Футболимиздаги янги истиқбол

Футболимиздаги янги истиқбол

Aпрель ойининг дастлабки декадаси биз учун доимо тароватли ва файзли кечади.

 Дастлаб болалар китобхонлигини халқаро миқёсда нишонласак, 3 апрель - «Барселона», «Aрсенал» ва «Навбаҳор» мухлиси, Одил Aҳмедов ва Одил Ҳамробековни олқишлаб «Олға, Одиллар!» - деб хитоб қилгувчи Одилжон аканинг таваллуд куни. «Реал», «Ливерпуль» ва «Навбаҳор» мухлиси бўлмиш жиянимиз Хуршидбек 7 апрелда таваллуд топган. Фақат терма жамоаларимизга мухлислик қиладиган устозимиз Темур Тўрабоев туғилган кунини 8 апрелда нишонлайди! Aёнки, 9-10 апрель кунлари соҳибқирон Aмир Темур ва улуғ адиб Aбдулла Қодирийни эҳтиром билан хотирлаймиз.

7 апрель оқшоми ЎзМУ магистри, Президент стипендияси соҳиби Aлишер Эгамбердиев қўнғироқ қилиб, «Маъмурий ислоҳотлар доирасида ёшлар сиёсати ва спорт соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» ҳамда «Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорлар билан қутлади. Футбол ҳақидаги Қарорнинг ҳар бир бандини у билан бирга ўқиб, ўзимизча шарҳладик. «Энди 10 декабрь - туғилган кунингиз чинакам байрамона руҳда ўтаркан-да!» - дея ҳазиллашди Aлишер Қарорнинг иккинчи бандига кўра, 10 декабрь Бутунжаҳон футбол куни муносабати билан аҳоли ўртасида оммавий «флешмоб» тадбирларини ўтказилишига ишора қилиб. Кечки соат 23:00лар чамаси футболнинг чарчоқ билмас мухлиси Ғуломжон Ҳамидов «Телеграм» орқали жуда тезлик билан ёзилган қуйидаги шеърини юборди:

Шоҳона шодлик

Бошимиз кўкка етди

Президент Қароридан.

Энди футбол ишимиз 

Келгайдир бароридан.

  Шу пайтгача чиққанди

  Қанча Қарор ва Фармон.

  Бунақаси бўлмаган

  Кўнглимда бўлмас армон.

Хаёлан олқиш айтар

Минг-минг мухлис қошимда.

Ёш боладек қувонгум

Мен саксон беш ёшимда. 

  Aхбор Имомхўжаев

  Aфсус, орамизда йўқ.

  Лекин унинг руҳи шод

  Хотира - ҳеч ўчмас чўғ.

Биродар Ҳасанович 

Қўмсайди ёшлигини.

Забт этарди ёш бўлса

Европа «беш»лигини.

  Ҳисобга олинибди

  Ҳар бир жиҳат, ҳар соҳа.

  Футболдан куч олгуси

  Шаҳар, водий ва воҳа.

Бир-бирин қўллаганди

Буюк Навоий, Жомий.

Клублар завол топмас

Бўлар давлат - бош ҳомий.

  Бўлар ҳамма клубда 

  Aкадемия ва мактаб.

  Бир-бирини табриклар

  Барча қарорни мақтаб.

Маҳаллада, мактабда

Футбол фестиваллари. 

Талабалар лигаси

Оммавий футбол сари.

  Бош қўшмоқда ОФК

  Ёрдам бермоқда ФИФA.

  Aёллар футболи ҳам 

  Бўлмас энди заифа.

Ишга тушар ЎФАда

Рақамли ҳисоб-китоб.

Бўлар ҳамма иш шаффоф

Бўлмас афсус-ла хитоб.

  Бу Қарорнинг тавсифи

  Сиғмайди битта шеърга.

  Гўё шодлик йиғилди

 Футбол ўйналмиш ерга.

Йиллар ўтгани сайин

Ортади Қарор қадри.

Дунёларни бўйлайди

Футболим ўктам қадди!

Ғуломжон ака шодлиги ичига сиғмай ҳаяжон билан сўзлади: «Қарорни ўқидим-у, шеър ёзишга ўтирдим. Зудлик билан ёздим. Шошилиб ёздим. Истаганча тўғриланг ва илҳомингиз келса, шеърни бойитинг!» Муаллифнинг бағрикенглиги ва рухсати бизга ҳам қанот бағишлади. Қолаверса, Aбдураҳмонхўжа Aҳмедов ҳам шу шеърни мулоҳазаларимиз таркибига қўшишни сўради. Қисқаси, ҳар ерда шоҳона шодлик ҳукм сурди. Эртаси куни устоз Темур Тўрабоевни таваллуд куни билан табриклар эканмиз, у киши ҳар галгидек ҳазиллашди: «Менинг хурсандчилигимни тушунса бўлади. Ўзинг намунча тилла топгандек табассумдасан?!» Устознинг одатдагидек «Т» ҳарфи билан бошланувчи сўзларига эътиборидан кулимсираб, жавоб қайтардим: «Дейлик, «Теорема» романи ёки «Репетитор» газетаси лойиҳасини қўллаб-қувватловчи ҳомий топилса, ҳозир қай аҳволга тушардингиз?!» Темур ака сўзларимга жавобан ҳайратини яшириб ўтирмади: «Фолбин бўлиб кет-а! Битта ношир «Теорема»га астойдил қизиқиб қолди. Шундан бир иш чиқади-ёв! Биласан-ку, биз ҳар доим бошқаларнинг қувончига шерик бўламиз! Шунинг учун Парвардигор бизни ҳам сийлаяпти!»

Ҳа, бировнинг қувончига шерик бўлиш осон эмас. Кимдир қандайдир ютуққа эришса, бошқа биров унга ҳасад кўзи билан боқаётганини ҳаётда кўп учратдик. Турли соҳаларга тегишли эътибор ва тақдирловларда ҳам шу каби ҳолат кузатилади. Бу - табиий ҳол. Рақобат дунёсида ҳар ким, ҳар соҳа бир-биридан ортда қолишни истамайди. Қарангки, шундай рақобат ва курашлар ичра бир соҳа танҳо истиснода экан! Бу - футбол дунёси, футбол соҳаси. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 7 апрелдаги ўзбек футболи тараққиётига хизмат қиладиган Қароридан барча, ҳар бир соҳа вакили бирдек қувонди, яйради. Ғуломжон Ҳамидовнинг шеърида таъкидланганидек, Қарор футболимиз ҳаёти ва тараққиётига оид ҳар бир жиҳатни тўла-тўкис қамраб олган. Очиғи, футболимизга ва унинг истиқболига бу қадар кенг миқёсдаги эътибор, комплекс ёндашув ҳозиргача кузатилмаганди! Тўғри, аввал ҳам футболга оид бир неча Қарор ва Фармонларни кўрганмиз. Ўша Фармон ва Қарорларнинг ҳам футболимиз тараққиётига озми-кўп ижобий таъсир ўтказганини ҳеч ким инкор этмайди. Aфсуски, ўша ҳужжатларнинг ҳаётга том маънода татбиқ этилиши учун бюрократик тўсиқлар кўп эди. Аниқроғи, Фармон ва Қарорлар ижросини таъминловчи яхлит механизм кўзда тутилмаган ёки ишлаб чиқилмаганди. Янги Қарорнинг афзаллиги шундаки, унда «От и до» деб аталувчи чегара дои­расидаги барча ишлар назарда тутилган. Айни чоғда ҳужжат ижросини таъминловчи ҳуқуқий ва молиявий механизм ҳам белгилаб қўйилган! Қойил! Офарин! 

Эътибор берган бўлсангиз, янги мавсум бошлангандан буён Суперлига ўйинларини кузатаётган футбол мухлислари учрашувлардаги рақобат ва қизғинликдан ажабланишмоқда. Мухлисларни ҳайратлантириб, Суперлигамиз Италия «A» сериясини эслатиб юбормоқда. «Наполи» скудетто учун курашда «Ювентус», «Милан», «Интер» каби гранд клубларни ортда қолдириб, яна Марадона давридаги шоҳона тахтга қайтмоқда. Неаполлик мухлислар грузиялик легионер Хвича Кварацхелияни Кварадона мақоми билан олқишлашмоқда. Суперлигада ҳам «Нефтчи» ва «Бунёдкор» яна ўзининг шонли дамларини қўмсаганча дадил олға бормоқда. Ҳатто, «Сурхон» ҳам жон-жаҳди билан олға интилмоқда. «Aждарлар» Қаршида «Сурхон»ни бир амаллаб, 3:2 ҳисобида енгишгани фикримиз исботидир. «Сурхон» мухлислари Силванус Нимелини «Голванус», деб эркалашмоқда. Тасодифми ёки йўқ - билмадик, ҳарқалай, шуниси аниқки, Суперлига жамоалари Президент Шавкат Мирзиёевнинг футболимизга оид Қарорини кутгандек, аввалдан сезгандек, астойдил курашмоқда, майдонда ҳалол рақобатлашмоқда. Aйрим ҳакамларнинг жиддий тарзда жазоланишлари бош­қаларни ҳушёр торттирди, чоғи, Суперлига учрашувларида бу соҳа фаолияти ҳам тобора яхшиланмоқда. Бундан мухлислар кўнг­ли тўлмоқда. 

Ўйлаймизки, мазкур Қарор хусусида ҳали кўп ёзилади. Яна шуниси ҳам борки, Қарор ижросини ёритиш борасида матбуотга ҳам алоҳида эҳтиёж сезилади. Балки шунда футбол мактаблари ва академияларида таҳсил олувчи иқтидорлар ихтиёрий равишда «ИнтерФутбол»га обуна бўлишар, газетамизда бериладиган зарур мақолаларни ўқиб боришар, ўқиш асносида мутолаа кўникмасини шакл­лантиришар, энг асосийси, ўз фаолиятларига профессионал даражада ёндашишни ўрганишар... Шунга умид қиламиз. Умидворлик бизни асло тарк этмасин!

Муҳаммад ВАЛИ