Газетамизнинг аввалги сонида россиялик таниқли журналист Игорь Рабинер ва АГМК бош мураббийи Миржалол Қосимов ўртасидаги катта суҳбатнинг дастлабки қисмини ҳавола қилгандик. Қуйида «Спорт-Экспресс» нашрида эълон қилинган ўша интервьюнинг давоми билан танишишингиз мумкин.
«Машъал»га Абдусалом Азизов таклиф этган эди»
— Фаолиятингиз охирида бир йилча БААда ҳам ўйнадингиз...
- Ўша пайт Амирликларда футболга профессионал ёндашишмасди. Футболчилар божхона ёки полицияда ишлашар, бунга асосий касб сифатида қарашарди. Футбол эса шунчаки, хобби сифатида кечқурун келишарди. Жамоаларда 2-3 нафардан легионер бор эди. Араблар шунчаки, ўзлари, кўнгилхушлик учун тўп суришарди, жамоавий ўйин эса... Қисқаси, бундай ҳолат менга сира ёқмасди. Бу ҳақда клубнинг мисрлик раҳбарларидан бирига айтганимда, у бамайлихотир гапирди: «Профессионалсан-ку, тўпни ол, ҳаммани алдаб ўт ва гол ур!» Буни эшитгач, иштиёқим бутунлай сўнди ва «Пахтакор»га қайтдим.
— Бутун фаолиятингиз шу жамоага боғлиқ бўлди, тўғрими?
— Ҳа, лекин бутсамни 2005 йили «Машъал»да михга илдим. Ўша вақт жамоани ЎФАнинг ҳозирги президенти Абдусалом Азизов бошқарарди. Мени айнан у «Машъал»га чақирганди. Муборакда 1 йил ўйнадим ва фаолиятимни якунладим.
— 1995 йилги «Спартак-Алания» ҳақида нималар хотирангизда муҳрланган?
— Жамоада 13-14 миллат вакиллари йиғилган бўлсакда, жуда аҳил эдик. Мавсумни бир нафасда тугатганмиз. «Алания» чемпионликни 21 октябрь куни ЦСКАга қарши ўйинда расмийлаштирган, аммо жамоа билан бирга бўлмаганман - миллий жамоа йиғинига келгандим. Хуллас, чемпионликни кийиниш хонасида нишонлаш насиб этмаганди. Охирги уй учрашувида майдонга тушишни ўйлагандим, аммо бел оғриғи панд берганди.
— Тўхтанг, чемпионат давом этаётган паллада миллий жамоага қандай кетгансиз?
— 1994 йили Осиё ўйинларида ғалаба қозондик. Нигерия эса Африка кубогида зафар қучганди. Ўтган асрнинг 90-йиллари анъанавий равишда Афро-Осиё кубоги ўйини ўтказиларди. Биринчи баҳсни Тошкентда ўтказиб, 2:3 ҳисобида ютқазганмиз, меҳмонда эса 0:1 бўлган. Ушбу ўйинлар терма жамоаларга ажратилган вақтдан ташқарида ўтказилган. Валерий Газзаев рухсат бермаслик ҳуқуқига эга бўлсада, тўғри тушунган ҳолда, миллий жамоага қўйиб юборганди. Умуман, мен учун миллий жамоадан муҳимроғи йўқ эди.
— Чемпионлик учун берилган «Мерседес» нима бўлди?
— Танишлар орқали сотиб юбордим.
— «Алания»да Валерий Газзаев билан муносабатингиз қандай эди?
— Жуд зўр! Талабчан мураббий эди. Бу тўғри ҳам. Зеро, футболда қатъий тартиб-қоидаларни йўлга қўймасанг, натижага эришолмайсан. Ўйлайманки, кўпчилик мен каби Газзаевдан миннатдор.
— Газзаевнинг мавсумолди йиғинлари чиндан ҳам, даҳшатли кечармиди?
— Агар ҳозир шундай юклама берсангми, ҳеч ким чидамайди. Тўғри, Газзаев ке-йинчалик ўзгарди ва 1994 йилги натижалардан хулоса чиқариб, машғулотларни бироз енгиллатди. Айнан ўша мавсум чемпионликни қўлга киритдик.
— Нафас ростлаш машқи учун бассейнга ҳам шўн-ғиганмисиз? Айтишларича, 2 дақиқача сув остида туриш талаб этилган экан.
— Ҳа, шунақа машқ бор эди. Яна кўп югурардик, ҳеч кимга имтиёз берилмасди. Агар таътилда спорт формангни яхши ушлаб турмасанг, йиғинларда адо бўлардинг. Мураббий талабларини яхши билардим ва доим шуғулланардим: машғулот залларига тинимсиз борардим, узоқ масофага югурардим. Чунки йиғинга ортиқча вазн билан борсанг, машғулотлардан четлатарди.
- 1996 йили жароҳат туфайли анча вазн олган экансиз...
- Ҳа, 10 килограмм. Лекин 2 ҳафта парҳез қилдим, сузиш ва гимнастика билан шуғулланиб, формани тикладим. Ҳаммаси ёдимда: 17 август куни «Ростсельмаш» билан ўйнадик ва 2та гол урдим. Адашмасам, ўша вақт 12та гол билан тўпурар бўлиб олгандим. Уйга қайтгач, қўшнини меҳмонга чақирдим, палов пиширдик. Анча чақчақлашиб ўтирдик, кейин ўрнимдан туролмадим. Бел оғриғидан 3 кунча ухлай олмагандим.
- Қўққисдан жароҳат, шундайми?
- Аслида ҳаммаси 1994 йили бассейндан чиқаётиб сирғалиб кетиб, бел билан йиқилганимда бошланган эди. Ўшанда мен учун мавсум эрта якунланди.
- «Алания» ўз майдонида ЧЛ-96 саралаш баҳсини «Глазго Рейнжерс»га 2:7 ҳисобида бой берганида ҳам ўйнамадингизми?
— Сафарда ўйнадим, уйда йўқ. Жароҳат шу икки ўйин оралиғида орттирилди. Ўз майдонимизда 40-сониядаёқ гол қўйиб юборганмиз, битта вазият эса бутун ўйинни ағдар-тўнтар қилиб юбориши мумкин. Газзаев ҳамиша олға боришни талаб қиларди. Шу тариқа ҳисоб йириклашиб кетган... Мавсум якунлангач, ЎФФ президенти Зокир Алматов мени Германияга юборди - операцияга. Миллий жамоа БААга, Осиё кубогига кетганди, мен эса даволанишга. Ўша киши бўлмаганида, фаолиятимни анча эрта якунлармидим.... Жарроҳлик амалиёти яхши натижа беришига кафолат йўқ эди, қандайдир қоғозларга имзо чектириб ҳам олишганди. Кейин ярим йил тикланиш учун кетди.
— «Алания»дан кўпчилик Европага йўл олди: Тетрадзе «Рома»га, Яновский «ПСЖ»га, Кавелашвили «Манчестер Сити»га. Сизга ҳам чорлов тушганми?
— Жароҳат туфайли 1996 йили қолишга қарор қилдим. Ахир ярим мавсум ўйнамагандим, тиклангач, кейинги мавсумни «Пахтакор»да ўтказдим. 1998 йили чемпион бўлдик, шундан сўнг «Алания»га қайтдим. 2000 йили Газзаев «Динамо»га кетди, мени эса Александр Тарханов «Крилья Советов»га чақирди. 2 мавсум Самарада ўйнадим. Тихонов, Бородюк, Игнашевич — жамоа ажойиб эди. 2001 йили 5-ўринга кўтарилдик. «Крилья» бундай натижани орзу ҳам қилмасди.
— 2000 йили ёш Сергей Игнашевич билан 4-рақамни талашган экансиз...
— Миллий жамоа турнири туфайли 1 ойча клубда бўлмадим. Қайтсам, 4-рақам Сергейда турибди. Ўшанда тортишиб қолдик. У ёш ва қўрс эди. Кейин Сергей олдига шарт қўйдим: «Агар бугун гол урсам, 4-рақамга яқин келмайсан». Амалда «Торпедо» билан ўйинда 2та гол урдим, 3:1 ҳисобида ғалаба қозондик. Шу тариқа у «4» учун курашдан чекинди.
—Мураббийлик ишини бошлагач, жаҳон чемпионатига бордингизми?
— 2014 йили Бразилияга бордим. Россия-2018 мундиали пайти эса бизда миллий биринчилик давом эттирилаётганди. Ўйинларни телевизор орқали кўрдим, Россия термасига мухлислик қилдим. Бундан ташқари, ЖЧда 11та ўйин бошқариб, рекорд ўрнатган Равшан Эрматовга ҳам. Яна Игнашевичга. Серёгага тасанно! 38 ёшида ЖЧда жамоасининг энг яхши ҳимоячиси бўлди. У билан 2000 йили 18 ёшида бирга ўйнагандим.
— Ёш Игнашевич қандай эди?
— Меҳнаткаш. Яна яхши қўлларга тушган.
— «Алания»ни ҳали ҳам кузатасизми?
— Албатта. Профессионал мақомини йўқотганида, роса афсуслангандим. Муҳими, ҳозир қайта тикланди.
«Иқтидорлар кўп, фақат Шомуродовга ўхшаганини кўрмаяпман»
— 1994 йили Ўзбекистон термаси сизнинг етакчилигингизда ўз тарихидаги ягона совринни ютди - Хиросима, Осиё ўйинлари. Маданий жой...
— Олимпия шаҳарчасидан деярли чиқмагандик. Собиқ иттифоқ парчалангач, Ўзбекистон миллий жамоаси ўз тарихида илк марта расмий турнирда иштирок этганди. У пайт хорижда кўпчилик мамлакатимиз қаерда жойлашганини ҳам билмасди. Футбол кўп нарсага қодир - ғалабамиздан сўнг ҳамма қаердан борганимизни билиб олди. Бутун мусобақани бир нафасда ўтказиб, С.Арабистони, Ж.Корея, Хитой термаларини енгганмиз. Ваҳоланки, ўша вақт бизда кўпчилик турнирга боришимизни ҳам истамаганди. Яъни яккалик спорт турларини ривожлантириш маъқул кўрилган. Ахир бутун жамоа катта харажат талаб қиларди. Қолаверса, Япониядан «олтин» тугул, қандайдир медаль билан қайтишимизга ҳам ишонишмаган. Умуман, бошқа давлатлар учун ҳам натижамиз кутилмаган «сюрприз» бўлганди.
— Кейинчалик миллий жамоа сизнинг қўл остингизда ЖЧ-2014 йўлланмасини ютишга жуда яқин келди. Бироқ саралашнинг «плей-офф» раундида Иордания термасига пенальтилар сериясида имконият бой берилгач, айбни ўз зиммангизга олиб, истеъфога чиқдингиз...
— Чунки, олдимга қўйилган вазифани бажаролмагандим. Ҳаракат қилдик, мундиалга чиқишимиз ҳам керак эди. Эҳ, агар Ж.Корея - Эрон ўйинида дуранг қайд этилганида, автоматик равишда ЖЧга чиқардик. Энди афсусланишдан маъно йўқ. Тўғри, ЖЧ саралашидан кейин дарҳол эмас, 1,5 йил ўтгач, истеъфо бергандим.
— Ўзбекистон термасига ЖЧга чиқиш учун ҳар доим озгина етишмаган. Сизнингча, ўша нима?
— Ҳа, ҳозирга қадар сўнгги тўсиқдан ўтолмаяпмиз. Аслида биздан қандай футболчилар чиқишган-а... Дейлик, Максим Шацких. Мана, ҳозир Элдор бор. У «Бунёдкор»дан «Ростов»га менинг давримда кетганди.
- Шомуродовнинг шу даражага чиқиши, Италияда ўйнашини тасаввур қилганмидингиз?
— Тўғрисини айтаман, Италия ҳақида ўйламаганман. Лекин Россияда ўйнаб кетишига ишонганман. Иқтидорли, очиқкўнгил, хотиржам ва тарбияли йигит.
— Ўша пайт 500 доллар миқдорида маош олгани ростми?
— Йўқ, кўпроқ эди, чамаси 1000 доллар. Афсуски, Моуриньо ҳозир уни майдонга кам туширяпти. Ўзи саломатлигини берсин. Ажойиб футболчи.
— Ўзбекистонда Элдор йўлини такрорлайдиган яна кимдир борми?
— Унга ўхшашини кўрганимча йўқ. Иқтидорли йигитлар кўп, фақат менталитетни ўзгартириш керак, қатъийлик зарур.
— Мисол учун, Остон Ўрунов...
— Унга боғлиқ нюанслардан хабарим йўқ, шунинг учун муҳокама қилолмайман. Менимча, Остон «Уфа»дан «Спартак»ка ўтишда анча шошилди.
— Миллий жамоада ишлаш иштиёқи ҳали ҳам борми?
— Ҳозир эмас. АГМКда яхши инфратузилма тузиш ҳаракатидамиз. Олмалиқ — кичик шаҳар, одамлари очиқкўнгил, меҳнаткаш. Клуб раҳбари футболни жуда яхши кўради.
— Вақтида Ривалдони жалб қилган «Бунёдкор»ни ҳам бошқардингиз. Клубнинг ўша даврдаги соҳиби Одил Жалолов ҳақида нималар дея оласиз?
— Футболни жуда яхши тушунарди. 1956—1975 йиллар футболи ҳақида сўрасангиз, барчасини биларди. «Барселона»нинг ашаддий мухлиси, Месси 17 ёш бўлганида, унинг буюк футболчи даражасига чиқишини айтганди. Ўзимга ҳам Гвардиола услуби ёқади, ҳозир Хавининг тактикаси ҳам маъқул. Жалолов Ўзбекистонда футбол ривожига катта ҳисса қўшди. Афсоналарни олиб келди, энг зўр стадионни қурди ва клуб академиясини барпо этди.
— Айтишларича, у ўша вақт «Интер»да ўйнаган Самуэль Это~Они Тошкентга чорлаб, шунчаки, «Феррари» совға қилган. Кейин футболчи уни уриб олгач, Италияда тузатиб берган...
— Самуэль машинани уриб олганми ёки йўқ — билмайман. Унга «Феррари» совға қилингани эса рост.
— Буюк Ривалдо билан ишлашдан қандай таассуротлар қолган?
— Жуда яхши, доима ҳаракат қиларди. Ривалдонинг ёшидан келиб чиқиб, машғулотларда айрим енгилликлар берардик. Муҳими, у майдонда борини сарфлаб, жамоага наф келтирарди. Яъни ўз ишига сидқидилдан, профессионаллардек ёндашган, ёшларга ўрнак бўлишга интилган.
— «Бунёдкор»ни ОЧЛ ярим финалига олиб чиқдингиз, аммо шу босқичдан бошқарув Зико қўлига топширилди. Нега?
— Раҳбарият қарори. Афсус. Гўёки, мамлакатнинг марҳум президенти топшириғи билан шундай бўлгани ҳақида гапиришади (маълумотларга қараганда, Зикони аслида Ўзбекистон миллий жамоасига чақиришган. Бироқ Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов бундан хабар топгач, қатъий талаб қўйган: «Миллий жамоага ҳеч қандай хорижлик керак эмас». Натижада Зико «Бунёдкор»га, Қосимов эса Ўзбекистон миллий жамоасига тайинланган. Бразилиялик бошқарувидаги клуб ОЧЛ ярим финалида «Аделаида»га 0:3 ҳисобида ютқазган. Кейин Зикони ЦСКАга чақиришгач, уни хотиржам қўйиб юборишган — муал.).
— Зико Тошкентда узоқ қолмади, тез орада ЦСКА бош мураббийи сифатида иш бошлади. «Бунёдкор»га эса Луиз Фелипе Сколарини чақиришди. Миллий жамоа бош мураббийи сифатида бразилиялик бу мутахассис билан ҳам қалин алоқа ўрнатгандирсиз. Ундан нимани ўзлаштиргансиз?
— Сколари ўта билимли мураббий, у билан яхши чиқишгандик. Эсимда, Ж.Кореяга «Бунёдкор» билан ОЧЛ ўйинига боргандик. Машғулотлар базасига борганимизда, мезбонлар 100 метр наридаги майдонда шуғулланишимизни айтишди. Сколари эса туриб олди: «Йўқ, анави майдонда ишлаймиз». У шу аснода баъзан ўз сўзини ўтказиш кераклигини кўрсатиб қўйди.
— 2010 йиллар ўрталарида «Бунёдкор» раҳбари кетди, сиз эса жамоага қайтдингиз...
— Клуб давлат тасарруфига ўтди ва бирданига 14 нафар футболчи кетди. Шунга қарамай, даражани сақлаб қолдик, кейинги 2 йилда ОЧЛ гуруҳ босқичидан чиқдик, мавсум-2012да эса клуб тарихида иккинчи марта ярим финалда ўйнадик. Буткул бошқача шароитларда! 2013 йили мамлакат чемпионати ва кубогида ғалаба қозондик. Чунки жамоа пойдевори мустаҳкам эди.
— Айтишларича, хайрлашув ўйинини ажойиб ташкиллаштирган экансиз. Мисол учун, эронлик Али Даи билан бирга тушган суратингизни кўрдим.
— У Осиё футболи афсонаси. Биз майдонда тез-тез ўзаро тўқнаш келганмиз. Даи ва бошқалар билан ҳам марҳум Мираброр Усмонов бошқарувидаги федерация орқали алоқага чиққанмиз. Усмонов - ўзбек футболига катта хизмат қилган инсонлардан бири. Инфратузилма ва шароитлар яратди. У туфайли хайрлашув ўйини масаласи тез ҳал қилинганди. Ҳа, ажойиб бўлган - стадион тўлган, кўпчиликка чипта етмай қолганди.
— АГМКга қандай келиб қолдингиз? Деярли нолдан жамоани қаторасига 2 марта бронза медали соҳибига айлантирдингиз.
— «Бунёдкор» янги шартнома таклиф қилмади — бор гап шу. Акс ҳолда, кетмасдим. 2019 йили АГМК ўртача ўйнарди, жамоани секин-аста кучайтирдим. Таркибнинг камида 40 фоизини маҳаллий йигитлар ташкил этишлари керак. Зеро, футболчининг ўз шаҳри жамоаси учун ўйнаши муҳим. Аммо бунинг учун шароитларни яхшилаш талаб этилади - академия, мактаб. Ҳаммаси келгуси авлодга.
«Россия клубидан таклиф тушди, аммо боришни хоҳламадим»
— Россияни қўмсамаяпсизми?
- Қўмсашга вақт йўқ — иш, оила, дўстлар. Владикавказга 5 йилча олдин боргандим. Ундан аввал 2010 йили «Алания» ва «Спартак» фахрийлари ўйинига чақиришди. Вақт тез ўтиб кетади. Тўғри, хориж йиғинларида собиқ клубдошлар билан учрашиб турамиз. Дейлик, Влад Радимов билан кўришдим, 1992 йили Россия чемпионатининг биринчи мавсумида кумуш медални таъминлаган мураббийимиз Александр Новиковни учратдим. Газзаев билан эса бир неча йил олдин Дубайда кўришдик, ресторанда анча чақчақлашдик.
— Россияда ишлашга чақиришмадими?
— 12-13 йил олдин Самарадан таклиф тушди, лекин боришни хоҳламадим. Энди ҳеч нарсани исботлашим шарт эмас. Ҳаёт бир марта берилади. Яратганга шукр қилиб яшаш керак. Оила, фарзандлар, набиралар...
— Неча нафар набирангиз бор?
— Саноғидан адашиб кетдим (кулади). Кўп! 8 нафар! 3 нафари қизимдан, қолгани ўғилларимдан. Яна 2005 йилда туғилган қизалоғим ҳам бор.
— Ўзбекча тўйда гоҳида чамаси минг нафар меҳмон йиғилади. Сизникида қандай бўлганди?
— 90-йилларда уйланганман, тўйимиз ҳовлида бўлган, қанча одам келганини ҳисоблаш қийин эди. 2012 йили ўғлимни уйлантирдим, ўшанда оқшом базмига 750 нафарча меҳмон йиғилди. Наҳорги ошда эса одатда умумий ҳисобда 2-3 минг киши иштирок этади. Ўзбекистонда оч қолмайсиз!
— Буни кўрдим, тушундим. Айтингчи, футболчилик даврида бундай таомлар ичида вазнингизни меъёрида қандай сақлаб юргансиз?
— Бу борада катта муаммо йўқ эди. Таътил учун уйга келганимда ҳам, ота-онамдан мен учун ортиқча ҳеч нарса пиширмасликларини сўрардим. Нима есам, ўзим тайёрлардим.
- Худди Валерий Карпин каби шогирдларингизни ортиқча вазн туфайли жарима тортасизми?
- Йўқ, шунчаки, жиддий огоҳлантираман.
— Нимадандир ёки нимагадир эришолмаганингиздан афсусланасизми?
— Фақат бошқа футбол ўйнолмаслигимдан афсусланишим мумкин. Бошқа ҳаммаси жойида. Лекин қалбан ҳамон футболчиман.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади