Биринчи навбатда, эслатиш керак, гарчи лицензия ОФК турнирларида иштирок этиш ҳуқуқини берсада, у маҳаллий лицензиарлар томонидан тақдим этилади. Бу улар (лицензиарлар)га виждонлари (агар бўлса) йўл қўйганча иш тутиш имкониятини беради...
***
- Якунда, мисол учун, Ўзбекистонда яна ҳамма лицензия олди. Жумладан, лицензия олиш билан деярли бир вақтда қарздорлик ортидан трансферлар тақиқига учраган «Қизилқум» ҳам. Қолаверса, бундай мисоллар бир нечта. Шу тариқа ПФЛ очко ўғирлаш ва рўйхатбозлик бўйича жаҳон чемпионатида мардонавор етакчилик қилишда давом этмоқда. Ташкилот учун асосийси - иш ва унинг натижалари эмас, балки раҳбариятга чиройли ҳисоботлар. Кимдир бунга рози бўлмаса - у душман ва зараркунанда. Туркманистонда ҳам шу қараш асосида «Аркадаг»га лицензия берган бўлишса, ажабмас. Умуман олганда, бу ОФК Лицензиялаш регламентига зиддир. Чунончи, клуб лицензиялаш жараёни бошланишига 2 йилдан камроқ қолган вақт тузилган.
***
- ПФЛда лицензиялаш ҳақида қолдирган постимни ўқишди ва жавоб беришга қарор қилишди. Жавоб анъанавий услубда янгради: биз энг яхшимиз. Дарҳақиқат, Осиё клублар турнирларида қатнашиш учун лицензия олган энг кўп клуб Ўзбекистонда - 19та. Ҳаттоки, олдинги йиллар 50тадан ортиқ лицензияланган клубга эга бўлган Японияда бу сафар атиги 4та жамоа ҳужжат олди. Ж.Кореяда ҳам 4та. Нима учун? Наҳотки, Япония ва Ж.Кореяда профессионал клублар сони кескин камайган бўлса? Гап шундаки, Япония, Ж.Корея, Хитой, Австралияда лицензиялаш жараёнидан фақат ОЧЛда иштирок этадиган клублар ўтади. Чиндан ҳам, қитъа миқёсидаги турнирларда ўйнаш учун назарий имконияти йўқ клубларни нега вақтни беҳуда сарфлашга мажбурлаш керак? Мана, «Шўртан» ёки «Машъал» ОЧЛ лицензиясини олди, бундан нима наф? Ҳа, ПФЛ томонидан раҳбариятга йўналтириладиган жасоратли ҳисоботдан ташқари...
Менга ОФК мусобақаларига лицензиялаш Суперлигага ҳам ўтишини айтиб, эътироз билдиришлари тайин, албатта. Масалан, Қатар ва БААда шундай. Аммо фарқ шундаки, ҳар икки мамлакатда ички ва халқаро мавсум бир-бирига мувофиқ келади - мусобақадар кузда бошланиб, баҳорда тугайди. «Баҳор-куз» тизими амалда бўлган мамлакатларда эса ички турнирлар учун лицензиялаш жараёни вақти бошқа - ҳаммаси маҳаллий мавсум охирида. Шунда дейлик, Япония клублари 50та лицензия олишади. Бу мантииққа ҳам жуда мос. Ахир март ойида бошланадиган турнирлар иштирокчиларини 1 йил аввал, апрелда якунланган лицензиялаш натижалари бўйича қандай аниқлаш мумкин? Мисол учун, лицензия олган 19та клуб орасида «Арал» йўқ. Бу Нукус клуби 2025 йилги Суперлига йўлланмасини ютган тақдирида ҳам, элитада ўйнолмаслигини англатадими? Агар ПФЛда клубларни лицензиялашнинг мақсад ва вазифаларини тўлиқ тушунишганида, ўтган йилдан эътиборан жараённи икки даврга бўлишарди: январь - мартда ОФК мусобақалари учун ва сентябрь - ноябрда ички турнирлар учун. Япония ва Ж.Кореяда худди шундай. Қатарда ҳам шундай эди ички ва халқаро мавсумлар бир-бирига тўғри келмаган вақтлар. Чунки бу мамлакатларда лицензияга эга клублар сони эмас, уларнинг сифати муҳимроқ. ПФЛ учун эса клубларни лицензиялаш ўз-ўзини реклама қилиш ва очко ўғирлаш учун сабаб, холос. «ОЧЛ лицензиясига эга 19та клуб» - бу клуб футболидаги ҳақиқий вазиятни акс эттирадими? Савол риторик, менимча.
Энди энг асосий жиҳат ҳақида алоҳида. ПФЛ ўз жавобида баъзи клублар трансферлар тақиқига қарамай, нега лицензия олаётганини тушунтиришга ҳаракат қилган. Лекин... ПФЛга ишонсак, 31 декабрга қадар тушган барча шикоятлар бўйича қарзни 31 мартгача тўлаш ҳар бир клубнинг мажбурияти ҳисобланади. Яъни агар кимдир 1 январь куни шикоят ёзган бўлса, бу қарз клубнинг мавсум учун лицензия олишига таъсир қилмайди. Аслида ОФК регламентида бошқача: клуб 31 декабрь ҳолатига кўра, ходимлар ва солиқ органларидан қарздор бўлмаслиги шарт. Бунинг учун 31 мартгача муҳлат берилади. ОФК регламентида «шикоятҒэътироз» ибораси эса йўқ. Яъни клубнинг қарз туфайли лицензия ололмаслиги учун кимдир шикоят ёзишини кутиш шарт эмас. Агар ПФЛ чиндан ҳам, регламентни шундай талқин қилаётган бўлса, бу ҳолатда яна ёмон хабарим бор. ПФЛда лицензиялаш жараёни тўғри ташкил этилмаган. Тўғриси қандай? Клубнинг қарзи йўқлигига ишонч ҳосил қилиш учун ходимларнинг шикоят ёза бошлашини кутиш шарт эмас. Ҳаммасини клубнинг шартнома мажбуриятлари ва уларни амалга ошириш жараёни кўрсатилган ходимлар рўйхати илова қилинган аудиторлик ҳисоботидан топиш мумкин. Ҳозирги ҳолатда икки вариант мавжуд. ПФЛ буларни билмайди (шундай бўлса, йиллар давомида қандай лицензия берганини аниқлаш керак) ёки барчасини билади, аммо алдашда давом этмоқда. ОФК, мухлислар, энг асосийси ва даҳшатлиси ўз раҳбариятини...
Клубларни лицензиялаш тизими қандай ишлаши кераклигини қаердан биламан? 2011-2012 йиллар ОФКда ишлаган ва айнан конфедерация мамлакатларида клубларни лицензиялаш тизимини яратишга жавоб берганман. 2013-2015 йиллар эса БАА Про-лигасида клубларни лицензиялаш тизими бош менежери сифатида фаолият юритганман. Шундан сўнг яна 2 йил турли мамлакатлар клубларига лицензиялаш масалаларида маслаҳатчилик қилганман. Ўйлайманки, ушбу тажриба ва билим ҳозирги ҳолатни тушуниш учун етарли.
Алишер НИКИМБАЕВ, «Футболиум»