ЭЪТИРОФ: Ўсмирлар ўйинида 67 минг мухлис

ЭЪТИРОФ: Ўсмирлар ўйинида 67 минг мухлис

«МЮ» ва «Ноттингем Форрест» ўсмирлар жамоалари Англия кубоги финалида ўзаро куч синашди. Навқирон «қизил иблислар» 3:1 ҳисобида ишончли ғалабани нишонлашди.

«МЮ» сардори Рис Беннеттнинг голига ўз дарвозабони Радек Витек автогол билан жавоб қайтарди. Аммо иккинчи бўлимда «Юнайтед» даражаси ўз сўзини айтди: Алехандро Гарначо «дубль» расмийлаштирди.

Учрашув шунингдек, томошабинлар ташрифи билан ҳам алоҳида аҳамият касб этди. «МЮ» ўсмирлари «Олд Траффордда 67 492 нафар мухлис йиғишди. Майдонда катта футболга илк қадамларни қўяётган йигитлар куч синашдилар. Манзара эса ҳайратланарли.

Ўсмирларни қўллаб-қувватлаш учун асосий жамоа аъзолари Давид де Хеа, Гарри Магуайр, Бруну Фернандеш, ўтмиш афсоналари (Ники Батт, Дуайт Йорк, Уэс Браун), клуб вундеркиндларидан бири Ханнибал Межбри ва албатта, сэр Алекс Фергюсон ташриф буюришди.

Оммабопликнинг икки сабаби бор: гарчи «МЮ» ўсмирлар ўртасида Англия кубогини қўлга киритиш рекордчи бўлсада (энди 11та ютуқ), ёш «иблислар» сўнгги бор мавсум-2010|2011да турнир финалида қатнашишганди. Қўшимчасига, клуб чипта учун рамзий нарх белгилади - 1 фунт, ваҳоланки, хоҳловчилар кўп эди. Умумий ҳисобда 74 140та чипта сотилди - «Олд Траффорд» ўз бағрига айнан шунча мухлисни сиғдира олади. Ишқибозларнинг маълум қисми ўйинга келолмади, шу боис, финалдаги ташриф буюрганлар 67 492 киши этиб кўрсатилди.

Аввалги рекорд ҳам «Манчестер Юнайтед» иштирокидаги ўйинда қайд этилган, 2007 йилнинг мартида «Арсенал» ва «МЮ» «Эмирейтс»да ўсмирлар ўртасидаги кубоги финалида куч синашганди. Ўшанда лондонлик йигитларнинг ғалабасини 38 187 мухлис кузатиб борган.

«МЮ» ўсмирлари орасида кимлар эътиборга лойиқ?

Алехандро Гарначо

17 ёшли аргентиналик термага чақирилиб, асосий таркибда дебютини ҳам нишонлаб улгурган. «МЮ» уни «Атлетико»дан олган, энди эса ўсиш жараёнидан роҳат олмоқда. Жорий мавсум «Юнайтед» U-18 жамоасининг энг яхши футболчисига аталган Жимми Мёрфи соврини айнан Гарначога насиб қилди.

Чарли Макнилл

«МЮ» қўшни «Сити»дан «ўғирлаган» ушбу форвард асосий ўсмирлар дербисида ўзини кўрсатди. Бирданига «покер» расмийлаштирди.

Жо Хагилл

«Юнайтед» кўплаб голлар ураётган ҳужумчи учун курашда «Арсенал» ва «Тоттенхэм»ни ортда қолдирди. Ёш Хагилл учун «Сандерленд»га 330 минг евро тўланди.

Ў.УМАРОВ тайёрлади