Бу шахслар иштирокидаги можаро кўп йиллардан буён давом этаётгани сабабли, барчаси аслида нимадан бошлангани кўпчиликнинг эсидан чиққан бўлса, ажабмас.
Платини ва Блаттерга қандай айб қўйилган? Ёдга оламиз:
* Блаттер 1998-2015 йиллар мобайнида ФИФА президенти бўлган.
* Платини 2007-2015 йиллар мобайнида УЕФА президенти бўлган.
2015 йилда уларга қарши коррупция бўйича тергов бошланди. Сабаб:
* Маълум бўлишича, Платини томонларнинг ўзаро келишувига кўра, Блаттердан 2 млн. Швейцария франки (1,8 млн. евро) олган. Бунда ёзма ҳужжат бўлмаган.
* Платинига аталган тўлов унинг 1998-2002 йиллардаги иши учун мўлжалланган, ўтказма эса 2011 йилнинг февралида амалга оширилган.
* Платини ва Блаттер келишув оғзаки тарзда кечганини тасдиқлашган.
* Жиноят иши Швейцария қонунчилиги асосида қўзғатилган. Унга кўра, ишчи келишув бўйича пулларни мажбурият бажарилган кундан бошлаб кейинги 5 йил ичида тўланиши белгиланган.
* Нима шубҳалантирди? Платини ФИФА президентлигига сайланишни режалаштирган, лекин кўп ўтмай фикри ўзгарганди. Шунингдек, у 2011 йилда қайта сайланган Блаттерни қўллаб-қувватлаган. Тўлов айнан сайловлардан бироз аввал амалга оширилганди.
Платинининг айтишича, у ўз иши учун белгиланган сумманинг фақат бир қисмига ўша заҳоти эга бўлган, қолгани кейинроқ тўланиши кўзда тутилганди, чунки ФИФА маблағни тўлиқ тўлай олмасди. Бироқ ФИФА молиявий ҳисоботлари бошқача «сўзламоқда» - ташкилот бундай тўловни амалга оширишга қодир эди.
Аввалроқ Швейцария бош прокуратураси Блаттерни 2005 йили Кариб футбол иттифоқи билан ФИФА учун манфаатли бўлмаган шартнома имзолаганликда айблаганди. Гап ЖЧ-2010 ва ЖЧ-2014 телевизион ҳуқуқларини 600 мингга сотиш ҳақида бормоқда - бу бозор нархидан анча паст.
ФИФА қарори:
* Блаттер 8 йилга футболга алоқадор фаолиятдан четлатилди. 2016 йилнинг февралида муддат 6 йилгача қисқартирилди.
* Платини ҳам 8 йилга четлатилди. Бир неча ойдан сўнг дисквалификация муддати 6 йилгача, яна бир неча ой ўтгач, 4 йилгача қисқартирилди.
2021 йилнинг мартида Блаттер 85 ёшни қаршилаганда, ФИФА уни тартиб-интизом кодексини бузганлиги учун яна 6 йилу 8 ойга четлатиб, 1 млн. Швейцария франки миқдорида жарима белгилади. Дисквалификация 2021 йилнинг октябридан кучга кирди. Айни жазо ФИФАнинг собиқ бош котиби Жером Валькега ҳам қўлланди.
Дисквалификация муддати қандай ўтди?
* Блаттер 2016 йили УЕФАни қуръа ташлаш пайтида фириб қўллаганликда айблаб, бунинг услуби ҳақида гапирди: «Шарлар қуръадан олдин музлаткичга солинади. Кейинчалик кичик тегиниш ҳам шарнинг иситилган ёки музлатилганини билиш учун етарли бўлади». Шунингдек, ФИФАда ҳеч қачон бундай қилинмагани қўшимча қилди. УЕФА эса унинг гапларини қисқача изоҳлади: «Блаттернинг айтганлари - абсурд».
* Кўп ўтмай Блаттернинг тери саратони операциясини бошдан кечиргани ҳақида маълумот пайдо бўлди. У жуда заиф эканлигини таъкидлаган: «Қимирлолмай қолдим. Улар мени зудлик билан Цюрихдаги шифохонага олиб боришди. Мени бир неча соатлар ичида вафот этади, деб ўйлашганди».
* Жанни Инфантино ФИФА президентлигига сайлангач, Блаттер у ҳақида ижобий фикрлар билдирди. Икковлон учрашиб, иш бўйича суҳбатлашишди. Кўп ўтмай Блаттер Инфантинони ҳурматсизликда айблади: «Унга хат жўнатдим, менда Жаннининг шахсий телефон рақами бор, унинг содиқлигини айтишганди. Бироқ ҳозиргача жавоб олмадим». Кейинроқ Блаттер Инфантинода буюкликка интилиш борлиги, унинг такаббурлигини алоҳида таъкидлади, шунингдек, футболни улкан пул машинасига айлантирмоқчи бўлаётганини қўшимча қилди.
* Блаттер жаҳон чемпионатини Россияда ўтказиш қарорини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаганди. Владимир Путиннинг таклифига кўра, у Португалия - Марокаш ва Бразилия - Коста-Рика ўйинига ташриф буюрганди.
* Лекин Қатар масаласида унинг фикри бошқача бўлган. ЖЧ-2022нинг шу мамлакатда ўтишини аввалдан билган, қатарликлар мезбонликни фирибгарлик йўли билан қўлга киритишган деб ҳисобларди. «Бу қарорнинг нотўғрилигини ҳис қилардим, бироқ ўзим унга алоқадор бўлиб қолдим», - деганди Блаттер.
* Платини мунтазам равишда айбсизлигини таъкидлади. «Агар заррача айбим бўлганида, шармандаликдан Сибирга кетардим», - деди у.
* Мишель видеотакрорлар тизимини қўллашга танқидий руҳда қараган: «Ўйлашимча, бу нотўғри қарор. Йўқ, агар синовлар бунинг яхшилигини кўрсатса, нега энди ундан фойдаланмаслик керак? Лекин шахсий фикримча, бу нотўғри ва иш бермайди». Бир неча йилдан кейин, VAR ишга тушганида эса фикри шундай бўлди: «Бу чиройли матоҳ муаммоларни ҳал қилмайди, шунчаки, уларнинг ечимини кейинроққа суради».
* ЖЧ-1998 ташкилотчилари Франция ва Бразилия термалари финалгача тўқнаш келмаслиги учун «атайин трюк қўллашгани» ҳақида гапирди: французлар «А» гуруҳи ғолибига тўқнаш келмаслиги учун «С» квартетидан жой олди. «Сизнингча, бошқалар ўз мундиаллари учун шундай йўл тутишмасмиди?», - деганди Платини.
* 2019 йилнинг ёзида УЕФАнинг собиқ президенти ЖЧ-2022 мезбони сифатида Қатарнинг танланиши юзасидан қўзғатилган иш бўйича қўлга олинди. Аммо кўп ўтмай уни озодликка қўйиб юборишди. Адвокати Платини ҳеч нимада гумонланмаётганини таъкидлади.
* 2020 йилнинг бошида Мишель Профессионал футболчилар ассоциацияси халқаро федерацияси (FIFPro) президенти Филипп Пьянинг маслаҳатчисига айланди.
* 2022 йилнинг баҳорида эса Инфантинога қарши жиноий иш очишни сўраб, ариза топширди. Сабаб - «ваколатни сотиш».
Блаттер ва Платини нега судлашишди? ФИФА дисквалификация масаласини дарҳол ҳал қилган бўлса, 2011 йилги тўлов бўйича тергов нақ 6 йил давом этди. 2021 йилнинг ноябрида Блаттер ва Платинига айб қўйилди:
* Блаттерга - фирибгарлик, пул воситаларини ноқонуний ўзлаштириш ва ҳужжатларни қалбакилаштириш бўйича;
* Платинига - фирибгарлик, пул воситаларини ноқонуний ўзлаштиришга шериклик ва ҳужжатларни қалбакилаштириш бўйича.
* Блаттернинг ҳозирги вақтдаги талқини: тўлов оғзаки шартномага асосланган - Платини 1998-2002 йиллар мобайнида ФИФАга маслаҳат берган, ФИФА белгиланган суммани тўлиқ тўлай олмаган, 2010 йилда Мишель пулларни яна талаб қилган.
* Швейцария бош прокуратураси талқини: Платини 1998-2002 йиллар мобайнида ФИФА маслаҳатчиси бўлган, хизмати учун 300 минг Швейцария франки миқдоридаги йиллик компенсация эса ёзма шартнома орқали белгиланган. 2011 йили Платинига тўланган 2 миллион қонуний асосга эга эмасди.
Суд иши нима бўлади? 86 ёшли Блаттер ва 66 ёшли Платини қонун олдида жавоб беришади. Кўрсатма бериш вақтига бир неча соат қолганида Блаттер нафас олишда қийналгани учун жараён кейинга қолдирилди.
* Суд иши 22 июнгача давом этади.
* Якуний қарор 8 июлда чиқарилади.
Агар Блаттер ва Платини айбдор деб топилсалар, уларга нисбатан 5 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.
А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади