Мураббийлар: Шайхлар учун идеал танлов

Мураббийлар:  Шайхлар учун идеал танлов

Кристоф Галтье - «ПСЖ»нинг янги устози. 55 ёшли франциялик мутахассис Чемпионлар Лигасидаги омадсиз иштирок туфайли ишдан бўшатилган Маурисио Почеттинонинг ўрнига тайинланди.

Le Parisien маълумотига кўра, Париж клуби Галтьени «Ницца»дан 5 млн. евро эвазига сотиб олди. Агар Почеттино истеъфо компенсацияси масаласида чегирма қилиб берганида, мазкур «трансфер» суммаси икки марта ортиқроқ бўлиши мумкин эди. Бироқ аргентиналик амалдаги келишувни нисбатан камтарона шартлар асосида бекор қилишни истамади, натижада «ПСЖ» унга 15 млн. евро тўлайдиган бўлди (ушбу сумманинг 3 миллиони Маурисионинг ёрдамчиларига тегади).

Энди Европанинг бадавлат клубидаги Килиан Мбаппе, Лионель Месси, Неймар ва бошқа юлдузларни ким бошқаради? Афтидан, бу шайхлар учун идеал танловдек. Ҳа, Галтье жаҳон футболидаги энг машҳур шахс эмас. Ҳар ҳолда, уни пиарчи топ-мураббийлар қаторига қўшиб бўлмайди. Аммо ушбу мутахассисни муваффақиятли дейиш мумкин. Қуйида «ПСЖ»нинг янги устозига тааллуқли 10та фактга эътибор қаратамиз.

** Галтье Марселда туғилган, яъни «ПСЖ» бошқарувига асосий номзодлардан бири - Зайниддин Зиданнинг ҳамшаҳри. Зизудан фарқли равишда Кристоф «Марсель» сафида тўп суришга улгурган: фаолиятининг дастлабки ва сўнгги икки мавсумида. Аммо марказий ҳимоя вакили машҳурлик бобида Зиданга тенглашолмади, ҳаттоки, Франция миллий жамоаси даражасига тортмади, лекин ёшлар термаси билан Евро-1988да зафар қучди.

** Мустақил мураббийлик фаолиятини бошлашидан аввал Галтье 10 йил турли мамлакатлардаги турфа жамоаларда ёрдамчилик қилди: «Марсель», «Арис» (Греция), «Бастия», «Ал-Айн» (БАА), «Портсмут» (Англия), «Сошо», «Лион» ва «Сент-Этьен» шулар жумласидан. Кристоф мураббий сифатида Лига 1даги илк «олтин»ини «Лион»да Ален Перреннинг ассистенти мақомида қўлга киритган.

** «ПСЖ» - Галтьенинг бош мураббийлик фаолиятидаги тўртинчи клуб. Қизиғи, 2009 йили «Сент-Этьен»ни ҳам, 2017 йили «Лилл»ни ҳам мавсум ўртасидаги қабул қилган, ўшанда мазкур жамоалар 18-ўрин, яъни жон сақлаш ҳудудида боришаётганди. Ҳар икки сафар Кристоф асосий вазифани уддалаб, клубларни элитада олиб қолган. Кейинги 7 йил давомида «Сент-Этьен» Галтье билан мунтазам ўнликка кириб, ҳатто топ-4 аъзосига ҳам айланган.

** Француз бош мураббий сифатида илк совринини мавсум-2012|2013да қўлга киритган. «Сент-Этьен» Лига кубоги финалида «Ренн» устидан зафар қучган (1:0). Галтьенинг қўл остида ранг-баранг таркиб шаклланганди. Ўша финал учрашувини ёдга олсак, Пьер-Эмерик Обамеянг (ҳозир «Барселона»да), Курт Зума (ўша мушукни ранжитгани билан танилган «Вест Хэм» ҳимоячиси) ва Йоан Молло жамоа шарафини ҳимоя қилишган. Ғалаба голи эса «Шахтёр»даги фаолияти орқали ном қозонган Брандао ҳисобига ёзилган. Гарчи Молло ва бошқа ўзига хос шахслар билан муросага келиш осон бўлмасада, мураббий буни уддалаган. Бир сафар Кристоф матбуот анжуманида шундай деганди: «Энди Йоанга умид қилмайман. Нега? Чунки ўйиндан бир кун олдин унинг оёғи оғриб қолаверяпти. Демак, вазиятга олдиндан баҳо беришим керак».

** Мавсум-2020|2021да Галтье бошчилигидаги «Лилль» Европа футболидаги асосий сенсацияга айланди, десак муболаға бўлмайди. Лига 1 «олтини» учун курашда «доглар» Мбаппе ва Неймари бор «ПСЖ»ни ортда қолдиришди. Бу воқеа сўнгги беш йилда парижликларни илк марта чемпионлик унвонидан маҳрум этганди. Кристоф «Лилль» спорт директори Луиш Кампуш билан бирга ажойиб жамоани шакллантирган. Айнан Кампуш «ПСЖ»га ўтгач, эски танишини ёнига чорлади.

** Галтье фақат «Ницца»да бир мавсумгина ушланиб қолди. Унинг қўл остида жамоа Лига 1да 9-ўриндан 5-поғонага кўтарилди, ваҳоланки, финишга икки тур қолганига «бургутлар»ни Чемпионлар Лигаси ҳудудидан атиги 2 очко ажратиб турганди. Бундан ташқари, «Ницца» Франция кубоги финалига чиқди, лекин «Нант»га имконият бой берилди (0:1).

** Сўнгги йилларда Галтье «ПСЖ» учун ҳақиқий бошоғриққа айланганди. Лига 1нинг ўтган икки мавсумида унинг «Лилль» ва «Ницца» клублари парижликларга қарши кечган тўртта ўйиннинг бирортасида ютқазмади (икки ғалаба, икки дуранг). Қўшимчасига, 2022 йилнинг январида «Ницца» «ПСЖ»ни Франция кубоги 1|8 финалидан чиқариб юборди: «Парк де Пренс»даги ғалаба пенальтилар серияси орқали қўлга киритилди.

** Еврокубокларда Галтье ҳозирча у қадар самарадор эмас. Унинг бошчилигидаги «Лилль» Чемпионлар Лигаси-2019|2020да «Челси», «Аякс» ва «Валенсия» билан бир гуруҳдан жой олиб, 5 мағлубият ва бир дуранг қайд этди. Европа Лигасидаги энг яхши кўрсаткичи - «Сент-Этьен» (икки марта) ва «Лилль» (бир марта) билан 1|16 финалга чиққан. Кристофнинг жамоа­лари «Базель», «Манчестер Юнайтед» ва «Аякс»га ютқазган.

** L~Equipe хабарига кўра, Галтье «Ницца»да ойига 330 минг евро ишлаб топган. Бу Почеттино «ПСЖ»да олган маошдан (1,1 млн. евро) анча кам. Бироқ Кристоф шу кўрсаткич билан ҳам Лига 1даги энг кўп маош оладиган мураббийлар рўйхатида «Марсел»даги Хорхе Сампаоли билан иккинчи ўринни бўлишиб турган. Гап-сўзларга кўра, Галтье «ПСЖ»да ҳам аргентиналик ҳамкасбидан камроқ маош олади.

** 2020 йилнинг февралида Галтье «ПСЖ»нинг ҳозирги вице-сардори Преснел Кимпембенинг акасини танқид қилган, бунга футболчининг қариндоши ўшанда парижликларни бошқарган Томас Тухелни қўпол равишда ҳақорат қилгани сабаб бўлганди. Кристофнинг интервьюсидан иқтибос келтирамиз: «Тухелни қўллаб-қувватлайман. Кимпембенинг акаси уни оммавий тарзда ҳақорат қилишга жазм этди. Мураббий сифатида бу можарони ўта жиддий деб ҳисоблайман. Кимдир телефони эмас, миясидан кўпроқ фойдаланса, мақсадга мувофиқ бўларди». Энди Кимпебме Галтье қўл остида фаолият юритади.

Ў.УМАРОВ тайёрлади