Маълумот: Элитада динозавр мисоли

Маълумот: Элитада динозавр мисоли

Ўз тарихида 6 марта Франция чемпиони бўлган, қаторасига 31 йил Лига 1да иштирок этган «Бордо» клуби аввалги мавсум якунларига кўра, элит дивизион сарҳадларидан тушиб қолди.

Бу ҳолат soccer.ru сайти ижодкорларини Европанинг кучли 5та миллий чемпионати юқори дивизионида узлуксиз қатнашаётган жамоалар ҳақида яхлит маълумот тўплашга ундади.


Англия чемпионати

Англияда асримизнинг орт­да қолган йиллари фақат элитада ўйнаш бор-йўғи 6та жамоага насиб этди. Булар - «Ливерпуль», «МЮ», «Челси», «Тоттенхэм», «Арсенал» ва «Эвертон». Мабодо «Манчестер Сити»нинг қайсидир мухлиси жиғига тегишни истасангиз, унга ушбу рўйхатни кўрсатишингиз ва АПЛда «Топ-олтилик» айнан шундай эканлигини айтишингиз мумкин. «Шаҳарликлар» 2000|2001 йиллар мавсумида элитадан тушиб кетиб, 1 йилдан сўнг Чемпионшипда ғолиб чиқиш асносида АПЛга қайтганлар. Хуллас, факт шуки, улар «динозаврлар» галасидан четдалар. «Эвертон» эса юксак натижалари билан алоҳида мақтанолмасада, янги асрда АПЛдаги ўрнини бирор марта бой бермади. Ўтган мавсум Фрэнк Лэмпард шогирдлари охирги турдан олдинги ўйинда «Кристал Пэлас»га 0:2 ҳисобида ютқаза туриб, якунда ғалаба қозонишди - 3:2. Улар шу ирода эвазига 68 йиллик мунтазам иштирок узилиб қолмаслигини таъминлашди. Финал ҳуштагидан кейин «Эвертон» мухлисларининг севимли жамоалари худди ЧЛ ёки АПЛда зафар қучгандек қувонган ҳолда майдонга ёпирилганлари боиси ҳам шу. Ўша куни рақиб жамоа устози Патрик Виейрани масхара қилишга уринган безори йигит аблаҳона хатти-ҳаракати учун мураббийдан муносиб жавоб олганди. Дарвоқе, «динозаврлар» олтилигида фақат «Эвертон» ва Тоттенхэм»га янги асрда шоҳсупага кўтарилиш насиб этмаган.


Испания чемпионати

Примеронинг янги асрдаги доимий аъзолари 4та: «Реал», «Барселона», «Атлетик» ва «Валенсия». Умуман, атиги 3та жамоа ўз тарихида Испания юқори дивизионидан ҳеч қачон пастга тушган эмас. Гап албатта, «Реал», «Барселона» ва «Атлетик» ҳақида кетмоқда. Айнан шу факт ўлароқ, ушбу клублар ўртасидаги ўйин­лар «классика» сифатида таърифланади. Бошқачароқ ифода этганда, «Эль-класико»! ХХI асрнинг ўзига қарасак, трио квартетга айланди. Яъни бу гуруҳга «Валенсия» ҳам қўшилди. «Кўршапалаклар» охирги марта ўтган асрнинг 80-йиллари охирида Сегундага тушиб кетишган ва 1987|1988 йиллар мавсумида элитага қайтишган. «Валенсия» шу-шу Ла Лигада узлуксиз қатнашмоқда ва асрлар алмашуви даври ҳаттоки, 2 марта ЧЛ финалига ҳам чиқди. Эътибор берсак, нуфузли рўйхатда «Атлетико» йўқ. Гап шундаки, «матрасчилар» мавсум-1999|2000 якунида кучлилар қаторида қолиш уддасидан чиқошолмади ва 1 йилдан сўнг ортга қайтишди. Мадрид клуби шундан кейин 2 марта ЧЛ финалига чиқиб, ҳар иккисида мағлубиятни тан олди, лекин УЕФА кубоги|ЕЛда 3 марта шоҳсупага кўтарилди. Бундан ташқари, Диего Симеоненинг жанговар жамоаси 2 марта чемпионлик рутбасига эришди.


Италия чемпионати

«А» серияда учинчи минг йиллик ҳисоби бўйича «динозавр» мақомига эга клублар 5та: «Милан», «Интер», «Лацио», «Рома» ва «Удинезе». Булар орасида биргина «Интер» Италия чемпионатининг барча мавсумларини элитада ўтказган ягона жамоадир. Ҳозирда ички чемпионат ўзагини Рим ва Милан жамоалари ташкил этмоқда. Шунингдек, уларга қўшилиб олган «Удинезе» ҳам бор. Янги асрнинг илк 10 йиллиги футболга қизиқмаган мухлисларни «Ювентус»нинг доимий иштирокчилар рўйхатида йўқлиги ажаблантириши тайин. Бунинг сабабини ижтимоий тармоқлардан билиб олиш мумкин: «кальчополи» номини олган коррупцияга оид можаро! Турин гранди шу ҳодисот ортидан 2та чемпионлик унвонидан маҳрум этилган ва «В» серияга бадарға қилинган эди. Оқибатда юлдузли жамоа таркибида фақат Алессандро Дель Пьеро ва Жанлуижи Буффон қолишди. Шунга қарамай, мураббийлик тизгинини ўз қўлига олган Дидье Дешам илк мавсумдаёқ «кекса синьора»ни элитага қайтарганди.


Германия чемпионати

ХХI асрда Бундеслиганинг бирор мавсумини ўтказиб юбормаган жамоалар 4та: «Бавария», «Боруссия» Д., «Ба­йер» ва «Вольфсбург». Янги 100 йилликда қуйи дивизионларга тушиб кетиб, кейин ўз чемпионатида тенгсиз бўлган клублар ҳам етарли - Англияда «Манчестер Сити» ва «Лестер», Италияда «Ювентус», Испанияда «Атлетико». Германияда эса «Вердер» ва «Штутгарт» шундай жасорат кўрсатди. «Мусиқачилар» мавсум-2003|2004, «шваблар» эса мавсум-2006|2007да Бундеслига ғолибига айланишди. Эътиборли факт: «Штутгарт» чемпионлик мавсумидан буён 2 марта қуйига шўнғиб, ҳар сафар 1 йилдан кейин элитага қайтди. Энди бу трюкни «Вердер» ҳам такрорлади: ўтган мавсум Бундеслига-2да ўйнаб, «Шальке» билан бирга элитага чиқди. 2018 йилга қадар немис футболида бош «динозавр» ҳисобланган «Гамбург» эса ҳозирча бу юмуш уддасидан чиқолмаяпти.


Франция чемпионати

Лига1нинг ХХI асрда қуйи дивизионларни кўрмаган аъзолари 5та: «ПСЖ», «Марсель», «Ренн», «Лион» ва «Лилль». Сал аввалроқ бу гуруҳда 6та жамоа бор эди. Охирги мавсумни сўнгги поғонада якунлаган «Бордо» 31 йил бадалига илк марта қуйи лигага тушиб кетди. Жамоанинг бундан аввалги омадсизлиги спорт натижалари билан боғлиқ эмасди: ўшанда 10-ўринни эгаллаган, лекин бюджетдаги танқислик ортидан Лига 2га туширилганди. «Бордо» ўшанда элитага қайтиш миссиясини 1 йилда бажарганди. Мухлислар бу галги «тозалов» ҳам тезкор бўлишидан умидворлар. Ўтиш ўйинида «Осер»га имкониятни бой берган «Сент-Этьен» хусусида ҳам алоҳида тўхталиш жоиз. Бу жамоа ўтган мавсум якунига қадар Франциянинг энг совриндор клуби эди - 10 карра чемпион. Энди рекорд натижа «ПСЖ» томонидан такрорланди, боз устига, «Сент-Этъен» Лига 2га йўл олди. Франция рекордчиси 2003|2004 йиллар мавсумини ҳам қуйи дивизионда ўтказганини эслатиш ўринли.

Равшан ИБРОҲИМ тайёрлади