ЛЕГИОНЕРЛАРИМИЗ: Яхшибоев бош тўпурар

ЛЕГИОНЕРЛАРИМИЗ: Яхшибоев бош тўпурар

Эрон. Аввалги ҳафта Эрон чемпионати ҳам старт олди.

Теҳроннинг «Истиқлол» клуби 1-турда «Шамс Азар» меҳмони бўлиб, 2:1 ҳисобида ғалабага эришди. Жамоа ярим ҳимоячиси Жалолиддин Машарипов илк ўйинда тўлиқ вақт ҳаракатланди. Ўткир Юсупов ҳам «Фулад»даги расмий дебютида 90 дақиқа ҳаракатланиб, дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Якунда унинг жамоаси «Нассажи Мазандаран» майдонидан ягона гол ва 3 очко билан қайтди. Остон Ўрунов эса «Персеполис»нинг «Зоб-Оҳан»га қарши ўйини (1:1)да майдонга тушмади. 

Франция. «Ланс» Лига 1 1-турида «Анже» меҳмони бўлиб, ягона гол эвазига ғалаба қозонди. Жамоа ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ушбу учрашувнинг 90-дақиқасида захирадан майдонга тушди - тактик ўзгариш. 

БАА. Азиз Ғаниевнинг «Ал-Батеҳ»даги расмий дебюти жамоавий натижа борасида омадсиз чиқди. Яъни ҳамюртимиз майдонда тўлиқ вақт ҳаракатланган Лига кубоги 1|8 финали доирасидаги баҳс (сафарда «Ал-Жазира»га қарши) мағлубият билан хотима топди - 1:3. «Ал-Батеҳ» турнирда қолиш учун 8 сентябрь куни ўз майдонида 2та гол камомадини йўқотиши керак. 

Россия. ЦСКАда омадсизлик давом этмоқда. «Армиячилар» РПЛ 5-турида «Локомотив»ни қабул қилиб, 90-дақиқада гол қўйиб юборишди - минимал ҳисобли мағлубият. ЦСКА ярим ҳимоячиси Аббос Файзуллаев бу сафар бошланғич таркибдан жой олди ва 86 дақиқа давомида имкон қадар фаол тўп сурди. Sofascore талқини бўйича ҳамюртимиз ҳаракати 6,8 баллга баҳоланди. ЦСКА бош мураббийи Марко Николич эса ўйиндан сўнг нега Файзуллаев ва яна икки футболчини захирага олгани хусусида изоҳ берди: «Мақсад якунда қанотларни фаоллаштириш эди, ўзгаришгача деярли 20 дақиқа давомида қанотлардан кескин ҳужумлар ташкил этилди. Захирадан тушган футболчилар ҳам 3-4 марта олдинга боришди ва узатмаларни амалга оширишди. Бироқ ҳимоядаги хато қимматга тушди». 20 ёшли легионеримизнинг ўзи охирги интервьюсида Москва шаҳридаги ҳаёт даражасига ҳам тўхталди: «Москва яшаш учун анча қиммат шаҳар эканлигини пайқадим. Бу айнан нималарда сезилишини айтолмайман, чунки нарх-навони фаол кузатолмайман. Айни пайт клуб қароргоҳида яшаётганим йўқ, алоҳида квартирани ижарага олдим. Қанчага? Нормал баҳода». РПЛдаги қолган ҳамюртларимизга келсак, Шерзод Эсановни ўз сафига олган «Акрон» ўз майдонида Рустам Ашурматов ва Умарали Раҳмоналиевнинг жамоаси - «Рубин»га қарши майдонга тушди. 1:2 ҳисобида хотима топган ўйинда Эсанов 77-дақиқадагина майдонга тушган бўлса, Ашурматов захирада қолди, Раҳмоналиев эса қайдномадан ҳам четда қолди.

Туркия. «Ризеспор» ҳимоячиси Ҳусниддин Алиқулов қаторасига 2-марта Суперлига рамзий туридан жой олди. Чунончи, миллий жамоамиз вакилининг 2-тур доирасида «Адана Демирспор»га қарши кечган ўйиндаги ҳаракатлари Sofascore портали томонидан 8 баллга лойиқ кўрилди. Эслатма, ҳамюртимиз Туркия элит дивизионинг дастлабки 2та ўйинида 1тадан гол урди - бош билан чиройли зарба воситасида. 

Қозоғистон. ҚПЛ 17-туридан ўрин олган «Шахтёр» - «Ордабаси» ўйини (2:3)да Жасур Яхшибоев 2та гол уриб, бош қаҳрамонга айланди. Ҳамюртимиз «дубль» қайд этиш баробарида биринчи бўлим якунида сариқ карточка ҳам олди ва 68-дақиқада ўз ўрнини захира вакилига бўшатиб берди. «Ордабаси»даги яна бир вакилимиз Шаҳбоз Умаров эса ушбу учрашувни захирада кузатди. Айтиш керак, Яхшибоевнинг жорий чемпионатдаги жами голлари сони 7тага етди ва у ҚПЛ тўпурарлари пойгасида 1-ўринга чиқиб олди. Иброҳимхалил Йўлдошевнинг жамоаси - «Қайрат» меҳмонда «Қизил-Жар»ни 1:0 ҳисобида енгиш асносида чемпионат турнир жадвалида 1-ўринга кўтарилдганини алоҳида таъкидлаш керак. Ҳамюртимиз ушбу баҳс­да тўлиқ вақт тўп суриб, ғалабага ҳисса қўшди, шунингдек, сариқ карточка олишга ҳам улгурди. Шоҳназар Норбеков («Қайсар») 1:1 ҳисобида якунлаган «Актобе»га қарши сафар ўйинининнг 44-дақиқасида майдонга тушди. Бироқ ҳужумчимиз 82-дақиқада захирага олинди.