«ПСЖ»нинг яна бир хариди - Килиан Мбаппе умумий рейтингнинг 2-қаторида. Қизиқ, муайян операция эмас, футболчиларнинг бутун фаолиятидаги барча трансферларни умумлаштирсак, қандай ҳолат юзага келади? Transfermarkt портали маълумотлари бўйича айтсак, бу борада яқинда «Интер»га қайтган Ромелу Лукаку мутлақ пешқадам. Диққат қилинг, клублар бельгиялик ҳужумчини сотиб олиш йўлида жами 333,56 млн. евро сарфлаган.
Аргентиналик Эрнан Креспо фаолиятида 4та трансфер кузатилган. Йўналиш: «Ривер Плейт» - «Парма» - «Лацио» - «Интер» - «Челси». Хуллас, Италия ва Англия клублари собиқ ҳужумчига жами 126,94 млн. евро сарфлашган - бу барча трансферларнинг жами суммаси бўйича тарихдаги 15-кўрсаткичдир. Рейтингнинг 14-қаторидан жой олган Жоау Фелишга тааллуқли сумма (127,2 млн. евро) атиги 1та ўтиш маҳсули ҳисобланади. Эслатма, «Атлетико» португалиялик иқтидор учун «Бенфика»га шунча тўлаганди. 13-ўринда колумбиялик Хамес Родригес бормоқда - жами 148,53 млн. евро. Колумбиялик футболчи бу суммани 6та трансферда йиғди. Энг каттаси - «Монако»дан «Реал»га 75 млн. евро эвазига ўтгани. Жароҳатлар таъқибидан сира қутулолмайдиган бельгиялик Эден Азар ҳаётида атиги 2та трансфер бор, лекин уларнинг суммаси чакки эмас - 150 млн. евро. Маълумот учун, у «Реал» либосини кийишига қадар «Лилль» - «Челси» йўналиши бўйича ҳаракатланган эди. Жадвалнинг 11-қатори Аргентина футболининг яна бир вакилига тегишли: Гонсало Игуаин 5та трансфер операциясида жами 159 млн. еврога баҳоланган. Тўғри, бу сумманинг катта қисми - 90 миллиони «Ювентус» томонидан тўланган.
Кучли 10таликни франциялик Антуан Гризманн очиб беради - 160 млн. евро. Ҳаммаси оддий: унга «Барселона» 120 миллион, «Атлетико» аввалига 30 миллион («Реал Сосьедад»га), кейин яна 10 миллион (ижараси учун «Барселона»га) тўлади. Жаҳонгашта Златан Ибрагимович жами 169,1 млн. евро билан 9-ўринда. Мағрур Ибра клубларни нақ 7 марта ўз трансферига пул сарфлашга мажбур қилди. Деярли 170 «лимон»га тенг хирмонда энг катта улуш «Барселона» чекида (қарийб 70 млн. евро). 175 млн. евро - бу атиги 2та ўтиш маҳсули. Дортмунд «Боруссия»си ва «Барселона» Усмон Дембеле трансферига биргаликда шунча сарфлади - 8-позиция. Анхель ди Мария фаолиятида ўтишлар етарли, лекин жами 179 млн. евро асосан 2та катта трансфер туфайли юзага келди. Яъни аргентиналик харидига аввалига «МЮ», кейин «ПСЖ» катта маблағ сарфлади. Ди Мариядан олдинда Килиан Мбаппе бор. Эсласангиз, «ПСЖ» франциялик иқтидор учун «Монако»га 180 млн. евро беришдан ўзини тўхтатолмаганди. Қисқаси, Килиан биттагина кучли «сакраш» туфайли 6-ўринда.
Кучли 5таликка етиб келдик. Бешинчи қатор АПЛдан бошқа лигада ўзини «тополмаган» Филиппе Коутиньога тегишли. Бразилиялик ярим ҳимоячи фаолияти давомида кўп марта жамоа алмаштирди, лекин умумий сумма (180,3 млн. евро)да ҳимматли «Барселона»нинг ўрни катта. Ката-лонияликлар унинг учун «Ливерпул»га 135 млн. евро тўлашган эди. Худди Коутиньо каби лига «танлаш» билан овора Альваро Мората рейтингнинг 4-қаторида - 189 млн. евро. Бу 6та ўтиш маҳсули бўлиб, 66 миллиони биргина «Челси» бўйнида. Ниҳоят, Криштиану Роналду. Португалиялик юлдузга дахлдор кўрсаткич - 245 млн. евро. Ҳамма билади, Кришнинг фаолиятида 2тагина йирик трансфер бўлди (ҳозирча): «МЮ» - «Реал» (94 млн. евро) ва «Реал» - «Ювентус» (117 млн. евро). Муайян трансфер баҳоси бўйича жаҳон рекордчиси Неймар харидларнинг умумий суммасига кўра, 2-ўринда. 310 млн. еврода «ПСЖ»нинг қалин (222 «лимон») ва «Барселона»нинг нисбатан нозикроқ «имзо»си бор. 333,56 млн. евро - клублар Ромелу Лукаку трансферига жами шунча сарфлади. Бельгиялик ҳаётида ўтишлар кўп, ҳаммасининг суммаси анча катта. Энг кўп харажат эса «Челси» зиммасида (113 млн. евро).
Равшан ИБРОҲИМ тайёрлади