Оғриқли муаммо ечими

Оғриқли муаммо ечими

Миллий жамоамизнинг ЖЧ финал босқичига йўлланма ололмаётгани - мамлакатимиз футбол жамоатчилигининг энг оғриқли нуқтаси.

Шу муаммога ҳозиргача аниқ ечим топилмаётган ва кўпчилик халоскор йўл топиш устида бош қотираётганди. Кимдир жаҳон форумига чиқолмаслик сабабини миллий чемпионат савиясидан қидирса, бошқа биров буни мураббийлар маҳорати ёки футболчилар авантюраси билан боғлайди. Умуман олганда, бу мавзуда жуда кўп ёзилган, аммо  миллий жамоамизнинг мундиалга боролмаётганлиги бобида якдил хулоса айтилмаган, барчани қониқтирувчи жўя­ли сабаб кўрсатилмаган ҳали-ҳануз...

Албатта, олий мақсадга эришолмаслик мавзусида бош қотирганлар ёки ўз мулоҳазаларини билдирганлар билан баҳслашиш фикридан йироқмиз. Фақат ўз ўрнида таъкидлашни истардикки,  ЖЧ саралаши тарихида уч олтин авлодни бой берган футболимизни ҳамиша бир муаммо қийнаган, бизнингча. Назаримизда, бу - рақиб босими остида довдираш, тангликдан қутулиш йўлини тополмаслик ва мавжуд юқори потенциалдан фойдаланолмаслик изтироби. Эътибор бергандирсиз, ўтган шанба оқшоми Намангандаги ажойиб футбол муҳити аро 1:0 ҳисобида ғалаба қозонаётган бош жамоамиз бир дам нафақат мухлислар, ҳаттоки Сречко Катанецнинг ҳам эсхонасини чиқариб юборди. Яъни Мальдив ороллари термаси қарши ҳужумда гол уриш имконига эга бўлди. Гап 4:0 ҳисобидаги йирик ғалаба ва бу ютуқ стадионга тушган мухлисларга зўр кайфият улашганида эмас.  Барчаси учун жамоамизга раҳмат. Футболчилар ғалаба қозониш шарт саналган иккинчи ўйинда ҳам вазифани уддалашди. Бизни эса бу ўринда савия жиҳатидан ўта кучсиз рақибнинг қарши ҳужумда ҳимоя чизиғимизни довдиратиб қўйгани қизиқтирмоқда. Бундай бўлмаслиги керак эди, бироқ шундай ҳолат рўй берди. Футболимиз узоқ йиллар шу «қора босим»дан изтироб чекди ва мундиал йўлланмасига эга чиқолмади. Афсуски, бош жамоамиз муҳитида ҳамон шу иллат кезиб юрибди.

Муҳтарам мухлис! Йўқ, бу мулоҳазаларни тушкунлик ва умидсизлик меваси сифатида ёзмадик. Ҳаммаси - ўжар  факт, шунчаки. Кун келиб, бош жамоамиз тилга олинган «қора босим»дан холи бўлишига ишончимиз комил. Хўш, шундай ишонч асоси қаерда? Сезиб турганингиздек, асос пойдевори - олимпия термаси! Айнан шанба оқшоми бу жамоамиз ҳам майдонга тушди. Бош жамоамиз ўйинидан фарқли ўлароқ, U-23 тоифасида ироқликларга қарши кечган баҳсни бутун мамлакат ҳаяжон остида кузатди ва тонгга қадар янги Ўзбекистон авлоди кўзларига уйқу инмади. Терма жамоаларимиз ва клубларимизни халқаро учрашувлар чоғи мушкул аҳволга солиб қўйган вазият олимпиячиларимиз бошига ҳам тушди. Табиийки, Темур Кападзе шогирдларининг ўйин аввалидаёқ бир киши кам бўлиб қолишгани майдондаги йигитлар зиммаларига жуда оғир масъулият юклади. Айни шундай юк узоқ йиллар барча терма жамоаларимиз йўлида тўғаноқ бўлди. Айрим истисноларни ҳисобга олмаганда, терма жамоаларимиз бундай масъулият юкини кўтаролмаган шу пайтгача. Бошқача айтганда, оғир юк туфайли юзага келган босим терма жамоаларимиз олдига тўсиқ қўйган, рақиблар фойдасига ишлаган. 

Футболчиларимиз ЖЧ-2022 саралаш босқичида саудияликларга икки марта, фаластинликларга бир марта ютқазишди. Аламлиси, ғалаба қозониш имкони бор вазиятларда мағлубликни тан олишди. Ҳолбуки, бош жамоамиз Фаластин термасини сафарда, Саудия Арабистони дружинасини ўз майдонида енгишга қодир эди. Футболни оз-моз тушунадиган ҳар бир киши борки, буни яхши билади. Қарангки, барчага маълум ҳақиқат шу пайтгача рўёбга чиқмади. Ҳаммасига айбдор - ўша «қора босим»! Футболчиларимиз шу босим туфайли ўз даражаларидан юқори бўлмаган рақибларига ютқазиб юришди шу пайтгача! Дадил айтамизки, энди бундай бўлмайди. Ироқ олимпия термасига қарши кечган мураккаб ўйин ва унда рўй берган оғир вазият шуни кўрсатдики, Темур Кападзе босимдан чўчимайдиган, рақибга қарши қўрқмай эрта прессинг қўллайдиган, кутилмаган вазиятларда довдираб қолмайдиган жасоратли авлодни шакллантирмоқда. Демак, футболимиздаги оғриқли муаммонинг ечими ва давоси - олимпия термаси қўлида. Ўйлаймизки, яқин келажакда бу жамоа ўзига юклатиладиган улкан миссияни шараф билан уддалайди. Олдинда ярим финал учрашуви! Араб футболи босимидан чўчимайдиган даражага борган Темур Кападзе шогирдлари энди Япония термаси синовидан ўтишади. Жанубий кореялик ёшлар «самурайлар»га жиддий қаршилик кўрсатишолмади. 0:3 - Жанубий Корея олимпия жамоаси учун шармандали ҳисоб. Умид қиламизки, Темур Кападзега хос янгича футбол тафаккури японча тезкор ўйлаш ва ўйнашдан устун чиқади! Келинг, синов учун босим юкламаймиз: у устун чиқиши шарт!

Мулоҳазаларимиз якунида Темур Кападзега ёзилган шеърий хатни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Хат муаллифи - Ғуломжон Ҳамидов.

 

Темур Кападзега эслатма

Футбол дунёсига мухлис аҳли ёр,

Ҳуштак чалинмаса бўларми ўйин?!

Ғалаба ёнида олқиш-қарсак бор,

Енгилса сўз бермас, эгмайди бўйин!

 

Яна метроларда одамлар тирбанд,

Мухлислар дарёси ўзанга қайтди.

Гўё болакайга берилди бир қанд,

Энг қийин паллада сўзини айтди.

 

Яшил либосларда мўйловин тараб,

Рақиб келмиш қадим Боғдод - Ироқдан.

Ёшлар жамоамиз корига яраб,

Мухлислар олқиши тошди қирғоқдан.

 

Ўрмонга ўт тушса ёнар ҳўл-қуруқ,

Ноўрин қилиқдан асаблар таранг.

Ўзбекнинг ёшлари қилмади қуллуқ,

Мирослав деганнинг бўлди ҳоли танг! 

 

Араб футболига тушмадик ҳеч мос,

Неъматов рақибин туртмади атай.

Норчаев, Эркинов, Жасур ё Аббос,

Порлоқ юлдузларнинг қай бирин айтай?!

 

Ёшлар ойлигининг ёғдуси бўлиб,

Тунги Тошкент узра янграр тарона.

Бир ўйин кўрдикки, кўнгиллар тўлиб,

Яна «Пахтакор»да бўлдик парвона.

 

Таъриф тугамайди - Темурга бир гап,

Кучли рақибларда бордир хавотир.

Улар ҳамласига бера олгин чап,

Ғолиблик йўлида роса бош қотир!

Муҳаммад ВАЛИ