Ҳар ҳолда, Ўзбекистон терма жамоасига номзод ҳужумчи «Инстаграм» тармоғидаги саҳифасида Теҳрон клубига омад тилаган ҳолда, мухлисларга миннатдорчилик билдирди. 23 ёшли ҳамюртимиз «Персеполис» билан февраль ойида шартнома тузганди.
Россия. РПЛ дебютанти «Торпедо» 3-турга келиб, илк очкони расмийлаштирди. таркибига Ҳожимат Эркиновни қўшиб олган Москва клуби Самарада «Крилья Советов» билан баҳс олиб бориб, 1:1 ҳисобини қайд этди. Ҳамюртимиз мазкур учрашувнинг 64-дақиқасида тожикистонлик Муҳаммад Султонов ўрнига тушди.
«Пари НН» ҳам ирода эвазига мағлубиятдан қутулиб қолди. ЦСКАга қарши уй учрашувининг 60-дақиқасида ҳам 0:2 ҳисобида ортда борган Нижний Новгород жамоаси якунда дуранг натижага эришди - 2:2. Эътиборли томони, «Пари НН»нинг биринчи голида Иброҳимхалил Йўлдошев ассистент ролини бажарди ва 79-дақиқада ўз ўрнини захира вакилига бўшатиб берди.
Италия. Элдор Шомуродовнинг янги мавсумни «Рома»да бошламаслиги аниқ. Якшанба кунги ҳолат бўйича айтсак, Ўзбекистон миллий жамоаси етакчи ҳужумчисининг «Болонья» сафига қўшилиши эҳтимоли катта. Дейлик, таниқли инсайдер Никола Скира болоньяликлар «Рома» билан Элдор масаласида ижара келишуви тузишлари ҳақида маълумот тарқатди. Унда қайд этилишича, «Бо-лонья» ҳамюртимизни кейинчалик 9 миллион еврога тўлиқ сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунга қадар журналист Жанлука ди Марцио ҳам Болонья жамоаси Шомуродов ижараси масаласида келишувга эришгани ҳақида хабар тарқатган эди. TuttoSport нашрида эса «Рома» 27 ёшли ҳужумчи трансферини 18 миллион еврога баҳолаётгани ҳақида ёзилди. Эслатма, римликлар 2021 йили легионеримизни «Женоа»дан 17,5 млн. еврога сотиб олишганди. Айтиш керак, «Рома» Шомуродовни Исроил йиғинига олиб кетмади. Ўзбекистон миллий жа-моаси сардори ўтган мавсум «бўрилар»нинг жами 39та ўйинида 5та гол ва 6та самарали узатмага муаллифлик қилди. Унинг амалдаги шартномаси 2026 йилгача мўлжалланган. «Болонья»га келсак, бу клуб «А» серия-2021|2022ни 46 очко билан 13-ўринда якунлади. Болоньяликлар янги мавсумнинг 1-турида «Лацио» меҳмони бўлишади (14 август куни). «Болонья» спорт директори Жованни Сартори эса Элдор Шомуродов ҳақидаги хабарларга оддий муносабат билдирди: «Афсуски, ҳозирча бу ҳақда изоҳ беролмайман». «Болонья» бош мураббийи Марко ди Вайо ҳам шу мазмунда гапирди: «Шомуродов яхши футболчи, аммо матбуотда ёзилган хабарларни изоҳсиз қолдирганим маъқул». Ҳафта давомида ҳамюртимиз хизматига «Галатасарой», «Торино», «Сампдория», «Удинезе», «Монца» ва «Сассуоло» клублари томонидан қизиқиш борлиги айтилди. Жумладан, «Монца» спорт директори Филлипо Антонелли Агомери ҳеч нарсани яширмади: «Шомуродов кучли футболчи, у бизга чиндан ҳам, маъқул. Лекин ҳозирча бошқа гапга ўтмаймиз». Шунингдек, еврокубоклар йўлланмаси учун курашишга бел боғлаган «Сассуоло» бош директори Жованни Карневали анча очиқ гапирди: «Шомуродовга қизиқаётганимиз ҳақида кўп сўрашяпти. Ҳа, шундай. У «А» серияда нималарга қодирлигини кўрсата олган яхши футболчи».
Қатар. Яқинда «Сурхон»дан Қатарнинг «Ал-Хор» клубига ўтган ярим ҳимоячи Бахтиёр Қосимов янги мавсумни 10-рақам остида бошлайди. Футболчининг айтишича, клуб унга аллақачон уй ва автомобиль ажратди.
Беларусь. Олий лига-2022 биринчи давраси якунига кўра, «Энергетик-БГУ»даги вакилларимиз Бобур Абдухолиқов ва Абдуқодир Ҳусанов энг яхши футболчилар қаторидан жой олишди. Улар чемпионатнинг рамзий жамоасига киритилдилар. Бобур шунингдек, бир неча кўрсаткичлар бўйича 1-ўринда бормоқда.
Туркия. Яқинда «Фотиҳ Қорагюмрук» билан шартнома тузган Отабек Шукуров собиқ жамоасига айланган «Шаржа»га хайрлашув мактуби ёзди. «5 йил олдин «Шаржа» сафига қўшилганимда, менга шунчалик меҳр-муҳаббат кўрсатишингларни тасаввур ҳам қилмагандим. Барчангиз мени ўз оилангиз аъзосидек қабул қилдинглар. Айниқса, жароҳатдан кейинги оғир паллада бирга бўлиб, оёққа туришимда катта ёрдам бердинглар. «Шаржа» футболкасини кийиш мен учун шарафли бўлди ва меҳрингизга муносиб жавоб қайтариш учун қўлдан келганича тиришдим. Кубок ва чемпионатдаги ғолиблик - ҳаётимдаги энг ёрқин хотиралар. Жамоа мавсум-2022|2023да ҳам сизларга шундай ҳиссиётларни тақдим этишига ишонаман. Жумладан, мен йигитларни чин юракдан қўллаб-қувватлашда давом этаман. Бугун кўзда ёш билан жамоадан кетяпман. Клуб президенти, мураббийлар, менежерлар, футболчилар ва ходимлар, шунингдек, мен билан ҳамиша ёнма-ён турган «Шаржа» мухлисларига чин қалбдан миннатдорчилик билдираман. Ҳамиша қалбимда қоласизлар, менинг қиролларим», — деб ёзди Шукуров ўз мактубида. Айтиш жоиз, Шукуровнинг янги клуби бюджет ва таркиб жиҳатидан Туркия Суперлигасида камтарин саналсада, ўтган мавсум 8-ўринни эгаллади. Андреа Пирло қўл остидаги жамоада Эмилиано Вивиано, Фабио Борини, Жанер Эркин ва нигериялик Аҳмад Мусо каби легионерлар бор. Отабек эса Туркия элит лигасидаги ўзбекистонлик биринчи футболчи бўлади. У шунингдек, «Қорагюмрук»нинг энг қимматбаҳо вакили ҳисобланади (4 млн. евро). Эътиборли томони, ҳамюртимиз Туркия лигасига ўтиш учун маошининг анча қисқаришига рози бўлди. Аниқроқ айтсак, БААда йилига 1 млн. 800 минг доллар олган ярим ҳимоячи янги жамоасида чамаси 700-750 минг эвазига ўйнайди.
Шукуровнинг «Қорагюмрук» либосидаги норасмий дебюти «Сакарьяспор»га қарши «ўртоқлик»ка тўғри келди. Ҳамюртимиз 3:3 ҳисобида тугаган қуйи дивизион вакили билан учрашувнинг 64-дақиқасида захирадан майдонга тушди. Андреа Пирло жамоаси Суперлига доирасидаги илк ўйинни 7 август куни «Аланияспор»га қарши ўтказади.