Айтиш жоиз, қуйи лигада жами 248та ўйин ўтказган, РПЛдаги дебютини «Ротор»да нишонлашга улгурган 29 ёшли вингер «Торпедо»да чинакамига очилди. Ўтган мавсум 30та ўйинда 15та гол урган Султонов энди РПЛни забт этишга шайланмоқда. Тожикистонлик ярим ҳимоячи «СЭ» мухбири билан суҳбатда буни яшириб ўтирмади.
- Аввало, ўтган мавсум ҳақида - «Торпедо»нинг шундай муваффақияти кутилганмиди?
- Клуб учун ажабланарли томони йўқ. Зеро, мавсум бошида олдимизга РПЛга чиқиш вазифаси қўйилганди ва якунда буни бажардик.
- Одатда Россия клублари ёзда йиғин учун Австрия ёки бошқа мамлакатга борарди...
- Ҳозир Москвада шуғулланяпмиз. Эҳтимол, майдон сифати Европаникидан бироз пастдир, лекин бошқа масалаларда ҳаммаси ўхшаш. Йиғинларда ҳамиша оғир юкламалар берилади. Қисқаси, қаерда ишлашнинг катта фарқи йўқ.
- Бунга қадар «Ротор»нинг РПЛдаги ўйинларида қатнашгансиз, энди «Торпедо» билан юқорига қайтдингиз...
- «Ротор»нинг атиги 6та ўйинида иштирок этиб, сентябрь ойидаёқ «Нижний Новгород»га кўчиб ўтгандим. Энди яхши тайёргарлик кўриб, муносиб ўйнашни хоҳлайман. Биз шунчаки, «жонли қопча» бўлмоқчи эмасмиз, бўлмаймиз ҳам. Ўйлайманки, нималарга қодирлигимизни борича кўрсата оламиз.
- Раҳбарият янги мавсум учун жамоа олдига қандай вазифалар қўймоқда?
- Ҳозирча бу борада аниқ гап йўқ. Ҳаммаси кейинроқ муҳокама қилинса керак.
- 1-турдаги рақиб - «Сочи» ҳақида нималарни биласиз?
- Яқинда жамоа бошқарувини Вадим Гаранин қўлга олди. Уни «Енисей»даги ишидан биламан - «тики-така» услубига таянади. Қисқаси, «Сочи» худди «Енисей» каби ўйнайдиган бўлса, унга қандай қаршилик кўрсатишни яхши биламиз.
- «Торпедо»нинг ўз стадионида ўйнамаслиги мушкулот туғдирмайдими?
- Нега ўзимизники эмас экан? «Торпедо» анъанавий тарзда «Лужники»да ўйнайди. Шахсан мен «Восточка»да ҳали ўйнаган эмасман. Ҳа, бу арена «Торпедо» билан боғланган ҳар бир киши учун қадрдон уй мақомида, аммо у ерда ҳозирча реконструкция кетмоқда. Биз учун асосийси - қаерда ўйнашдан қатъий назар, мухлисларни қувонтириш.
- Александр Кержаков «Нижний Новгород»дан кетди. «Торпедо»га ўтишдан олдин айнан унинг қўл остида шуғуллангансиз. Кержаковнинг бош мураббий сифатидаги фаолиятини қандай баҳолайсиз?
- Мураббий ишига клуб раҳбарлари баҳо беришлари керак, ҳар ҳолда, бу менинг ваколатимга кирмайди. Билишимча, Кержаков зиммасига клубни РПЛда олиб қолиш вазифаси қўйилганди ва у буни уддалади.
Д.алимов тайёрлади