ЭЪТИРОФ: Палмер чиндан ҳам зўрми?

ЭЪТИРОФ:  Палмер чиндан ҳам зўрми?

Саноқли кунлар аввал биз билан хайрлашган 2023 йилнинг 30 декабрида Лондоннинг «Челси» клуби Лутон Таунга ташриф буюрди.

Мазкур митти шаҳарчадаги камтарин стадион «Арсенал», «Манчестер Сити» каби грандлар асабларини «ўйнаган, энди жиддий синов навбати грандлик мақомини йўқотиб қўйган «аристократлар»га келганди.

Телекамералари замон талабига жавоб бера олмайдиган даражада паст ўрнатилган ана шу ўйингоҳда «Лутон» ўта шиддатли ўйин намойиш этади, илк дақиқадаёқ прессингга ўтиб, ўз мухлисларини хушнуд этишга интилади. Улар эса суюкли жамоаларини ўта фаоллик билан қўллаб-қувватлашга киришадилар. Ўзаро садоқат учун жамоага ҳам, ашаддий мухлисларга каттакон раҳмат! Ўйиннинг 26-сониясида дастлабки прессинг, биргина Палмер муросасиз тортишувдан холи, бу мавзуга кейинроқ қайтамиз.

«Лутон»нинг прессинги

Шу босим туфайли «Челси» муаммога дуч келмаган бўлсада, дарвозабон Петрович ўта мураккаб вазиятда тўпни олдинги чизиқдаги Броя (Оливье Жируни эслатадиган ажойиб ҳужумчи) томон йўллади. У эса тўпни чаққонлик билан илиб олди. «Лутон» прессингидаги яна бир муҳим жиҳат, Коул Палмер. Жамоа аввало тўпга яқин бўлган рақибларини таъқибга олади, 2 нафар таянч ярим ҳимоячиси эса рўпарасидаги рақибини. Бироқ муаммо шундаки, «Челси» марказга 2 эмас, 3 нафар ўйинчини туширган. Мана шу вазиятда Палмер ажойиб топқирликни намойиш этади. Агар у олдинга интилиб, рақибнинг 2 марказий ҳимоячисига яқинлашса, бошқа рақиблари унга яқинлашиб, тўпни хотиржам қабул қилишига халал беришарди. Буни олдиндан ҳис этган Коул ортга чекинади, рақиб ҳимоячилари эса таъқибни тўхтатишади. Чунки «Лутон» ҳужумчиси дарвозабон билан бирга бир вазиятга чиқиш эҳтимоли кўпаяди. «Челси» эса тез орада ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Палмер ўз ҳудудида тўпни қабул қилиб, қанотдаги Жексонга йўллади.

Палмер орқали прессингдан чиқиш

Жексон ўша узатмани голга айлантира олмади. Коул эса гол урди, урганда ҳам, анчайин қийин вазиятдан урди. Гўёки, бу унинг ақлли ҳаракатлари учун футбол томонидан берилган туҳфа эди. Ваҳоланки, Палмер «Сити»да ҳужумчи ортида эмас, қанотда тўп сурган, Пеп уни шу ролга муносиб деб ҳисоблаганди. Ёш иқтидор соҳибини шундай ўзига мос позицияга ўтказган Почеттинога раҳмат айтиш жоиз. Тез орада «Челси» ҳисобни йириклаштирди. Иккинчи гол муаллифи ким, дейсизми? Йўқ, Палмер эмас, лекин Мадуэкени айнан у самарали узатма билан таъминлади.

Тўғри, «Лутон»нинг ўйин услуби мукаммал эмас, камчиликлар бошқа жамоаларда ҳам етарли. Бироқ чизиқлар ўртасидаги оптимал позицияни топиш ва ундан унумли фойдаланишни ҳам билиш керак. Иккинчи голни амалга ошириш жараёнида Палмер аввалгидек ортга чекинмади, балки олдинга интилди. Бу ҳам рақиб ўйинчилари учун кутилмаган янгилик бўлди ва иккинчи голга олиб келди. Афтидан, Коул воқеалар ривожини олдиндан ҳис этади унга мос равишда ҳарактланади. Албатта, англиялик қаҳрамонимиз ҳам камчиликлардан мосуво эмас, лекин унинг неча ёшда эканлигини ҳам инобатга олиш керак. Ҳа, у ҳимояда ўйнашни хуш кўрмайди. Тафсилотларга тўхтаб ўтишнинг ҳожати йўқ, бу шундоқ ҳам яққол кўзга кўриниб турадиган ҳолат. У прессингга боришни ҳам ёқтирмайди. Қисқаси, маромига етказиб олишни талаб этадиган камчиликлари етарли.

Бироқ «Челси» учун тортнинг безагига айланган 3-голни ҳам ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Шу билан бирга, Коул вазиятга баҳо бериш ва тўғри қарорга келиш қобилиятига эга эканлигини яна бир карра намойиш этди. Бу - туғма лаёқат, қайсидир футболчида бор, бошқа­сида йўқ. Баъзан тажриба билан ҳам келиши мумкин, лекин Палмер бу жиҳатни тўплашни яқинда бошлаган.

Палмернинг идеал очилиши

Идеал очилишнинг интиҳоси - гол. Бироқ Коул дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиққан чоғида ҳам энг тўғри қарорни танлади - аввал уни алдаб ўтди, кейин дарвозани ишғол этди. Кўпчилик футболчилар айнан зарба йўллаш чоғида шошиб қоладилар, Палмер эса тўпни хотиржамлик билан йўллади.

Ҳисоб йирик кўриниш олгач, меҳмонлар бир оз хотиржамликка берилиш оқибатида 2 марта ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишди. Лекин бунда Палмерни айблашга асос йўқ. Бундан ташқари, «Челси»ни ҳам тушуниш қийин эмас, ҳозирда у АПЛнинг қайтадан шаклланаётган ёш жамоаларидан бири.

Палмер хусусида хулоса чиқарадиган бўлсак, сарлавҳадаги сўроқ белгиси олиб ташланса, адолатли бўлади. Мазкур ўйинда Коул олдинроқ «шаҳарликлар»га ҳам, «тўпчилар»­га ҳам очко бермаган «Лутон»ни маҳв этди. Ўтган мавсумда «кўклар»га айнан у етишмаганди. Қани, кўрайликчи, мавсумнинг ҳал қилувчи босқичида англиялик иқтидорнинг ўйини қай тариқа ривожланаркин. Лекин шиддатли парвоз учун асослари етарли.

 Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади