Федерико Вальверде: «Мен футболда ҳам, ҳаётда ҳам ўзим билан келиша олмайман...»

Федерико Вальверде: «Мен футболда ҳам, ҳаётда ҳам ўзим билан келиша олмайман...»

Давоми. Боши газетамизнинг 28 март кунги 25-сонида

«Реал Мадрид» мотори, сўнгги мавсумлардаги алмаштириб бўлмас футболчиси Федерико Вальверде машҳур Tribune платформасининг The players лойиҳасида иштирок этди. Унда уругвайлик футболчи ўзининг қийин ўтган болалиги, Мадриддаги илк қадамлар, оғир характери ва оиласи билан енгиб ўтган синовлар ҳақида ўртоқлашди.

- Хонадан отилиб чиқдим. Тезда отамни топишим ва янгиликни айтишим керак эди.

«Дада, дада! Мадрид шу ерда!»

«Бу нима деганинг? Ким, қаерда?»

«Хонамизда. «Реал Мадрид» мен билан шартнома тузмоқчи».

Отам менга худди дунёдаги энг тентак одамни кўриб тургандек қаради:

«Хонада? Унда сен бу ерда нима қиляпсан? Қайт, аҳмоқ!»

Бу менинг ҳаётимдаги илк бахтиёр куним. Чунки ота-онам қанчалик ҳаяжонланиб кетишганини кўрдим. Онам ниҳоят қувончдан йиғларди. Отам эса, тоғ каби, ҳис туйғуларини намойиш қилавермайди. Ҳа-ҳа-ҳа. Лекин мен кичик тирқишдан кўра олдим - унинг кўзлари ёниб турарди.

«Менинг ўғлим «Реал Мадрид»да ўйнайди»

Ушбу таклифни баҳолаб бўлмайди. Дунёнинг чўққисида эдим. Албатта, доимгидек, ҳаёт менга камтар бўлишни ҳам ўргатиб қўйди.

Мадридга келганимда ўзимни Месси ва Криштианунинг жамланмасидек ҳис қилардим. Жиддий айтяпман. Ўзимни оқлаш учун айтишим мумкинки, ўн етти ёшда шу даражада аҳмоқ бўласанки, агар сенга озгина пул бериб, яна мақтай бошлашса, асти қўяверинг.

Огоҳлик қўнғироғи узоқ куттирмади. «Кастилья»даги илк машғулотга борганимда булутларда кезиб юрардим. Ўзимга ишончим жуда катта. Тўғриси, машғулотларни тўлиқ эслолмайман, аммо кийим алмаштириш хонасида шерикларимни кузатганим ёдимда. Даҳшат бренд кийимлар. Бу Бензема, Модрич ёки Марсело эмас ҳали. Миямда чақмоқ чаққандек бўлди - эҳ, Феде, икки евролик футболкани кийиб олгансан-ку!

Мен учун Zara қиммат ҳисобланарди. Уругвайда агар шуни кийсанг, сендан зўри йўқ. Мана, ўтирибман, буларнинг соати уйимиздан қиммат-ку! Мана сенинг даражанг, тентак. Оёқ кийимни ҳам ечгани эриниб ўтирибман, душга кириб кетаётган болалар эса, Gucci ич кийимида. Ички кийимда, тасаввур қиляпсизми? Буни қачон ўйлаб топишди, нархи қанча ўзи буларнинг?

Ҳа-ҳа-ҳа. Ишқилиб, пайпоғим йиртиқ бўлмасин-да, онам тикиб қўйгандирлар. 20 дақиқача гўёки телефон кавлаётгандек ўтирдим. Йигитлар менга қараб, ҳайрон:

«Бирор нарса бўлдими? Тинчликми, нега ўтирибсан?»

Ўша оқшом ўзимга айтганларимни эслайман: «Болакай, ўзингни ким деб ўйладинг? Криштианумисан? Ҳали ҳеч ким эмассан!»

Футболдаги энг қизиқ ҳолат шу. Сенинг миллионлаб мухлисинг бўлиши, миллионлаб долларга эга бўлишинг мумкин, миллионлар сени буюк деб аташи, лекин шунда ҳам аслида сен шунчаки содда бола бўлишинг мумкин. Мен аслида шу жамоадаги болаларнинг бирортасидан ҳам кўпроқ ғалаба қозонмагандим. Ана шунда, аслида ҳеч ким эканлигимни англаган кунимданоқ, ихтиёримдаги ҳамма нарсани қадрлай бошладим. Энди мен ухлайдиган юмшоқ матрас, кондиционер, телевизордаги элликта канал, кийимларимни тозалайдиган китмен - ахир бу жаннатку!

Ўзимнинг BMW X3 машинамда машғулотга келиб, худдики Ferrari миниб келгандек ҳис қилардим. «Болалар, илтимос, эҳтиёт бўлинглар, машинамни қириб қўйманг». Аслида тураргоҳдаги энг арзон машина меники эди. Мен учун эса энг биринчи шахсий машина.

Бу Мадриддаги ажойиб кунларнинг бошланиши, оддий болакайдан ҳақиқий эркакка айланишимдаги дастлабки қадамлар эди.

Аммо, мен учун футболда ҳам, ҳаётда ҳам ҳаммасини англатган воқеа - Бенисио. Ота бўлиш.

19-20 ёшимда, футбол ўйнаб, яхши пул топиб, машина ҳайдаб юрган пайтларимда ҳам ҳали бола эдим. 21 ёшимда фарзандим дунёга келганда мен учун ҳаёт ростакамига ўзгарди. Бу менинг иккинчи бахтиёр куним эди.

Шу кунгача мен асосан ўйинларимга эътибор қаратардим. Агар ўйиним чиқмаса ёки ютқазсак, соатлаб ота-онам билан ҳам гаплашмасдим. Бир ўзим хонада ўтириб, хатоларим ҳақида ўйлардим. Билмадим, бу соғлиқ учун зарарми, йўқми, агар «Реал» футболчиси бўлсангиз, энг катта босимни ҳис қиласиз ва бу бутун умрга.

Бенисио туғилгандан кейингина, мағлубиятга учраган кунларимда ҳам ўзимни инсон ҳис қилишни бошладим. Эндигина юришни бошлаган пайтларда уйга кириб келишим билан қўлида ўйинчоғини кўтариб қаршимга пешвоз чиқарди. Мени қучоқларди. Унга бугунги ўйин бир тийин. Футбол нима эканини ҳам билмайди. У шунчаки отаси билан ўйнамоқчи.

Унинг менга бўлган муҳаббати мени ҳам инсон, ҳам футболчи сифатида ўзгартирди. Руҳий томондан у менга жуда керак бўлиб чиқди, зеро ўзимга нисбатан ниҳоятда талабчан эдим. Рафиқамми? Мина? У энди бошқа даража. У футболни жуда яхши тушунади, аргентиналик, уларнинг қанақа бўлишини биласиз-ку, ҳа-ҳа-ҳа. Ҳеч қачон унинг кўнгли тўлмайди.

«Аякс» бизни Чемпионлар Лигасидан чиқариб юборгани эсингиздами? Биз машинага ўтирдик, кайфиятим расво, у гапира бошлади:

«Феде, бу нимаси? «Реал»­да шунақа ўйнамоқчимисан энди? Нега дарвозага тепмадинг? Бу қўлингдан келарди-ку?»

Эй Худо, унинг таҳлилларини эшитмаслик учун машинани ўт олдирдим. Энг ёмони, буни ҳеч қачон ўзига тан олмасдим, балки бугунги гапларни ўқимас, хуллас, у ҳақ эди. Жин урсин. Биз ҳақиқий футбол оиласимиз. Бир уругвайлик ва бир аргентиналик. Тасаввур қила олмайсиз.

Шунинг учун ўғлим туғилганида катта ўзгариш содир бўлганди. Онамга ўхшаб қолгандек эдим. Машғулотга кетаётганингда уни кўрсанг, ўзингни ҳақиқий жангчидек ҳис қиласан. Ҳалк каби. Gucci ёки бошқа қимматбаҳо кийимларнинг маъноси йўқолади, агар ўғлинг учун ўйнасанг, сенда қўшимча куч пайдо бўлади.

Табиийки, фаолиятимдаги энг яхши мавсум, 2021-22 йилларда «Реал» билан Чемпионлар Лигасини ютиб, мен ҳам бу клуб тарихида изимни қолдирдим, деб ҳисоблай бошлаган даврда Бенисио икки ёш эди ва улғайиб, шахсияти шакллана бошлаганди. Бир неча ой ўтиб Мина яна ҳомиладор эканини билдик. Биздан бахтли одам йўқ. Дастлабки ойларда ҳаммаси яхши кечди. Аммо бир куни, Мина текширувга борганида...

Врач ҳомила хавф остида экани ва яхши бўлиб кетиш эҳтимоли жуда пастлигини айтди. Яна бир ойда ҳаммаси аниқ бўлар экан, бизда кутишдан бошқа иложи қолмаганди. Ўша пайтдаги ҳолатимизни тасвирлаб бера олмайман.

Мина ҳам руҳий, ҳам жисмонан қийналди. Мен худди ўчиб қолгандим. Ҳаммасини ичимга ютадиган феълим бор. Соғлиқ учун зарарли бўлиши мумкин, аммо мен шунақаман. Ҳеч қачон йиғлаётганимни биров кўрмаслиги керак. Ҳатто оилам ҳам.

Барчага қийин, мен эса, уларга суянчиқ бўлишим керак эди. Кучли персонаж ролини ўйнашим, рафиқамга «Ҳаммаси Худога боғлиқ» деб туришим керак. Ёлғиз қолганда эса, соатлаб йиғлардим. Ваннага ўн беш дақиқага кириб, ўн дақиқа бошимни қўлларим билан ёпиб йиғлаб ўтираман. Ўйин кунлари эса, диққатимни жамлашим керак, лекин ўрнимдан тургунча яна туғилмаган ўғлимни ўйлашни бошлаб юбораман.

Баъзида яхши ўйнолмаган пайтларим бўлди, мухлислар ҳуштак ҳам чалишди. Ўйин тугагач эса, журналистларнинг саволларига жавоб беришим керак, шу билан бирга, туйғуларимни яширишим, аслида нима бўлаётганини билдирмаслигим шарт. Шунга ўхшаш ҳолатларни бошдан кечирадиганларга маслаҳатим, қайсар бўлмаслик керак. Ҳаммасини ичга ютиш ҳам яхши эмас.

«Вильярреал»га қарши апрелдаги ўйинимиздан кейин ҳаммаси тубга қараб кетди. Газеталардаги сарлавҳалар ҳамманинг эсида. Бу масалани қайта кўтаргим келмайди, аммо айтишим керак...

Ўшанда Вальверде ўз оиласи ҳақидаги гаплари учун «Вильярреал» футболчиси Алекс Баэнани автотураргоҳда пойлаб туриб ургани ҳақида хабарлар тарқалганди.

- Майдонда мени ҳар қанча ҳақорат қилиш мумкин, чидайман, эътибор ҳам бермайман. Ахир мен уругвайликман. Лекин баъзи чегаралар борки, ҳеч қачон кесиб ўтмаслик керак. Инсон сифатида. Агар оилам ҳақида гапира бошлашса, бу энди футбол эмас. Мана шу чегара бузилганди. Жавоб беришим керакмиди? Балки, йўқ. Балки уйга бориб, ўғлим билан ҳамбургер еб, мултфилм кўриб ўтиришим мумкин эди. Аммо мен ҳам одамман, баъзида ўзим учун, оилам учун туриб беришим лозим.

Оммавий ахборот воситалари мени бешафқат инсон сифатида намоён этишини кузатиш оғриқли эди. Ёлғон гаплар ҳам янгради. Лекин ростини айтсам, қилган ишимдан афсусланмайман, бу воқеа мени янада кучлироқ қилди, оиламизни жипслаштирди.

Худога шукрки, ўша мудҳиш кундан кейин ишлар яхши томонга кетди. Рафиқам бутун дунёга бошимиздан ўтганларни ошкор қилгач, кўп нарса ўзгарди. Жамоадошларим ва мадридистлар мени қувватлаганини ҳеч қачон унутмайман. Тасаввур қилинг, мен тўпни ўтказиб юбораман, бутун стадион эса, исмимни айтиб олқишларди. Талаб доим юқори бўладиган «Бернабеу» учун бу кичик мўъжиза. Нимаям дея олардим. Фақат миннатдорчилик билдираман.

Бир ярим ойлик қийинчиликлардан сўнг, яхши хабарлар бизни кутиб турарди. Навбатдаги текширувдан сўнг, ҳомила яхши ривожланаётганини айтишди. Табиийки, охирги кунгача хавотирли бўлди, болани қўлимизга олгунча хотиржам бўлиш қийин. Хайрият, июн ойида Баутиста дунёга келди. Соғлом ва бахтли. Бизнинг мўъжизамиз.

Биласизми... Мен футболда ҳам, ҳаётда ҳам ўзим билан келиша олмайман. қачондир нимадандир қониққанимни эслолмайман. Ҳеч қачон муваффақиятга эришганимга, бирор нарсани мукаммал қилганимга ўзимни ишонтира олмайман. Аммо касалхонадаги ўша тонгда, рафиқам қўлида Баутистани ушлаб турганида хаёлимдан кечди: Феде, қара уларга. Бу ўша.

Сен ютдинг...

Феде Вальверде

Манба: theplayerstribune.com, 

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади