2021 йили «Челси»дан ижара келишуви асосида «Бешиктош»га ўтган бельгия-лик футболчи кейинги мавсумни «Фенербахче»да бошлади. Истанбулнинг ушбу гранди унинг трансферига 3,5 миллион евро тўлади. Мана, Миши энди эркин агент мақомида «Галатасарой» билан боғланди. Кўринишидан, «Фенер» бошқарувини қўлга олган Жозе Моуриньо бельгиялик хизматига эҳтиёж сезмади, охирги 2 мавсум чемпиони эса уни хурсандчилик билан ўз сафига олди. Шу тариқа Миши қисқа вақтда Туркия Суперлигасидаги Истанбул триосини бирма-бир кўрди: «Бешиктош», «Фенербахче», «Галатасарой». Факт шуки, Миши Истанбулнинг 3та грандида ҳам ўйнаган дастлабки легионер бўлади.
Бэтмен услубида тақдим (футболчининг лақаби - Бэтсменга ишора). «Туркияда беназир одамман» - Батшуайи ўз хизмат дафтарчасида Истанбулнинг 3та грандини тўплаганидан фахрланади. 30 ёшли ҳужумчининг янги клуб билан шартномаси 3 йилга мўлжалланди. Бельгиялик ҳар бир мавсум учун соф 3 миллион евро миқдорида маош олади. Қўшимча равишда бонуслар ҳам бор: шартнома тузгани учун 1,5 миллион, иккинчи мавсум учун 1 миллион ва учинчи мавсум учун 500 минг евро. Айтиш керак, у олдинги 2 мавсум «Фенербахче»да чакки кўринмади: 12тадан гол ва 1тадан ассист. Қолаверса, бельгиялик ҳужумчи миллий кубок турнирида 5-6тадан гол тўплади, еврокубокларда ҳам рақиблар дарвозасини бир неча марта нишонга олди. Асосийси, Миши фаолиятининг Истанбул босқичидан чинакамига завқланмоқда: «Ҳозир Истанбулнинг 3та йирик клубида ҳам ўйнаган биринчи хорижлик бўлганимдан ғурурланишим мумкин. Ўзи табиатан алоҳида ажралиб туришни ёқтираман. Мана, Туркияда беназир одам мақомини олдим. Мухлислар кўрсатган шарафга жавобан голлар уришим, шу футболка ва клуб ҳурматини жойига қўйишим шарт. Бу - Миши Батшуайининг асл қоидаси».
Батшуайи - Истанбул трио-сини кўрган 11-футболчи. Шубҳасиз, икки «Беназир» «Фенербахче»га сиғмасди. Тўғри, айни пайт трибуналар Мишини қандай қабул қилиши номаълум. Боз устига, у Туркиядаги қисқа фаолиятида «Трабзонспор» мухлислари билан ўчакилашга ҳам улгурди. Умуман олганда, Батшуайи тарихда Истанбул триосини бирма-бир кезиб чиққан 11-футболчидир. Лекин у ҳозир бу борада ягона эмас - мураббий Мустафо Денизли ҳам «Галатасарой», «Фенербахче» ва «Бешиктош»да ишлаб чиққан. Гап 1959 йили ташкил этилган Туркия Суперлигасидан бирор марта тушиб кетмаган 3та илғор клуб ҳақида кетмоқда. Умуман, чемпионлик пойгасида ҳам Истанбул триоси олдинда: «Галатасарой» (24 карра), «Фенербахче» (19 карра) ва «Бешиктош» (16 карра). Хуллас, жами 68та олтин медалдан 59таси Исталбулнинг 3та грандига насиб этган бўлса, қолган барча жамоалар ҳисобида атиги 9та чемпионлик бор. Туркиядаги мухлислардан 90 фоизи айнан шу 3та жамоадан бирини қўллаб-қувватлаши ҳам бежиз эмас.
Истанбул клублар ўртасидаги трансферлар мухлислар учун жуда оғриқли, футболчилар учун эса анча хавфли. Тўғри, бундай ўтишлар учраб туради. Фақат Истанбулнинг 3та жамоасида ҳам ўйнаб чиқишга ҳамма ҳам жазм этолмайди. Дейлик, Батшуайига қадар бундай хавфли юришга атиги 10 нафар маҳаллий футболчи ботинган, холос. Миши эса легионерлар орасида биринчи бўлди.
*** Истанбулнинг 3та грандида ҳам ўйнаган дастлабки футболчи - «Бешиктош» футбол бўлими асосчиларидан ва тарбияланувчиларидан бири Усмонийлар империяси даврида туғилган Рафиқ Усмон Топ. У 1924 йили Туркия терма жамоаси сафида биринчи ва охирги марта майдонга тушган. Ўшанда турклар Москвада собиқ иттифоқ жамоасига 0:3 ҳисобида ютқазишган. Айтганча, бу собиқ иттифоқ термаси тарихидаги илк ўйин ҳисобланади. Усмон Топ эса Туркия термасида тўп сурган «Бешиктош»нинг илк вакилига айланган.
*** Рафиқ Усмон Топдан кейин узоқ вақт давомида 3та йирик клубда ҳам ўйнашга жазм этадиган футболчи топилмайди. Ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталаридан 90-йиллари охиригача фаолият юритган ҳужумчи Саффет Санжакли бу борада учинчи футболчи бўлади. Унга қадар 1950-1960 йиллар оралиғида Али Сойдан Истанбул триосини айланиб чиққанди. Дарвоқе, Туркия чемпионатида жами 130та гол урган Санжакли футболдан кетгач, сиёсатга бош суқди. Этник босниялик ҳисобланган собиқ ҳужумчи ҳозирда Босния миллий ҳаракати партияси депутатидир.
*** Серген Ялчин - Туркия футболи тарихидаги энг ёрқин юлдузлардан бири. У фаолиятида флеш-рояль тўплаган кам сонли футболчилардан ҳисобланади. Яъни «Бешиктош» афсонаси (ўтган асрнинг 90-йиллари клуб учун чамаси 300та ўйин) «Фенербахче» ва «Галатасарой»дан ташқари, Туркиянинг Истанбулдан ташқаридаги асосий клуби саналувчи «Трабзонспор»да ҳам тўп сурган.
*** Аҳмет Йилдирим - 2000 йили «Галатасарой» билан УЕФА кубоги ва Европа суперкубогини қўлга киритган футболчи. Айтганча, турк жамоалари еврокубокларда бошқа соврин ютмаган.
*** Эмре Ошиқ - Туркия футболидаги энг метин ва қўрс ҳимоячилардан бири. У мамлакат терма жамоаси сафида ЖЧ-2002 ва Евро-2008да бронза медали ютгани билан фахрланишга ҳақли. Ошиқ коллекциясида Европа суперкубоги ҳам бор.
*** Мехмет Ёзгатли - Германияда туғилган, аммо бутун фаолиятини Туркияда ўтказган футболчи. Унда турк паспорти ҳам бор, шунинг учун ушбу ярим ҳимоячини 3та грандни кўрган биринчи хорижлик сифатида кўрсатиш ноўрин. Ёзгатли ҳам 2000 йили «Галатасарой»га евроареналардаги зафарларда катта ёрдам берган.
*** Бурак Йилмаз - Туркия чемпионатининг икки карра энг яхши тўпурари. Бурак ҳам худди Серген Ялчин каби фақат Истанбул триоси эмас, балки «Трабзонспор»да ҳам тўп сурган.
*** Жанер Эркин - Суперлига дебютанти Истанбулнинг «Эюпспор» клуби аъзоси. У яқин-яқингача ушбу рўйхатда фаолияти давом этаётган ягона футболчи эди. Эътиборлиси, ЦСКАнинг собиқ ҳимоячиси Истанбулнинг «Истанбул Башакшеҳир» ва «Фотиҳ Қорагюмрюк» клубларида ҳам тўп сурган. Оддий айтганда, Эркин Истанбулнинг ўзида нақ 6та жамоани айланиб чиққан ноёб футболчидир.
*** Мехмет Топал - Истанбул футболининг яна бир катта фанати. Хорижда «Валенсия» шарафини ҳимоя қилган Топал ўз юртида «катта уч-лик»дан ташқари, «Истанбул Башакшеҳир»да ҳам фаолият юритган.
Миши Батшуайи аллақачон тарихга кирди, аммо турк диёрида яна бир даража бор: Мустафо Денизли фаолияти давомида Истанбул гранд-лари бошқарувини нақ 5 марта қўлга олган. Жумладан, «Галатасарой»да уч марта (1987-1989, 1990-1992 ва 2015-2016 йиллар) фаолият юритган мутахассис «Фенербахче» (2000-2002 йиллар) ва «Бешиктош» (2008-2010 йиллар)да ҳам ишлаб кўрган. Асосий факт шуки, Истанбул грандларининг барчасини чемпионлик сари етаклаган Денизли Суперлига тарихида 3та жамоа билан олтин медаль ютган биринчи мураббий ҳисобланади. У яна Туркия миллий жамоасини Евро-2000 чорак финалига ҳам олиб чиққанди.
Содиқ СОБИР тайёрлади