Энг кўп иш ҳақи олаётган футболчининг йиллик даромади 15 млн. фунт атрофида. Мавжуд маълумотларга асосланган ҳолда, 2024Ғ25 йиллар мавсумида элитада иштирок этадиган барча жамоаларнинг энг бойвачча ўйинчилари билан таништиришга қарор қилдик.
«Арсенал» - Кай Хаверц (ҳафтасига 280 000 фунт)
Хаверцнинг Букайо Сака, Мартин Эдегор ва Уильям Салибадан кўпроқ маош олиши бироз ажабланарли туюлсада, бу факт. «Челси»дан «тўпчилар» сафига ўтган футболчига клуб мурувват кўрсатиб, йилига 14,5 млн. фунт иш ҳақи берадиган бўлди.
«Астон Вилла» - Бубакар Камара ва Юри Тилеманс (150 000)
Бу икки футболчи «Вилла»нинг энг яхши тўпурари бўлмиш Олли Уоткинсдан кўпроқ пул топишади. Яъни, улар энг катта маош оладига ўйинчилар.
«Борнмут» - Жастин Клюйверт (80 000)
Нидерландиялик юлдуз ички чемпионатда 7та гол уриб, Англиядаги илк мавсумини самарали ўтказди. Ҳозирда у ҳафтасига Доминик Соланкега нисбатан 10 000 фунт кўпроқ иш ҳақи олмоқда.
«Брентфорд» - Бен Ми (55 000)
Таажжубки, Айвен Тоуни «Брентфорд»нинг энг катта маош оладиган ўйинчиси эмас. Мазкур кўрсаткич бўйича чўққини тажрибали Ми эгаллаган. У ҳар йили ўз ғазнасини 2,8 млн. фунтга оширади.
«Брайтон» - Каoру Митома ва Льюис Данк (80 000)
Митома ва Данк ҳар ҳафтада жамоадошларига нисбатан 20 000 фунт кўпроқ ҳақ оладилар. Уларнинг клуб учун нечоғли керак эканликларини маошлардаги фарқдан бемалол билиб олиш мумкин.
«Челси» - Ромелу Лукаку ва Раҳим Стерлинг (325 000)
«Фунт-фунт» принципига кўра, Лукакунинг «Челси»га ўтиши АПЛ тарихидаги энг ёмон харидми? У топлар орасида бўлиши шарт. Бельгиялик ҳужумчи сўнгги 2 йилни «сургун»да ўтказган бўлсада, клуб унга 16,9 млн. фунтни қуртдек санаб бермоқда. Раҳим ҳам энг кўп даромад олаётган футболчи. Унинг 325 000 фунтли ҳафталиги «Сити»дагидан кўпроқ.
«Кристал Пэлас» - Даити Камада (105 000)
«Бургутлар»нинг янги аъзоси энди энг кўп маош олаётган ўйинчи. Япониялик ҳужумкор ярим ҳимоячининг янги мавсумдаги яъши ўйинларидан барча умидвор.
«Эвертон» - Абдулайе Дукуре (130 000)
Айни паллада Дукуре Жордан Пикфорддан ўзиб кетди ва 2024|25 йиллар мавсуми бойваччасига айланди. Ўтган мавсумда жамоани муҳим голлар билан таъминлаган Абдулайе сермаҳсул фаолиятини давом эттирса, ажабланмаймиз.
«Фулхэм» - Бернд Лено (130 000)
Германиялик посбон ўтган мавсумда 10та ўйинни «қуруқ» ўтказди ва аниқ зарбаларнинг 72,1 фоизини қайтаришга муваффақ бўлганди. Унинг 2 йилдан бери барқарор ўйнаётганини инобатга олганда, клуб бойваччаси мақомини олгани бежиз эмас.
«Ипсвич Таун» - Аксель Туанзебе (20 000)
Шартномалардаги бандга биноан, қуйи лигадан юқорига кўтарилган жамоалар футболчиларининг иш ҳақи оширилишидан келиб чиқсак, «Ипсвич» ўйинчиларининг маошлари ҳам кўпаяди. Ҳозирча Туанзебе жамоанинг энг кўп маош олаётган футболчиси, лекин тез орада қайсидир янги футболчи ундан ўзиб кетиши ҳам мумкин.
«Лестер» - Жейми Варди (140 000)
Бу афсона «тулкилар» сафида қанчалик сермаҳсул тўп сурганини инобатга олганда, жамоада ҳаммадан кўпроқ иш ҳақи олаётгани ҳақли эканлигига шубҳа қолмайди. Ўтган мавсумда «Лестер» айнан унинг голлари туфайли яна элитага қайтди. Жейми 37 ёшда ҳам навқирон йигитлардек серғайрат ва бақувват.
«Ливерпуль» - Муҳаммад Салоҳ (350 000)
Мисрлик афсона «қизиллар» таркибидаги сўнгги мавсумини ўтказаётганлиги боис, унинг келажак фаолиятига оид баҳслар тобора авжига чиқмоқда. Нима бўлганда ҳам, Арне Слот Салоҳнинг юксак салоҳиятидан максимал даражада фойдаланиб қолишга уриниши аниқ.
«Манчестер Сити» - Кевин Де Брюйне (400 000)
20,8 млн. фунтли иш ҳақи эвазига фаолият юритаётган Де Брюйне 2024|25 йиллар мавсумида ҳам АПЛ бойваччалари орасида етакчиликни давом эттиради. Эрлинг Холанднинг даромади сал озроқ эканлиги ўз-ўзидан тушунарли - Кевин Гвардиола жамоасида муҳимроқ ўрин тутади.
«МЮ» - Каземиро (350 000)
Ўтган мавсумни бразилиялик ярим ҳимоячи рисоладагидек ўтказа олмади. Бироқ Эрик тен Хаг унга ишонч билдирмоқда ва янги мавсумда вазият ўзгаришига умид қилмоқда. Каземиро жамоани тарк этиши хусусидаги миш-мишлар ҳам йўқ эмас. Лекин амалдаги шартномаси 2026 йилгача мўлжалланган, иш ҳақи ведомостидан чиқариш осон эмас.
«Ньюкасл» - Бруно Гимараэс (160 000)
Ёзда Гимараэс кўпгина номдор жамоаларнинг диққат марказида бўлди. Бунинг ўзига яраша асосли сабаблари бор, албатта. Бразилиялик маэстро лиганинг энг зўр ярим ҳимоячиларидан бири эканлигини ўзининг самарали ўйинлари билан исботлаб келди. «Қарғалар» уни энг кўп иш ҳақи билан сийлашлари бежиз эмас.
«Ноттингем Форест» - Никола Миленкович (105 000)
«Форест» сербиялик ҳимоячи билан 5 йиллик шартномани имзолагач, Никола маош борасида Морган Гиббс-Уайтдан ўзиб кетди ва клубнинг етакчи бойваччаси бўлиб олди.
«Саутгемптон» - Жо Арибо (70 000)
Арибо «авлиёлар» сафига келиши билан асосий таркибдан жой олмагани сабабли, унинг энг кўп маош олиши бироз ажабланарли ҳол, албатта. Ҳа, Жо ўтган мавсумнинг энг яхши тўпурари бўлган Адам Армстронгдан кўпроқ даромад олаётгани учун клуб мутасаддиларига раҳмат айтиши керак.
«Тоттенхэм» - Сон Хин Мин (190 000)
Ўтган йил ёзида Гарри Кейн Лондонни тарк этгач, кореялик жамоадоши унинг ўрнига энг кўп иш ҳақи оладиган бўлди. Соннинг шартнома муддати мавсум якунида ниҳоясига етади, клуб янги келишувдан умидвор.
«Вест Хэм» - Лукас Пакета (150 000)
«Болғачилар» сафида Курт Зума ва Дэнни Ингсга нисбатан мўмайроқ даромадга лойиқ топилган Пакета янги мавсумни клубнинг 1-рақамли бойваччаси мақомида ўтказади.
«Вулверхемптон» - Пабло Сарабия ва Гонсалу Гедеш (90 000)
Бу икки жамоадошнинг йиллик даромадлари 4,7 млн. фунт эканлиги уларнинг банкдаги ҳисоб рақамлари доимо бақувват бўлишидан дарак беради.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади