«Насаф» сентябрга тайёрланаверсинми?

«Насаф» сентябрга тайёрланаверсинми?

Яқин орада ФИФА 2023 йилнинг февралида БААда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўтказилиши ҳақида эълон қилади. Принципиал қарор аллақачон қабул қилиб бўлинган. Фақат расмиятчилик қолган холос.

Бундан англаш мумкинки, кейинги йил февралида ОФК Чемпионлар Лигаси ўйинлари ўтказилмайди. Биринчидан, ФИФА ОФКнинг клублар ўртасидаги ЖЧда қатнашадиган вакилини аниқлаб олиши зарур. Аввалги турнир ғолиби («Ал-Ҳилол»)нинг иштирок этиш варианти ФИФАни қониқтирмайди. Мабодо, қониқтирганда ҳам, ОЧЛнинг Ғарб минтақасидаги учрашувлари февралда ўтказилмасди, ахир «Ал-Ҳилол» бир вақтнинг ўзида икки турнирда қатнашолмайди. Иккинчидан, бир клубни иккита ЖЧга жўнатиш Осиёнинг бошқа клубларга нисбатан адолатдан бўлмайди. Қолаверса, бу спорт ва молиявий нуқтаи назардан ҳам нотўғри.

Шундай экан, ОФК энди тақвимда Чемпионлар Лигасини якунлаш учун янги саналарни изламоқда. Қатардаги жаҳон чемпионати баҳслари 18 ноябрда бошланишини инобатга олсак, иккита асосий вариант бор - 2022 йилнинг сентябри ёки 2023 йилнинг январи. Аммо БАА ва Саудия Арабистони вакиллари иккинчи вариантга қаршилар. Уларга Чемпионлар Лигаси баҳслари январда Ироқда ўтадиган Кўрфаз кубоги турнири билан бир вақтга тўғри келиб қолиши ёқмаяпти.

Демак, жорий йилнинг сентябри ОЧЛ ўйинлари учун оптимал вақтдек кўринмоқда ва «Насаф» айнан шу муддатга тайёргарлик кўравериши керак.

Алишер НИКИМБАЕВ