ЛЕГИОНЕРЛАРИМИЗдан дараклар: Рустам Ашурматов - қутқарувчи ролида!

ЛЕГИОНЕРЛАРИМИЗдан дараклар:  Рустам Ашурматов - қутқарувчи ролида!

Италия. Элдор Шомуродов ниҳоят, майдонга қайтди ва «Кальяри» 6та ўйинга чўзилган ғалабасиз сериясига чек қўйди.

«А» серия 27-туридан ўрин олган «Эмполи»га қарши сафар учрашуви масаласини ягона гол ҳал қилди. Ҳамюртимиз эса 87-дақиқада майдонга тушди. Маълумот учун, Шомуродов 2 ой олдин жароҳатланган эди.

Франция. «Ланс» ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов 29 февраль куни туғилган айёмини нишонлади. Шу муносабат билан lensois.com сайти ҳамюртимизни алоҳида қутлади: «2004 йилнинг 29 февраль куни Ўзбекистон пойтахти - Тошкентда туғилган «Ланс» футболчиси Абдуқодир Ҳусанов 20 ёшга тўлди. Истеъдодли ҳимоячи Франция чемпионати иккинчи қисмида ўзини кўрсатиб, кўпроқ амалиётга эга бўлишдан таш­қари, жорий йил март ва июнь ойларида ўтказиладиган ЖЧ саралаш ўйинларида Ўзекистон миллий жамоасининг муҳим ижрочиларидан бирига айланиши керак. Ҳозирча lensois.com номидан Абдуқодирни туғилган куни билан муборакбод этамиз». 3 март куни эса Ҳусанов «Лион»га қарши сафар ўйини (3:0)нинг 87-дақиқасида майдонга туширилди.

Россия. «Рубин» РПЛ 19-тури доирасидаги сафар ўйинида чемпионат пешқадами - «Краснодар»дан очко тортиб олди (1:1). Эътиборли томони, Қозон жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолган голга сўнгги дақиқада Рустам Ашурматов муаллифлик қилди. Шу куни Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси тўлиқ вақт тўп сурган бўлса, «Рубин»даги яна бир вакилимиз Умарали Раҳмоналиев захирада қолди. «Ҳар бир ўйиндан олдин стандарт вазиятлар устида ишлаймиз. Яъни бунга тайёр эдим. Тўғриси, гол сари боргандик. Агар мен бўлмаганимда ҳам, гол урардик, барибир», - деди бурчак зарбасидан кейин тўпни боши билан чиройли тарзда рақиб дарвозасига йўллаган ҳамюртимиз ўйиндан кейин. ЦСКА аксинча, ўз майдонида «Оренбург» билан ўйиннинг 90+3-дақиқасида қўйиб юборилган гол туфайли ғалабани қўлдан чиқарди - 1:1. «Армиячилар» ярим ҳимоячиси Аббос Файзуллаев ушбу учрашувнинг 73-дақиқасига қадар майдонда доимгидек фаол кўринди.

Эрон. «Персеполис» Остон Ўруновнинг дебют ўйинида «Зоб-Оҳан» майдонидан 1та гол ва 3 очко билан қайтди. Ҳамюртимиз Эрон чемпионати 18-туридан ўрин олган мазкур баҳснинг 66-дақиқасида захирадан майдонга тушди. «Истиқлол» (Ҳузистон) эса Достон Турсунов тўлиқ вақт тўп сурган баҳсда «Тракторсози»га 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Пешқадам «Истиқлол»га келсак, Жалолиддин Машарипов жамоаси «Сепаҳон»­ни ягона гол эвазига доғда қолдирди. Теҳрон клуби бошланғич таркибида майдонга тушган ўзбекистонлик ярим ҳимоячи 77-дақиқада захирага олинди. 

Туркия. «Ризеспор» Суперлига 28-турида «Қайсариспор»дан яққол устун келди - 3:0. Ғолиб жамоа ҳимоячиси Ҳусниддин Алиқулов тўлиқ 90 дақиқа тўп сурган бўлса, мағлуб томон ярим ҳимоячиси Отабек Шукуров майдондан четда қолди. Азиз Турғунбоев 90+4-дақиқагача тўп сурган баҳсда эса «Сивасспор» жамоаси «Қосимпошо» дарвозасига йўл тополмади - 0:0. Машҳур Арда Турон бош­қарувидаги «Эюпспор» эса келаси мавсум Суперлигада қатнашиш масаласини деярли ҳал қилди. Жаҳоргир Ўрозовнинг жамоаси Биринчи лига финишига 10та тур қолган бир паллада энг яқин таъқибчиси «Гюзтепе»дан 11 очко илгарилаб кетди. Тўғри, ҳамюртимиз «Эюпспор»нинг сўнгги ўйинларида  ҳаттоки қайдномага ҳам киритилмаяпти.

БАА. Ҳожимат Эркиновнинг клуби «Ал-Ваҳда» мамлакат чемпионати 15-турида «Ал-Жазира»ни қабул қилиб, қийин ғалабага эришди - 3:2. Легионеримиз бунга 90 дақиқалик фаоллиги билан муносиб ҳисса қўшди. «Хорфаккан» - «Шабаб Ал-Аҳли» ўйинида эса икки ҳамюртимиз майдонда ўзаро тўқнаш келди. Яъни мезбонлар ҳимоячиси Абдулла Абдуллаев ва меҳмонлар ярим ҳимоячиси Азиз Ғаниев бошланғич таркибдан жой олишди. Бироқ ҳар икки легионеримиз танаффусда алмаштирилди. «Хорфаккан»нинг олдинги ўйинида гол урган Азиз Амонов эса 67-дақиқада сафга қўшилди. «Шабаб»нинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган баҳсда Азиз Ғаниев ва Азиз Амонов сариқ карточка олишганини ҳам айтиш керак. 

Қозоғистон. «Қайрат» янги мавсумни ўз майдонида «Қизилжар»га қарши ўйин билан бошлади ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Қишда қўшни юрт чемпионатига йўл олган Иброҳимхалил Йўлдошев тўлиқ 90 дақиқа ҳаракатланиб, «Қайрат» таркибида ажралиб турди. Амалдаги чемпион - «Ордабаси» стартда «Шахтёр» дарвозасига жавобсиз 5та гол урди. Эътиборли томони Шимкент жамоасининг бошланғич таркибига кирган ҳамюртларимиз Жасур Яхшибоев ва Шаҳбоз Умаров бу учрашувда ўз ҳисобларига 1тадан гол ҳамда ассист ёздириб қўйишди. Жасур танаффусда ўз ўрнини захира вакилига бўшатиб берган бўлса, Шаҳбоз 65-дақиқагача майдонда бўлди. Якунда бир бўлим ҳаракатланган Яхшибоев учрашувнинг энг яхши футболчиси сифатида махсус соврин олди. «Қайсар» сафига қўшилган Шоҳназар Норбековгина стартда етарли амалиётга эга бўлмади. У «Актобе»га қарши кечган омадсиз уй учрашуви (1:3) 80-дақиқасида майдонга туширилди.