Шундай бўлса, аёл бу севги йўлида илк тўсиққа дуч келди - уни Мюнхен клуби билан ишлаш ваколатидан маҳрум қилишди. Манфаатлар можаросими?
Ёш мураббий Юлиан Нагельсманнинг шахсий ҳаётида катта ўзгаришлар бор. Bild нашри журналистлари Кристиан Фальк ва Тобиас Альтшеффл июнь ойи бошида «Бавария» устози 15 йиллик турмушдан сўнг рафиқаси Верена билан ажрашгани ҳақида хабар беришди. Шундан кўп ўтмай, Sport1 нашрида мураббийнинг шахсий ҳаётига доир яна бир маълумот пайдо бўлди: «Нагельсманн эндиликда Bild журналисти Лена Вурценбергер билан учрашмоқда». У «Бавария» ҳақида ёзишга масъул эди. Тез орада Юлиан ва Ленанинг дам олиш вақти яхтада тушган суратлари ҳам кенг тарқалди.
Bild таҳририяти бунга дарҳол муносабат билдириб, барчасини тасдиқлади:
*** Газетада ёзилишича, жуфтлик ўртасидаги алоқалар овоза бўлгач, Лена дарҳол «Бавария»га дахлдор янгиликларни ёритиш ваколатидан маҳрум қилинди.
*** Юлиан Нагельсманн ва Лена Вурценбергер ҳозир таътилни Ибицада бирга ўтказишмоқда.
Bild нашридан фарқли ўлароқ, «Бавария»да янги муҳаббат қиссасидан кўпчилик хабардор эди. Қайд этилишича, Нагельсманн анчагача барчасини сир тутишга уринган, лекин охир-оқибат, ҳаётидаги ўзгаришларни клуб раҳбарларига айтишдан ўзга чора тополмаган. Маълумот учун, Юлианнинг аввалги турмушидан икки фарзанди бор - ўғли 7 ёшда, қизалоғи атиги 2 ёшда. «Бавария» бош мураббийи собиқ рафиқаси билан мактабда танишган ва 2018 йили оила қурганди. Тўғри, Нагельсманн 2019-2021 йиллар оралиғида Лейпцигда ёлғиз яшади, зеро, Верена фарзандлари билан Мюнхенда қолганди. Июнь ойи бошида эса Нагельсманн оиланинг умумий уйидан чиқиб кетгани маълум бўлди.
Мураббийнинг янги маҳбубасига келсак, у 30 ёшда (Юлиан яқинда 35 ёшга тўлади). Лена аввалига «Вердер» ҳақида ёзган бўлса, кейинчалик Мюнхенга кўчиб ўтди ва охирги 2 йил давомида «Бавария» ўйинларини кузатиб борди. Умуман, Вурценбергер хоним клуб футболчиларига яхши таниш. Ҳар ҳолда, улардан тез-тез интервью оларди. Мисол учун, Лена яқинда Bild учун жамоанинг янги аъзоси Садио Мане ҳақида мақола тайёрлаганди. Энди журналист аёл бошқа жамоа билан ишлашга ўтса керак. Айтганча, Лена аслида «Бавария» эмас, «Мюнхен»га мухлислик қилади. Нагельсманн эса бу клубда ёшлар даражасида ўйнаган ва мураббий сифатида фаолият юритган.
Манба: sports.ru, Жоҳонгир МИРЗО тайёрлади