Нигоҳ: Соч турмаги нега икки хил?

Нигоҳ: Соч турмаги нега икки хил?

«Челси» тарбияланувчиси Мэйсон Маунт расман «МЮ» сафига қўшилди.

 «Қизил иблислар» футболчи трансферига бонуслар билан бирга 60 миллион фунт стерлинг (55+5) тўлашади. Ярим ҳимоячи 2028 йилнинг июнь ойигача мўлжалланган шартномага асосан ҳафтасига 250-300 минг фунт (бонуслар билан бирга) миқдорида маош олади. Келишув бандига мувофиқ, томонлар ҳамкорлик муддатини яна 1 мавсумга чўзишлари мумкин. Эътиборли томони, Мэйсон янги клубида тирик афсона Криштиану Роналду кетганидан буён бўш турган 7-рақам остида тўп суради.

«Челси» мухлислари эса ҳозир ўзларини қўярга жой тополмаяптилар. Йўқ, улар аслида Мэйсоннинг кетиш қарорини тўғри қабул қилишди. Фақат футболчи хайрлашув видеомурожатини 1 ой олдин ёзгани ойдинлашгач, муносабат мутлақо ўзгарди. Лондонликларга Маунтнинг иложи борича тезроқ «МЮ»га ўтишни хоҳлагани тинчлик бермаяпти, чоғи. «Охирги 6 ой давомида рўй берган воқеаларни ҳисобга олсак, кетиш ҳақидаги қарорим сизларни ажаблантирмаса керак. Аммо бу ҳолат «Челси» билан осонгина хайрлашишимни англатмайди асло. Сизларни ёзма хайрлашувдан кўпроғига муносиб кўрдим ва 18 йил давомида қўллаб-қувватлаганингиз учун видеомурожаат билан миннатдорчилик билдиришни лозим топдим. Биламан, баъзи мухлислар қароримдан мамнун бўлмайдилар, аммо тушунинг, фаолиятимнинг ҳозирги босқичида менга шундай ўзгариш керак. «Челси»га 6 ёшда келдим ва ортда қолган йиллар кўп воқеаларни бирга бошдан ўтказдик: ёшлар биринчилигидаги ғалаба ва йилнинг энг яхши футболчисига аталган соврин, кейин cуперкубок ва Клублар ўртасидаги ЖЧда зафар... Албатта, ЧЛ кубогини қўлга олганимиз ҳам унутилмас воқеа... Сизларга энг яхши тилакларни раво кўраман» - Маунтнинг «кўклар» мухлисларига йўллаган видеомурожаатида ҳаммаси жойида. Аммо... 

Мэйсон «МЮ» билан шарт­нома тузиб бўлгач, «Челси»нинг Каррингтондаги базасида кўриниш берди. Эҳтимолки, трансфернинг якуний ҳужжатларини тўғрилаш учун келгандир. «Челси» мухлислари эса битта жиҳат - футболчининг соч турмагига эътибор қаратишди. Шу тариқа кичик «текширув» олиб борилди ва хайрлашув видеомурожаати деярли 1 ой олдин ёзиб қў­йилгани аниқланди. Қисқаси, видеолавҳа ва базада кўринган Маунтнинг соч турмаклари ўртасида осмону ерчалик фарқ бор...