ЎФАнинг навбатдаги ҳисобот конгресси ўтказилди ва «Локо» Самарқандга кўчиши мумкин 

ЎФАнинг навбатдаги ҳисобот конгресси ўтказилди ва «Локо» Самарқандга кўчиши мумкин 

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг йил якунларига бағишланган ҳисобот конгресси ўтказилади.

Тадбирда ЎФАнинг 2022 йилги фаолияти, амалга оширган ишлари ва молиявий ҳисоботи, кейинги йилги режалари ҳақида сўз юритилди.

Конгрессда ЎФАнинг 2021 йил 25 декабрда ўтказилган навбатдан ташқари конгресс баёни, молиявий ҳисоботни ўз ичига олган 2021 йил учун аудиторлик ҳисоботи тасдиқланди, ЎФАнинг 2022 йил фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи видео шаклида тақдим этилди. 

Кун тартибидан ўрин олган масалалар тасдиқлангач, тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда ўзбек футболининг 110 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ мутасаддилар — Жаҳонгир Усмонов, Алишер Хаджаев, Меҳриддин Абдуллаев, Сакен Пўлатов, Ойбек Қосимов, Аваз Каримов, Азамат Абдураимов, Илҳом Шарипов, Эдита Миробидова, Карима Юлдашевага «Ўзбек футболи ривожига қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишонлари топширилди. Наманган ФА энг яхши ҳудудий ассоциация деб топилди.
ufa-kongress.jpg

***
Ўзбекистон футбол ассоциациясида ўтган йил якунларига бағишланган ҳисобот сайлов конгрессидан кейин ЎФА раҳбарияти, клублар раҳбарлари ва ҳомийлар иштирокида ёпиқ йиғилиш ўтказилган.

Хабарларга кўра, ушбу йиғилишда ЎФА президенти Абдусалом Азизов «Локомотив» клубини Тошкентдан Самарқандга кўчириш, клуб бош ҳомийси «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ пойтахтда эмас, Самарқанд жамоасига ҳомийлик қилиши таклифини берган. Футбол раҳбари «Локомотив»нинг Тошкентда мухлиси нисбатан камлигини айтиб, Самарқанддаги иккита стадионнинг ҳолати ҳақида қизиққан. Очиқ суҳбат шаклида ўтган йиғилишда клуб раҳбарлари бу борада ўз фикрларини билдирган. ЎФА раҳбарияти бу масаладаги имкониятларни ҳали яна ўрганилишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, «Локомотив» 2023 йилни Про лигада ўтказади. Самарқанднинг «Динамо» жамоаси ҳам кейинги мавсум Про лигада иштирок этади.