Грановская энди ортиқча-ми?

Грановская энди ортиқча-ми?

Европанинг энг яхши менежерларидан бири ҳисобланган Марина Грановская «Челсини» тарк этмоқда.

Бу ҳақда Англиянинг етакчи ОАВлари хабар берди. Май ойида клубнинг янги хўжайинлари уни юксак қадрлашлари ва олиб қолмоқчи эканликлари айтилганди. Энди эса...

20 йил муддат «Челси» раҳбариятига ишлаган Брюс Бакнинг клуб директорлар кенгаши раислигини тарк этиши ҳам Грановскаянинг қарорига таъсир ўтказган. Тhe Guardian хабарига кўра, янги хўжайин Тодд Боули раисликни ўзи эгаллашга мойил, Лукакунинг «Интер»га ижарага берилиши билан айнан у шуғулланмоқчи.

Грановская 2010 йилдан Абрамовичнинг ишончли вакилига айланган, 2013 йилдан эса «Челси» директорлар кенгашига кирганди. Беш йил ўтиб, Forbes уни халқаро спортдаги энг обрўли аёл деб тан олди. 2021 йилда Tuttosport Маринани Европадаги энг яхши футбол менежери сифатида эътироф этди. Буларнинг бари Чемпионлар Лигасидаги муваффақият фонида юз берди. Ўтган йилги трансферлар ўзини оқламаган бўлсада, Грановскаянинг «Челси»даги фаолиятини фақат ижобий баҳолаш мумкин. Харажатлар ва совринлар нисбати инвестициялар ўзини оқлаганини кўрсатмоқда. 

Энди Марина қаерга боради? Унинг Россия топ-клубларидан бирида иш бошлаш варианти ҳақида гапирилди. Аммо унинг РПЛ жамоасида пайдо бўлиши имконсиздек туюлмоқда. Гарновская Моуриньони «Челси»га қайтарган, Террини эса клуб шартлари асосида келишувни янгилашга кўндирганди. Бундай мутахассис футболчи ва мураббийни огоҳлантирмай, трансферни амалга оширадиган, клуб директори ўриндиқда ўтириб, мураббийга кўрсатма берадиган, лига трансляцияси учун тендери йўқ лигада ишлай олармикан? 

Ҳозирги мақоми ва алоқалари билан Марина АПЛнинг ўзидан иш топишда қийналмайди. Гарчи уни «Челси»дан бошқа ерда тасаввур қилиш қийин бўлса ҳам. Қолаверса, аввалгидек унга 100 фоиз ишонадиган клубга боради. Умуман, Грановская катта эҳтимол билан Абрамовичнинг янги жамоасига боради. Ҳозирча россиялик олигархнинг Испания «Валенсия»си ҳамда Туркия «Гёзтепа»сини сотиб олиши ҳақидаги хабарлар фейклигича қолмоқда.

Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади