Навбатда Марадона номидаги мукофот

Навбатда Марадона номидаги мукофот

Globe Soccer Awards-2023. «Ал-Наср» ҳужумчиси Криштиану Роналдуни олдинда яна бир соврин кутмоқда.

Португалиялик 38 ёшли тиниб-тинчимас юлдуз 19 январь куни Globe Soccer Awards-2023 маросимида Диего Марадона номидаги мукофот билан тақдирланади. Бу соврин йил давомида клуб ва миллий жамоалар миқёсида энг кўп гол урган футболчи учун таъсис этилган.

*** 

Криштиану Роналду 2023 йил тақвимидан ўрин олган жами 59та ўйинда 54та гол урди. У шу тариқа тўпурарлар пойгасида Килиан Мбаппе (53та ўйинда 52та гол), Гарри Кейн (57та ўйинда 52та гол) ва Эрлинг Холанд (60та ўйинда 50та гол)ни ортда қолдирди. Эслатма, 2021 йили Марадона номидаги мукофот Роберт Левандовскига насиб этганди. 2022 йил якунида эса соврин негадир топширилмади.

***

Бу вақтда Криштиану Роналду онасига туғилган куни шарафи билан Porsche автомобилини совға қилди. Долореш Авейру хоним 31 декабрь куни 69 ёшга тўлди. «Ал-Наср» ҳужумчиси бу кунни нишонлаш учун Саудия Арабистонидан Португалиядаги Мадейра оролига келди ва онасига Porsche калитини топширди. Дарвоқе, Криш онасининг туғилган куни муносабати билан уюштирилган кечага таклиф этилган бразилиялик хонанда Луан Сантанани баҳоси 75 минг еврога тенг Rolex қўл соати билан сийлади. 

*** 

Роналду шунингдек, Дубайдаги «Миллиардерлар ороли»дан кўчмас мулк сотиб олди. Bloomberg хабарига кўра, «Ал-Наср» ҳужумчисининг янги мулки Жумайра Бэй ҳудудида жойлашган, бироқ футболчи қанча тўлагани аниқ эмас. Тахмин қилинишича, бу жой Кришга бир неча 10 млн. еврога тушган. Ҳудудга «Миллиардерлар ороли» номи берилганига сабаб шуки, у ерда энг бадавлат инсонлар виллалари бор. Одатда «Миллиардерлар ороли»даги кўчмас мулк 3 гектар ер, 6та ётоқхона, соҳил бўйига чиқиш йўли, 7та автомобилга мўлжалланган гараж, бассейн, яшаш хоналари ва бошқа қулайликларга эга бўлади.

*** 

Криштиану Роналду еврофутболда йўқ, шунинг учунми, қитъанинг кучли 5та лигасида «Гол+пас» тизими бўйича пешқадамлик Гарри Кейн қўлига ўтди. Аниқроғи, «Бавария» ҳужумчиси 2023 йил давомида миллий чемпионатлар ўйинларидаги самарали ҳаракатлари сони бўйича 1-ўринни эгаллади - 45та гол ва ассист.

2023 йили Европанинг кучли 5та 

лигасида «Гол+пас» тизими бўйича энг яхши натижага эришган футболчилар

1. Гарри Кейн («Тоттенхэм»|«Бавария») - 45 балл

2. Килиан Мбаппе («ПСЖ») - 39 балл

2. Муҳаммад Салоҳ («Ливерпуль») - 39 балл

4. Эрлинг Холанд («Манчестер Сити») - 38 балл

5. Лаутаро Мартинес («Интер») - 34 балл

5. Антуан Гризманн («Атлетико») - 34 балл

7. Луи Опенда («Ланс»|«РБ Лейпциг») - 33 балл

8. Олли Уоткинс («Астон Вилла») - 32 балл