўйинларга тайёргарлик кўришга бағишлаш ва тикланишга эътибор қаратишни чинакамига бошлаганингизни айтгандингиз...
- Бу кўникмаларга бутунлай берилиб кетган Криштиану билан ҳаётий тажрибам бор эди. У билан кўп вақт ўтказгандан сўнг, бу тажриба менга ҳам ўтди. Ҳозир шу жиҳатлар менинг бир қисмим. Ўйлайманки, мен ҳар куни тикланиш, руҳий ва жисмоний ривожланиш устида ишлаш учун бироз вақт ажратишим керак бўлган ушбу тартибни яратдим. Энди бу одатий ҳол: мен шунчаки тикланиш, овқатланиш ва фойдали бошқа нарсалар устида ишлашга ҳаракат қиламан, шунда тана ўзини ўйнашга тайёр ҳис қилади. Охир-оқибат, танамиз бизнинг воситамиз - футбол ўйнаш учун фойдаланадиган нарсамиздир. Бунчалик тиғиз тақвимда мен имкон қадар тезроқ тикланишга ҳаракат қиламан. Лекин руҳий жиҳатдан, бу қийин мавсум эди. Ва ишлар яхши кетмаса, бу клубда ҳамма нарса муҳимроқ бўлади. Сиз ғалаба қозонасизми ёки ютқазасизми, барибир ҳамма нарса муҳим. Шунинг учун сиз ҳақиқатдан ҳам руҳий жиҳатдан тайёр бўлишингиз керак. Яъни, барча босимларга дош бериш, ҳар куни Каррингтонга клуб стандартларига жавоб бериш учун келишга ҳаракат қилиш...
- Жорий мавсумда сизни кўпроқ ярим ҳимоячи вазифасида кўрдик. Балки шу жиҳат ҳам янада очилиб кетишингизга омил бўлгандир?
- Бу дарҳақиқат яхшиланишимга ёрдам берди, айниқса ақлий жиҳатдан. Чунки сиз ярим ҳимояда ўйнаганингизда, ўйинни доимий равишда кузатиб боришингиз керак. Тўпни олиш учун ҳар доим энг яхши ҳолатда бўлишга ҳаракат қилишингиз керак. Ва энг муҳими диққатни йўқотмаслик талаб этилади.
«МЮ»ДА ЭНГ КУЧЛИЛАР АНИҚЛАНДИ
Португалиялик ҳимоячи Диогу Далот жамоадошлари томонидан мавсумнинг энг яхши ўйинчиси сифатида эътироф этилди. Мураккаб кампанияда португалиялик ҳимоячи ёруғлик нури эди ва клубнинг беқарор натижаларига қарамай шахсий барқарорликни топди. Жамоа жароҳатлардан азият чеккан мавсумда унинг иккала қанотдаги равонлиги Эрик тен Хаг учун ҳақиқий неъмат бўлди. Жамоанинг яна бир португалиялик юлдузи - сардор Бруну Фернандеш ҳам мухлислар томонидан энг яхши футболчи деб топилиб, 3-бор Сэр Мэтт Басби мукофотини қўлга киритди. Аргентиналик вингер Алехандро Гарначонинг «Эвертон» (3:0) дарвозасига киритган тўпи эса энг чиройли гол деб топилди.
МУҲАММАДХОН тайёрлади