КОНМЕБОЛ аъзоси устидан илк ғалаба!

КОНМЕБОЛ аъзоси устидан илк ғалаба!

Ўзбекистон миллий жамоаси 24 март куни Жиддадаги муҳташам King Abdulla Sports Siti стадионида 2023 йил ҳисобидан илк ғалабасини расмийлаштирди.

 Саудия Арабистони йиғинига киритилган биринчи «ўртоқлик»да вакилларимизга КОНМЕБОЛ вакили - Боливия термаси спарринг-рақиб вазифасини ўтаб берди.

Сречко Катанец шогирдлари ўйинни нисбатан эҳтиёткор режимда бошлашди. Чунончи, Жанубий америкаликлар бошидан ўзларига хос тарзда қўполроқ ва агрессив ҳаракатланишди. Хусусан, илк дақиқаларда Элдор Шомуродов ва Жалолиддин Машариповга нисбатан кескин кураш таклиф этилди. Муҳими, вакилларимиз ҳам вақт ўтгани сайин рақибга мослашиб, майдонда устунликни ўз томонларига оғдира бошлашди. Натижада Карлос Лампе дарвозаси олдида бирин-кетин вазиятлар юзага келди. 36-дақиқада кескин ҳужум самара берди. Тўғри, бунда Машарипов қулай вазиятда (Шомуродов узатмасидан сўнг) дарвозага зарба беришни пайсалга солди, лекин тўп рақибдан тўғри бўш турган «Специя» ҳужумчиси оёғига тушди. Шу тариқа Элдор миллий жамоамиздаги 34-голини нишонлади. Бўлим охирида эса Ўткир Юсупов икки марта жонбозлик кўрсатиб, ҳисоб ўзгармай қолишини таъминлади. 

Иккинчи 45 дақиқаликда ҳам ўйин сценарийси айтарли ўзгармади. Ҳудудий устунликка эришган жамоамиз бир неча марта ҳисобни ошириш имконига эга бўлди, бироқ сўнгги паллада тезкорликми аниқликми ёки креативлик етишмади футболчиларимизга. Хуллас, Шоманинг голи ягоналигича қолди ва Катанец миллий жамоамиз бош мураббийи ролида 10та ғалаба маррасига етди. Эслатма, вакилларимиз бугун Саудияда яна бир ўртоқлик учрашуви ўтказишади. Навбатдаги рақиб - КОНМЕБОЛнинг яна бир аъзоси - Венесуэла термаси. Ўз ўрнида маълумот, венесуэлаликлар Саудиядаги илк «ўртоқлик»да ғалаба қозонишди. Аниқроғи, Саудия Арабистони термаси билан куч синашиб, 2:1 ҳисобида устун келишди. Шунинг ўзи бўлажак рақиб анча жиддий эканлигидан далолат.

ЎЗБЕКИСТОН - БОЛИВИЯ - 1:0 (1:0)

24 март. Жида (Саудия Арабистони). King Abdulla Sports Siti стадиони.

Гол: Элдор Шомуродов (36).

Ўзбекистон: 12. Ўткир Юсупов, 3. Ҳожиакбар Алижонов, 5. Рустам Ашурматов, 7. Отабек Шукуров, 8. Одил Ҳамробеков, 10. Жалолиддин Машарипов (11. Остон Ўрунов, 79), 13. Шерзод Насруллаев (4. Иброҳимхалил Йўлдошев, 59), 14. Элдор Шомуродов (17. Сардор Собирхўжаев, 90), 15. Умарбек Эшмуродов, 20. Жасур Яхшибоев (Азиз Турғунбоев, 59), 23. Ҳусниддин Алиқулов.

Боливия: Карлос Лампе, Диего Медина, Адриан Хусино, Дэнни Бехарано (Борис Сеспедес, 69), Мигелито (Рамиро Вака, 69), Марсело Морено, Хайме Арраскаита (Хайме Куэльяр, 59), Роберто Фернандес, Лучано Урсино (Габриэль Вилламил, 59), Жейсон Чура (Кармело Алгаранас, 59), Леонардо Забала (Хосе Сегредо, 27).

Огоҳлантиришлар: Жалолиддин Машарипов (45), Иброҳимхалил Йўлдошев (85), Отабек 

Шукуров (90) - Лучано Урсино (33).

Четлатиш: Хосе Сегредо (90, Б.).

* Элдор Шомуродов Ўзбекистон миллий жамоаси либосида 34-голини уриб, Максим Шацких рекордини такрорлади. Битта фарқ­ли томони шуки, Элдор атиги 15та голини расмий ўйинлар, қолганини «ўртоқлик»ларда нишонлаган. Макс эса 34та голидан 27тасини расмий баҳсларда тўплаган.

* Сречко Катанец Ўзбекистон миллий жамоаси бошқарувида 10та ғалаба расмийлаштирган хорижлик биринчи мураббий бўлди. Словениялик мутахассис бу маррани 15-ўйинда забт этди. Катанец жамоаси яна 4та ўйинда мағлубият (Швеция - 1:2, Иордания - 0:3, Грузия - 0:1, Коста-Рика - 1:2) ва 1тасида дуранг (Россия - 0:0) қайд этган. 

* Боливия термасининг мағлубиятли серияси 6та ўйинга етди. Жамоа бунга қадар Перу (0:1), Сенегал (0:2), Бразилия (0:4 ва 2:3) ва Колумбия (0:3) термаларига бас келолмаганди. 

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи ролида камида 10та ғалаба қайд этган мутахассислар

1. Миржалол Қосимов - 22та

2. Вадим Абрамов - 20та

3. Самвел Бабаян - 16та

4. Равшан Ҳайдаров - 13та

5. Рауф Инилеев - 13та

6. Рустам Акрамов - 10та

7. Сречко Катанец - 10та

Ўзбекистон миллий жамоаси 

тарихидаги энг яхши тўпурарлар

1. Максим Шацких — 34та гол

2. Элдор Шомуродов — 34та гол

3. Миржалол Қосимов — 31та гол

4. Александр Гейнрих — 31та гол

5. Сервер Жепаров — 25та гол

6. Одил Аҳмедов — 21та гол

7. Игорь Шквирин — 20та гол

8. Игорь Сергеев — 17та гол

9. Жаъфар Ирисметов — 15та гол

10. Улуғбек Бақоев — 14та гол
uz-boliv.jpg

АЙТГАНЧА... ЎФА ҳозирга қадар Элдор Шомуродов рекорди ҳақида расман хабар бергани йўқ. Ташкилот ноябрь ойида миллий жамоа йиғинига чақирилган футболчиларнинг умумий статистикасини ҳавола қилган ва унда Шомуродовнинг 59та ўйинда 32та гол ургани қайд этилганди. Сречко Катанец жамоаси шундан кейин 3та ўртоқлик ўйинида қатнашди: Қозоғистон (2:0), Россия (0:0) ва Боливия (1:0). Элдор эса уларда 2та гол урди. Демак, ҳозирда унинг статистикаси: 62та ўйин, 34та гол. Бироқ баъзи манбаларда 27 ёшли ҳужумчи ҳисобида 33та гол борлиги айтилмоқда. Эҳтимол, охирги ўйинларнинг қайсидир бири ФИФА реестрига киритилмагандир...