Эътироф: Бурчак зарбаси пенальти мисоли...

Эътироф: Бурчак зарбаси пенальти мисоли...

«Астон Вилла» хавбеки Дуглас Луис бурчак зарбаларини пенальти мақомига кўтармоқда.

У охирги ҳафталарда 4та «қуруқ барг» яратди - бир-биридан чиройли голлар. Табиийки, бразилиялик футболчи бунинг устида машғулотларда алоҳида ишлайди.

«Арсенал» АПЛ 5-турида «Астон Вилла»ни 2:1 ҳисобида енгди - бу «канонирлар»нинг мавсум стартидаги кетма-кет 5-ғалабалари эди. Лекин Микель Артета шогирдлари ниҳоятда ажиб гол қўйиб юборишди. Яъни «Вилла» футболчиси рақиб дарвозасини бевосита бурчак зарбаси орқали ишғол қилди. Дуглас Луис ижросида навбатдаги «қуруқ барг». Айтганча, «Арсенал» трансферлар ойнасининг сўнгги соатларигача бу футболчини ўз томонига оғдиришдан умид узмади. 24 ёшли бразилияликнинг трансфери деярли амалга ошганди ҳам, фақат охирида нимадир ўхшамади ва у «Вилла»да қолди.

Дуглас Луис - Токио Олимпиадаси чемпиони. У Японияда гол уриш бобида ҳам мутлақ натижа кўрсатди. Луиснинг голлари одатда «олимпико» атамаси билан таърифланади. Бразилиялик «Арсенал»га ажиб гол «тортиқ» этишдан олдин кубок турнирида «Болтон»га қарши ўйин (4:1)да ҳам бурчак зарбасидан тўпни тўғридан-тўғри дарвозага киритганди. Ўша голдан бир кун олдин эса машғулотда ҳам худди шундай каромат кўрсатганди. Лекин бу ҳаммаси эмас - «Вилла» мухлислари мавсумолди йиғинларида «Уолсол» билан бўлган «ўртоқлик»да ҳам Луис ижросида шундай гол кўришганди. Оддий айтганда, бразилиялик хавбек қиқса вақт ичида бурчак зарбасидан камида 4та гол урди. Шундан охирги 2таси бир ҳафта ичида, яна расмий ўйинларда кузатилди.

Луис Дуглас олдинроқ «Манчестер Сити» ихтиёрида эди. У еврофутболга 2017 йили юзланган бўлиб, ўшанда «шаҳарликлар» трансферига 12 миллион евро сарфлашганди. Лекин жамоа раҳбарияти бразилияликни дарҳол ижара келишуви асосида «Жирона»га жўнатди. Дугласнинг АПЛдаги дебюти эса 2019 йили кузатилди, лекин «Сити» эмас, «Астон Вилла»да. Бирмингем жамоаси уни 15 миллион еврога сотиб олди. Луис шундан буён «Вилла»нинг чемпионат доирасидаги 119та ўйинидан 107тасида майдонга тушди. Эндиликда футболчи топ-клублар назарида. Бразилиялик хавбекнинг амалдаги шартномаси эса келаси ёзгача мўлжалланган. Охирги трансферлар бозорининг сўнгги соатлари ярим ҳимоячи учун «Арсенал», «Челси» ва «Ливерпуль» ўртасида қизғин кураш борди. Қолаверса, унга «Атлетико» ва «Ньюкасл» ҳам бефарқ эмасди. Харидорлар «Астон Вилла»га чамаси 20 миллион фунт стерлинг таклиф этишди, бироқ жамоа 30 «лимон» олишни истади. Умуман, «Вилла» бош мураббийи Стивен Жеррард «Арсенал»га қарши ўйиндан сўнг футболчини қўйиб юборишни истамаётганини тан олганди: «Афсуски, Дуглас трансферини назорат қилолмайман, ҳаммаси унинг ўзи ва агентига боғлиқ. Лекин жамоада қолишини истардим, у - фантастик футболчи. Ўз позициямни аниқ тушунтирдим. Ҳозир энг яхши футболчиларимиздан бирини йўқотадиган  ҳолатда эмасмиз. Бироқ Дуглас шартномаси тугашига 1 йилча қолди ва клуб бу ҳолатда энг яхши вариантни танлашга мажбур». Якунда «Вилла» раҳбарияти мураббий гапларини инобатга олдими ёки бош­қа сабаб, ҳар ҳолда, Луис Дуглас қолди.