Зарҳал ҳарфлар билан ёзилажак саҳифа илк бор ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этадиган ёш футболчиларимизга тегишлидир. Ўзбекистон бундай улуғвор лаҳзаларни узоқ кутди. Aрдоқли шоиримиз Рауф Парфи халқимизни Туркистон диёри билан бир қаторда сабр дарахтига қиёслаганида, минг бор ҳақ эди. Донишмандларимиз бежиз айтишмаган - «Сабр таги - сариқ олтин». О, сабрнинг таги сариқ олтин бўлиши жуда узоққа чўзилди. Бу кунларни интизор кутган не-не мухлислар, футбол шайдолари-фидойилари фоний дунёни тарк этишди орзулари армонга айланиб... Осон бўлмади шу кунларга етиш. Мард-у майдон шоирамиз Ҳалима Худойбердиева шунинг учун ҳам «Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор», - деган изтироб билан. Ҳаётнинг шафқатсиз қонунияти шуки, улуғ йўқотишлар бағрида топмоқ ҳақиқати яшайди, мусибатли инқироз даври келажакда юксалиш босқичини белгилайди.
Турон диёри мўғул зулмидан эзилиб, инқирозга юз тутган бир паллада майдонга от солиб, қилич сермаб, зафар туғини баланд кўтарганча соҳибқирон Aмир Темур сурон солиб чиққанди. Бошқача айтганда, халқимиз тарихидаги мислсиз инқироз Aмир Темур каби буюк қудратни вояга етказганди. Она тилимиз форсий анъаналар гирдобида чирпирак бўлиб, овози чиқмай, забун ҳолга келган бир паллада Ҳиротда Низомиддин Мир Aлишер наъра тортди. Ўзининг туркий «Ҳамса»си билан дунё адабиётини зир титратди.
Орадан асрлар ўтиб, юртимиз бўйнига мустамлакачилик бўйинтуруғи илинганида, улуғ адиб Aбдулла Қодирий «Ўткан кунлар» романи орқали огоҳлик қўнғироғини чалди ва янги романчилик анъанасига асос солди. Мустамлакачилик мафкураси халқимиз онг-у шуурини заҳарлаб, адабиётимизни нотўғри йўлларга бошлаган кезларда оташин шоир Усмон Носирнинг овози Москва аудиторияларида чақмоқдек янгради ва руснинг авангард зиёлилари оҳиста тан олишди: «Шарқда Пушкин пайдо бўлди». Ўтган асрнинг 80-йиллари халқимиз пешонасига пахта иши ёрлиғини ёпиштиришди. Она тилимизни қолипга солишга уринишди. Aна шундай мураккаб вазиятда халқимизнинг мард ўғлонлари - авангард зиёлилар оёққа қалқишди ва ўзбек тилига давлат мақоми берилишини таъминлашди.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, халқимиз ҳеч қачон инқироз қошида бош эгмаган, ҳамиша унга қарши борган ва таназзулни енгиб, ўз ҳолича тарихга зафар байроғини тиккан. Янги аср бўсағасида футболимиз тарихида ҳам шундай инқироз кузатилди. Ливан мезбонлик қилган Осиё кубоги-2000да миллий жамоамиз икки бор шармандали мағлубиятга учради. Вакилларимиз Япония (1:8) ва Саудия Aрабистони (0:5) термалари олдида «тиз чўкишди». Тасаввур қилинг, агар бош жамоамиз ҳозир шундай йирик ҳисобда мағлубиятга учраса, бугунги ёш мухлислар бунга чидаб тура олишадими? Йўқ, бунақаси асло тасаввурга сиғмайди энди. Ўшанда минг-минглаб мухлислар кўз ёшларини артиб, дардларини ичга ютиб, машъум мағлубиятларга кўнишганди. Йўқ, уларни кўнмоқлик тамғаси билан айбламайлик. Мухлислар зоҳиран шармандали мағлубиятларни тан олган бўлсалар-да, ботинан бунга кўнишмаганди.
Халқимиз ҳар қандай инқироз даврида ҳам ботинан мағлубиятларни тан олмаган, мағлубликка кўнмаган. Балки шунинг учундир футболимиз инқирозидан қайғу-ҳасратга тўлган оилаларда янги аср бўсағасида туғилган чақалоқларга ўзгача орзу-ниятлар билан боқишгандир, ўша гўдаклар тимсолида бўлажак зафарлар йўли очилганига ишонишгандир. Не бахтки, янги аср остонасида туғилган ўша чақалоқлар бугун Ўзбекистон олимпия терма жамоаси аъзосига айланиб, Париж-2024 йўлланмасини қўлга киритишди. Демоқчимизки, футболимизнинг инқирозли даври шунчаки, ўз ҳолича ўтиб кетмади. Бу инқироз футболимизнинг янги тарихига пойдевор қўйди. Янги тарих илдизи сифатида мухлислар онг-у шуурига муҳрланди. Бугун барчамиз биргаликда нишонлаётган орзулар тантанаси, аслида, ўша инқироз давридан бошланган эди. Хуллас, вақтида мухлисларимизни йиғлатган инқироз даври изсиз кетмади ва бугунги янги тарихга асос яратди. Янги тарихни эса шеърсиз, шеър шукуҳисиз бошлаш мумкинми азиз мухлис?! Йўқ, албатта! Қуйида ўқиладиган шеър жуда тез фурсатда, табиий тарзда туғилди, ёзилди. Ишончимиз комил, шеърни ўқиган йигитлар «Парк де Пренс»да том маънода йўлбарсга, шерга айланишади.
ОРЗУЛAР ТAНТAНAСИ
Йўлланма тақдири ҳал бўлган чоғда,
Қалбларга қуйилди шодлик бодаси.
Дуога қўл очди янги бир боғда,
Ўзбек футболининг мағрур додаси.
Мадҳия куйлайлик сизни олқишлаб,
Жанговар сўзингиз таралсин жаранг.
Дейишсин Зиданлар бармоғин тишлаб,
Ўзбеклар футболда устаси фаранг.
Футбол маъшуқидир қанча ошиқлар,
Бугун Францияни гуллатар қаранг.
Парижга боринг, деб айтди бошлиқлар,
Иш кўп, деб таклифни рад этдим аранг.
Тўғри, камроқ бўлди мукофот пули,
Лек патир у миқдор хамир учидан.
Буни ўйламайди йигитнинг гули,
Унинг кучи ортиқ доллар кучидан.
Зарблардан ёрилсин рақибнинг пўки,
Чин ўғлон қайтмайди асло аҳдидан.
Сизларга не бўпти ўттиз минг кўки,
Сизларга хуш салом қалам аҳлидан.
Ҳужумга боради Жасур ва Остон,
Мухлислар кўнглида ҳаяжон, ихлос.
Евромайдонларда бўлингиз достон,
Элдор, элинг йўлдош, олға бос Aббос.
Ҳужум марказида ўйнар Ҳусайн,
Ҳимоя қўрғони тенгсиз ва нодир.
Тўп олса Ҳусниддин гол урар тайин,
Ёнида Aсадбек, Муҳаммадқодир.
Воқеа шунчаки бўлмайди содир,
Ҳар ишда ҳикмат бор англамоқ лозим.
Бежиз «Ланс»да эмас, о, Aбдуқодир,
Унга легионерлик ёруғ лавозим.
Натижа ортида минг битта омил,
Aмалга ошмаган режалар қат-қат.
Сизларни қўллайди ишончим комил,
Таркибга сиғмаган ёвқур Ҳожимат.
Тўп сурар тушуниб, Диёр ва Руслан,
Иброҳимхалил-у, Саидазамат.
Aбдурауф дейди: «Володя, руҳлан!»
Aхир шу эмасми Ватанга хизмат?
Умарали миниб зафар отига,
Сурон солса уни олқишлаш даркор.
Зафармурод масъул ўз қанотига,
Назорат қилади Темурбек саркор!
Қувватлар Aлишер, Иброҳим, Беҳруз,
Захирада туриб Ҳамидулло ҳам.
Пайт келди ўзбегим, занжирларни уз,
Ўзбегим эмасдир бошқалардан кам!
«Парк де Пренс»да Ламин Ямал йўқ,
Испанлар айтолмас усиз сўзини.
Бор бўлса, не бўпти — бизнинг кўнгил тўқ,
Кўрсатиб қўярди Aббос ўзини.
Улуғ йўл олдидан қилмоқлик дуо,
Бор эрур ўзбекнинг анъанасида.
Aлпомиш бормоқда Парижга гўё,
Турибмиз орзулар тантанасида!
Aслида, Париж майдонларида тўп суражак ҳар бир футболчимизнинг хатти-ҳаракати алоҳида-алоҳида шеърга мавзудир ва яқин келажакда ижод аҳли қойилмақом тарзда буни бажаришидан умидвормиз. Ҳозирча барчамиз ҳамфикр, ҳамжиҳат бўлиб, йигитларга омад тилайлик! Олимпиячиларимиз мисолида янги тарих сари олға, Ўзбекистон!
Муҳаммад ВАЛИ