Салим Мустафоев: "Бизга етишмаган ягона жиҳат - барқарорлик"
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Айни дамда юртимиз футбол жамоатчилигининг асосий эътибори мамлакатимизда ўтаётган Осиё чемпионатига қаратилаётгани маҳаллий ҳакамларимизга эриш туюлди шекилли Суперлиганинг 2-туриданоқ катта саҳнага чиқиш орқали эътиборни ўзларига қарата олишди.
Улар яна трендда. Аслини олганда майдондаги адолат пешволаримизнинг адолатсизлиги ҳақида гапиравериб, курашавериб зерикиб ҳам кетдик. Умуман олганда улар ҳақидаги фикрларимизни бутун бир саҳифани тўлдириб изҳор қилишимиз шарт эмас. Қуйидаги латифанинг ўзи ҳам бугунги ҳакамлик ва уларнинг савияси ҳақидаги фикрларимизга тўла мос тушади.
Хуллас, чекка бир қавмда аҳолига тинмай зиён келтирадиган, мабодо бирор киши унга тушиб кетса, албатта, жароҳат етказадиган эски бир қудуқ бор экан. Шу ерлик аҳолининг мурожаатига биноан бир куни мазкур ҳудудга мутасадди ташкилотдан икки киши ҳолатни ўрганиш учун жўнатилибди. Уларнинг бири қудуқ атрофидаги вазият билан танишар экан бу ерга «Тез ёрдам» машинасини мунтазам навбатчи сифатида тайинлаш кераклигини, шунда қудуққа тушиб кетган фуқарони тезда шифохонага етказиб, биринчи ёрдам кўрсатиш ишлари олиб бориш қулай бўлишини таъкидлабди. Иккинчи мутахассис эса, аксинча бу жойга шифохона қуриш керак. Шунда жароҳат олган фуқарога тезда биринчи ёрдам кўрсатиш имкони туғилади деган фикрни билдирибди. Уларнинг бундай хулосага келганиликларидан хабар топган бошлиқларининг эса фиғони фалакка кўтарилибди.
- Сенлар ҳам одаммисан? Қайси каллаларинг билан биринг ўша қудуқ олдига тез ёрдам машинасини масъул қилишни, биринг эса шифохона қуриш кераклигини гапиряпсанлар ахмоқлар! Яхшиям бу гапларингни биров эшитмади. Йўқса тоза кулгуга қолардиларинг. Савиянг шу даражада пастми? Тезда бориб ўша қудуқни кўмиб ташлаларинг. Ўрнига бирор бир шифохона ҳовлисидан қудуқ қазиб қўйларинг, - деган экан.
Ҳакамлик борасида бугунги кундаги аҳвол ҳам худди шундай. Камчиликлар атрофида ўралашиб ўзимизча нималарнидир ҳал қилган қандайдир муаммони бартараф этган бўляпмизу, ўз қўлимиз билан янгисини яратяпмиз. Бундан эса жамоалар, футболчилар ва футболга ошуфта ишқибозлар латифадаги халқ сингари «қудуққа йиқилиб» бир маромда «жароҳат олишда» давом этмоқда. Куни кеча, эксперт ҳакамлар комиссияси томонидан «Сурхон» - «Андижон» учрашувидаги ҳакамлик борасида «Андижон» клуби эътирозига мувофиқ кўриб чиқилган масала юзасидан берган жавоби барчани юқоридаги латифадан кам кулдирмаган бўлса керак. Бир сўз билан айтганда бу ўйиндаги тоза голни инобатга олмаслик офсайд чизиғини чизишдаги техник носозликка ағдарилган. Бош ҳакам ҳам сувдан қуруқ чиқмаган, албатта. Экспертларнинг иддаосига кўра, ўзи шундоқ ҳам чўнтагида қип-қизил карточкаси борлигини «Андижон» футболчилари қаршисида икки марта намойиш этган Раҳим Каримов меҳмонларнинг яна бир футболчисини майдондан четлатиши керак бўлган... Хулоса, «Андижон»ликлар хурсанд бўлаверишсин, ҳакам уларга учта эмас иккита «қизил» кўрсатди...
Аслини олсак, хориж футболи билан таққослаганда нисбатан секинроқ ҳамда оддий ўйналадиган чемпионатимиздаги ҳакамлик масаласи шу даражада катта эътирозларга сабаб бўляптики, футболимиз раҳбарларидан бири ўз вақтида дунё тан олган рефери жаҳон чемпионатларида энг кўп ўйин ўтказиш борасида рекорд эгаси саналадиган инсон эканлигини айтишга уяламиз ҳам. Эҳтимол, вазият азалдан шундай бўлиб келгандир. Бугунги кунда Суперлиганинг ҳар бир ўйини жонли эфирга олиб чиқилаётгани сабабли ҳакамлар йўл қўяётган хатолар барчага аён бўлаётгандир. Буниси номаълум. Факт шуки, сариқ либос эгаларининг фаолияти борасида жиддий ислоҳотларни амалга ошириш хамон долзарб масала бўлиб турибди.
Ҳакамларнинг маоши камлиги гапирилди, маоши кўтариб берилди бу яна давом этаётган жараён. Четлатиш керак дейилди, узоқ муддатли дисквалификациялар қўлланилди. Камбағални урма, сўкма тўнини йирт қабилида кичик-кичик жарималар қўлланилди, таъсир қилмади. VAR дейилди, олиб келинди. Аммо вазият ҳамон ўша-ўша. Энди биргина йўл ҳакамларимизнинг барчасини ёппасига катта пул тўлаб бўлса ҳам кучли чемпионатларда ишлайдиган ҳакамларга бириктириб савиясини кўтариш ёки уларни Ёшлар лигаси ҳамда Про лигага тушуриб ўзимизнинг чемпионатларга хорижлик ишончли ҳакамларни тайинлаш орқали маҳаллий ҳуштак эгаларини тарбиялаш қолди, холос. Ахир ўзимизда асос солинган ҳакамлик мактаби вакиллари ўзларини кўрсатгунича чемпионатни тўхтатиб турилмайдику.
Хато нима эканлигини барчамиз яхши тушунамиз. Ҳар бир иссиқ жон хатолардан ҳоли эмас. Биз ҳакамларимизнинг натижа учун таъсир ўтказмайдиган хатоларига (ҳатто қўпол хатоларига) кўз юмишга кўникиб бўлдик. Аммо бир мавсумда ўндан зиёд учрашувларда бевосита натижага таъсир ўтгазилган қарорлар хато эвазига юзага келяптими ёки савиясизлик эвазигами? Буларни фарқига борамиз. Уларнику, ҳимоя қилиб оладиган, ўрни келса жазо тайинлайдиган ташкилот бор. Аммо, тўрт-беш кунлаб бўлажак ўйинга тайёрланиб, муайян режалар тузиб, майдонда бор кучини сарф қилиб, машаққат билан фаолият юритаётган футболчилар ва мураббийларнинг битта адолатсиз қарор туфайли йўққа чиққан меҳнатини ким қайтариб бера олади? Йўқотилган очконичи? Мухлислар ишончиничи? Афсуски ҳеч ким. Шундай экан ҳакамларимизнинг ўз устларида юқоридагиларни ҳис қилган ҳолда масъулият билан иш олиб боришларини сўраб қоламиз. Футбол майдонида устингиздаги либос ва қўлингиздаги ҳуштак тирикчилик манбайи эмас ҳолислик тимсоли эканлигини унутманг. Сиз ўзингиз учун адолатсизлик қилинишини хоҳламаганингиз каби ўзгалар ҳам буни истамасликларини, холислик ҳақиқатга етаклашини тушунинг. Виждонингиз олдида доимо пок бўлинг!
Шу ўринда ПФЛ раҳбарияти ва ходимларини ўзи ташкил этаётган ўйинларда сифатли ҳакамлар бригадаси фаолият юритишини таъминлаш мақсадида Қўмита билан ҳамкорликда жиддий изланиш олиб боришга чақирамиз. Зеро, ўзбек футболи ривожи йўлида меҳнат қилаётган ҳар бир масъул ходим мавжуд муаммоларни ўзиники каби қабул қилиб, унинг ечими борасида иш олиб бориши тўғри йўл, деб биламиз. Ахир, ПФЛ шундоқ ҳам ҳакамлар борасида айбсиз айбдор бўлиб қоляптику. Аслида бу масала барчамиз учун оғриқли, аммо калтак асосан шу ташкилот бошида синаётгани учун юқоридаги таклифни киритдик. Тинчгина одатий юмушлар билан машғул бўлиш, хотиржам ишлаш, нотўғри манзилга юборилган тутуриқсиз ҳақоратлардан халос бўлиш ва албатта, асаб толаларини асраш учун ҳам шу ишга қўл уриш керак, деб ўйлаймиз.
Хуршид ЮСУПОВ
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Рафинья - «Барселона» қаҳрамони. У ўзининг хет-трики билан «Бавария»ни пачоқлаб ташлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789