Фарғоналик тажрибали футболчи ўтган ҳафта янги клуби қароргоҳига етиб борди ва машғулотларга киришди. Биз футболчининг янги жамоасидаги таассуротларини билиш мақсадида у билан боғланиб суҳбат уюштирдик. Тўхтахўжаев Қатардан тушган таклиф атрофидаги воқеьликларга тўхталаркан, жамоага тажрибали футболчи зарурлиги учун бундай танлов рўй берганини таькидлади.
- Қатардан тушган таклиф ва унинг атрофидаги воқеликлардан хабардор бўлдик. Айтингчи, мазкур таклифни «Қизилқум» раҳбарияти қандай қабул қилди ва кетишингизга қандай муносабат билдиришди?
- Агар ёдингизда бўлса Хитойдаги фаолиятим давомида ҳам бу каби таклифлар бўлган эди, аммо ўшанда шартномам борлиги боис клубда қолгандим. «Қизилқум»да эса битимга шундай банд киритилган эдики, агарда чет элдан таклиф тушадиган бўлса ўзаро келишилган ҳолда мени қўйиб юборишлари керак эди. Амалда ҳам шундай бўлди ва клуб мутассаддилари барчасини тўғи қабул қилишди. Бунинг учун уларга катта раҳмат айтмоқчиман.
- «Ал-Гарафа»да тажрибали футболчига эҳтиёж сезилгани учун хизматингиздан фойдаланишни маъқул кўришганини айтдингиз. Ваҳоланки, Суперлига пешқадамлиги учун курашаётган «Қизилқум» учун ҳам сиз каби футболчилар ниҳоятда асқотарди...
- Очиғи, бундай жамоалардан ҳар доим ҳам таклиф бўлавермайди. Вазиятни реал баҳолаш керак. «Қизилқум»да эса тажрибали ўйинчилар жуда кўп. Умид қиламанки улар кўзланган мақсадга эришишади.
- Қатар юлдузлар лигасида кўплаб таниқли номлар фаолият юритиши сабабли бу чемпионат бизникидан обрўлироқ туюлади. Бу икки чемпионат орасидаги савия борасида қандай фикрдасиз?
- Ҳали ўйинларда иштирок этмадим. Бу саволингизга кейинроқ жавоб берсам маъқул бўлса керак. Лекин учрашувгача бўлган тайёргарликлар бу ерда аъло даражада. Бизнинг жамоаларга ҳам шундай шароитлар насиб қилсин!
- Янги жамоангиздаги фаолиятингиз бошланиб, италиялик мутахассис қўл остида илк машғулотларни ўтказишга ҳам улгурдингиз. Хўш, таассуротлар қандай?
- Таассуротлар жуда ҳам илиқ. Боз устига жамоа бош мураббийи билан кечган биринчи суҳбатдан сўнг амин бўлдимки, мураббий жуда яхши инсон экан. Машғулотлар кўтаринки руҳда ўтаяпти.
- Энди сиз Суперлигамиз баҳсларини нейтрал мухлис сифатида кузатасиз. Айтингчи, тахминингизча бу йил чемпионлик учун қайси жамоанинг имкониятлари юқорироқ ва қайси жамоа натижаларини алоҳида кузатмоқчисиз?
- Олдиндан бир нима дейиш қийин. Чемпионатимиз бу йил жуда ҳам қизиқ ўтмоқда. Афсуски, Суперлига баҳсларини нейтрал мухлис сифатида кузата олмайман (кулади). Сабаби собиқ жамоам «Қизилқум»да бир қатор дўстларим ўйнашяпти. Қолаверса, «Нефтчи» ва «Локомотив» жамоалари ҳам мен учун қадрли бўлиб қолган...
- «Ал-Гарафа» дан тушган таклиф кутилмаганда рўй бердими ёки воқеалар ривожи шунга қараб кетаётганмиди?
- Кутилмаганда рўй берди деса ҳам бўлади. Музокаралар 10 кунча давом этди холос ва шу давр ичида барчасини ҳал қилдик.
- «Нефтчи» ҳақида сўз очдингиз, она шаҳрингиз бош жамоаси қайд этаётган натижалар борасида қандай фикрдасиз?
- Жамоа деярли янгитдан тузилди, қийин бўлиши аниқ эди. Лекин «Нефтчи»да ажойиб футболчилар йиғилган. Уларни вазиятни ўнглашларига ва керакли натижага эришишларига ишонаман.
Х.ЮСУПОВ суҳбатлашди.