Улар орасида Уругвай терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Оскар Табарес ва мамлакатнинг собиқ президенти Хосе Мухика ҳам бор. Ибора илдизини аниқлаш анчайин қийин. Кимдир уни кўпчиликка тарқатган, кимдир илиб олган, манбани топишнинг иложи йўқ.
Факт шуки, Уругвай - футболга тамоман ўзгача муносабатда бўлган салтанат. 1930 ва 1950 йиллардаги ЖЧларида эришилган тарихий ғалабалар мактаб дарсликларига киритилган. Шу сабабли аллақачон ёруғ дунёни тарк этган қаҳрамонлар номини мактабга қатнаган аҳоли яхши билади. Россияда Пушкин, Суворов ва Гагарин, Францияда Наполеон, Жанна д~Арк ва Дюма, Британияда Шекспир, Черчилль ва Леннон машҳур бўлишганидек, Уругвайда Эктор Скароне, Хосе Сеа, бир қўлли ҳужумчи Кастро ва 20 йилдан кейин улар сафига қўшилган Хуан Скьяффино, Альсидес Гиджа ва уругвайликлар қўлга киритган жаҳон Кубогини Бразилиядан яширинча олиб чиққан Обдулио Варелани ҳанузгача унутишмаган.
Ҳаммаси донгдор ва афсонавий номлар. Дастлабки 4та ЖЧлари ҳозир фақат оғзаки ривоятларда зикр этилади. Телекўрсатувлар 1954 йилда кириб келган, 1930 ва 1950 йиллардаги ғолибона ўйинлардан эса, фақат кинохроника лавҳалари сақланиб қолган. Улардан бирон-бир нарсани аниқлаб бўлмайди. Лекин ғолиб қаҳрамонларни ватандошлари унутишган эмас. Ҳозир ҳам мактабларда ЖЧнинг олтин медалларига сазовор бўлган футболчилар хусусидаги баҳс энг муҳим мавзу ҳисобланади.
Шу тариқа Уругвайда маданий-маиший феномен юзага келди. У ерда стадионга футболга қизиқмайдиган кишилар ҳам борадилар. Худди бошқа юртларда кинотеатр залларига фақат киношунослар боришмаганидек. Хуллас, стадионда ўтирган севишганлар учун футболнинг қизиғи йўқ.
Яна бир эътиборли жиҳат шуки, «Насьонал» клубининг аренаси 1930 йилда жаҳон чемпиони бўлган Эктор Скароне номи билан юритилади. Ҳозирги аҳоли орасида бу футбол афсонаси ўйинини кўрган киши йўқ. Уругвайнинг «Ривер Плейт» клуби сафида тўп сураётган 20 ёшли Аугусто Скароне Экторнинг қариндоши бўлади. Яъни, Аугусто - Эктор укасининг эвараси (абираси). Айнан шу футболчи буюк бобокалонлари ҳақида 4та интервью берди. Касбдошларимиз йигитчадан кўпроқ Эктор хусусида саволлар беришди. Машҳур шахслар соясида юриш қийин эмас, янги ёрқин саҳифани яратиш қийин. Луис Суарес бу юмушни уддалади. У ЖЧларида ғолиб чиқа олмаган бўлсада, шонли даври эвазига «Селесте» тарихидан жой олди. Кавани, Годин, Муслера ёки Форлан эмас, айнан у 2010 йиллардаги жасорат рамзи бўлиб қолди.
Уругвай футболидаги тикланиш даври
ЖЧ-2010 - Уругвай футболи тарихидаги буюк юксалиш даври. Ундан аввал мамлакат қарийб 20 йиллик ўлик даврни бошдан кечирди. 1980 йиллар охирида Энцо Франческоли 2та ЖЧда ва 3та Америка Кубоги, жумладан, иккитаси ғалабали финалларида иштирок этиб, афсунгар мақомини олганди. Бироқ 1990 йилдан кейин қурғоқчилик бошланди.
Ҳа, пасайиш ўта сезиларли бўлди дейиш адолатдан эмас. Ўша йили терма жамоада Рекоба ва Фонсекалар тўп сурган, Копа Америка-1995да жамоа зафар қучган, ЖЧ-2002да иштирок этганди. Лекин Уругвай ЖЧ-2006 доирасидаги тўқнаш беллашувида Австралияга имкониятни бой берди. Бу Уругвай футболидаги энг йирик омадсизлик ҳисобланади. Кейин жамоа тизгинини ўз тасарруфига олган Оскар Табарес 4 йил ичида шогирдларини ярим финалга олиб чиқди.
Жамоани мағлубиятдан сақлаб қолиш мақсадида майдонни тарк этди
ЖЧ-2010 турнирида бош қарамон ролини Диего Форлан ижро этди. Жамоани айнан у олға етаклади. Бироқ Суарес ҳам жасорат учун имкон топа олди. Мусобақадаги энг ёрқин ўйин Луис билан боғлиқ.
Қайсидир қаҳрамон бир гала ёвузларни қийратади. Бошқаси дўстларини қутқариш йўлида ўзини қурбон қилади. Суарес иккинчи қаҳрамон тоифасидан. У онгли равишда шундай тўхтамга келдими ёки тасодифан шу воқеа юз бердими, буниси муҳим эмас. Лекин бу турнирни барвақт тарк этмасликнинг ягона йўли эди. Дарвозабон алдаб ўтилди, тўп дарвоза томон кетмоқда, ўйиннинг 120-дақиқаси ниҳоясига етмоқда, ганаликлар байрам қилиш тараддудида. Айни шу лаҳзада Луис Суарес тўпни қўли билан уриб, дарвозадан узоқлаштирганди. Албатта, у қизил карточка билан жазоланиб, майдонни тарк этди, Уругвай дарвозаси томон пенальти белгиланди. Бироқ пенальти - гол эмас... Кейин Суарес билан Мессининг жанжалига сал қолган зафарли Америка Кубоги 2011 турнири бўлиб ўтди. Ўшанда Луис ярим финалда 2та, финалда 1та гол урганди.
Шунинг учун ҳам Уругвай Суаресни севади. У ҳеч қаерда терма жамоадагидек ўйин кўрсатмаган. «Селесте» учун у ҳамма нарсага тайёр. Жароҳати бўлса ҳам майдонга тушган, ўйиндан четлатилган, жанжаллашган ва асосийси, ўта муҳим голларни ҳадя этган. Охирги халоскорлик 2 ой аввал рўй берди. Канадага қарши беллашувда Суарес ҳисобни тенглаштириб, ўйинни пенальтилар сериясига олиб чиқди ва жамоа бронза медаллари соҳибига айланди.
Хайрлашув жасорати
Якуний натижа, Луис Суарес - Уругвай терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар. Лекин уни фақат шу учун севишмайди. Мухлисларга доимо охиригача курашадиган иродали ўйинчилар ёқади. Мағлубиятни тан олгандан кўра, қизил карточка афзал кўрадиганлар ёқади. Фақат голлари билан эмас, ўйиндан четлатилиши билан ҳам ғалаба келтирадиганлар ёқади. Шунингдек, уларнинг ноўрин бақир-чақирлари устидан полицияга шикоят қилмайдиганлар ёқади.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади